Биз микрофирмалар сирасига кирамиз ва солиқларни соддалаштирилган тизим бўйича тўлаймиз (ЯСТ – 5%). Соҳамиз – дастурий таъминот ишлаб чиқиш. Биз контрактларнинг бир неча тури – лицензиялар сотиш, дастурий таъминот етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатамиз, шунингдек дастурий таъминотимиз (маҳсулот)ни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз, бунга лицензия ва патентимиз бор.
Биз ўз дастурий маҳсулотимизни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш (кузатиш) шартномалари бўйича кўрсатган хизматлар учун ягона солиқ тўловини тўлашга оид имтиёзлар мавжудми?
– Президентнинг «Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (20.09.2013 йилдаги ПҚ-2042-сон) мувофиқ Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчилар 2017 йилнинг 1 январига қадар муддатда барча турдаги солиқлар ҳамда мажбурий ажратмалар тўлашдан, шунингдек Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технология ҳужжатлари, дастурий таъминот воситаларига бож тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинганлар.
Имтиёзлар Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестри тўғрисидаги низомда (Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, ИВ ва МВнинг АВ томонидан 26.12.2013 йилда 2541-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) қайд этилган тартибда қўлланади.
Ушбу Низомнинг 2-бандида назарда тутилишича, дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиси – ўз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқариш (ишлаб чиқиш), кузатиш (хизмат кўрсатиш), жорий қилиш ва сотиш билан боғлиқ фаолиятни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширувчи юридик шахс, Ўзбекистон Республикаси резидентидир. Шу тариқа, ўз дастурий маҳсулотини кузатиш (хизмат кўрсатиш) фаолиятига барча солиқлар ва тўловларни тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёзни қўллаш мумкин.
Солиқ имтиёзларини бериш муносабати билан бўшайдиган маблағлар мақсадли хусусиятга эга ҳамда моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга, Миллий реестрга киритилган юридик шахслар ходимлари – дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришга йўналтирилади. Мақсадга мувофиқ фойдаланилмаганда ушбу маблағлар тўлиқ ҳажмда давлат бюджетига ундирилади ва белгиланган тартибда пеня ҳисобланади.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Миллий реестрга киритилган юридик шахслар – дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари учун солиқ имтиёзларининг амал қилиши, башарти уларнинг ўзлари ишлаб чиқарган дастурий таъминот воситаларини экспорт қилиш ҳажми 2016 йил якунлари бўйича улар сотган товарлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг камида 50%ини ташкил этса, 2 йилга (2019 йилнинг 1 январигача) узайтирилади.
Ноила МУҚМИНОВА,
экспертимиз.