Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси ҳамкорлигида «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш масалалари» мавзусига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Уни ишлаб чиқувчилардан бири, Қонунчилик палатасининг депутати Насимжон АЛИМОВ қуйидагиларни сўзлаб берди:
– «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш соҳасидаги устувор йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3557-сон Фармойишининг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган бўлиб, у товар хом ашё ва молиявий биржалардаги муносабатларни тартибга солишни такомиллаштиришга йўналтирилгандир.
Қонун лойиҳасининг концепциясида биржалар иқтисодий ривожланишнинг асосий вазифалари сифатида нархни шакллантириш, нарх ошкоралигини таъминлаш, нархларнинг бўлғуси ўзгаришлари тенденцияларини аниқлаш, талаб ва таклифни мувофиқлаштириш, нархлар ўзгариб туришидан суғурталаш, савдо қилинаётган активларнинг инвестициявий жозибадорлигини таъминлаш каби масалалар белгиланган. Стратегик жиҳатдан маҳаллий биржаларни замонавий биржа технологияларини ривожлантириш орқали АҚШ, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Бразилия, Ҳиндистон, Россия каби мамлакатларнинг етакчи биржалари даражасига яқинлаштириш кўзланган. Тактик жиҳатдан эса қонун қабул қилиниши билан биржа фаолияти ва биржалар иши масалаларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти жорий этилиши учун шарт-шароитлар яратилади, биржа бозори иштирокчилари, шу жумладан акциядорлар, инвесторлар ва давлатнинг манфаатлари балансига эришилади, биржа фаолияти тизимининг барча асосий элементларини, савдо, клиринг, ҳисоб-китоблар, битимлар ижроси кафолатларини ташкил этиш сифатида жаҳон стандартлари даражасида амал қилиши таъминланади.
Тадбиримиз давомида мутахассислар, олимлар ва амалиётчиларнинг «Биржалар фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликнинг концептуал масалалари», «Биржа фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасидаги ноаниқликларни бартараф этишда халқаро амалиётдан фойдаланиш», «Биржалар фаолиятини тартибга солишнинг концептуал ва илмий-назарий асослари» мавзуларидаги маърузалари тингланди. Сўзга чиқувчилар қонун лойиҳасида кўзда тутилган янгиликлар, уларнинг амалдаги қонун нормаларидан фарқли жиҳатлари, зарурияти ва кутилаётган натижалар ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Семинарда Қонунчилик палатасининг депутатлари, мутасадди вазирлик ва идораларнинг ҳамда биржалар ва банкларнинг вакиллари, мутахассис-олимлар ва экспертлар, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Маъруф УСМАНОВ ёзиб олди.