ХУЛОСАНИ ДИНШУНОСЛИК ЭКСПЕРТИЗАСИ БЕРАДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 20.01.2014 йилдаги 10-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом; Диний мазмундаги материалларни давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита аппаратининг тузилмаси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланишича, юқорида айтиб ўтилган фаолият фақат давлат диншунослик экспертизаси ўтказилганидан кейин амалга оширилади. Экспертизани ўтказиш учун ваколатли органга диний мазмундаги материалларда материалларнинг тўлиқ номланиши, мазмуни, муаллифи, тайёрловчиси, тайёрланган санаси ва жойи, адади ва бошқа маълумотлар давлат тилида кўрсатилган ҳолда, назорат нусхаси тақдим этилиши лозим.
Юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун диний мазмундаги материалларни (ҳар бир номланишдаги материалдан 3 нусхадан ошмаган миқдорда), агар улар тақиқланган материаллар рўйхатига киритилмаган бўлса, экспертиза ўтказилгандан кейин Ўзбекистон ҳудудига олиб киришлари мумкин. Агар материаллар олиб кирилиши тақиқланган бўлса, улар экспертиза ўтказилганидан кейин божхона органлари ёки давлат чегарасини қўриқлаш органлари томонидан мусодара қилинади. Оммавий зиёрат тадбирлари ўтказиладиган вақтда экспертизанинг бевосита божхона назорати пунктларида ўтказилиши назарда тутилган.
Юридик ва жисмоний шахслар экспертизадан ўтказилган материалларни республика ҳудудида турғун савдо шохобчалари орқали фискал хотирали назорат-касса машиналари, тўлов терминалларини қўллаш ва пул тушумларини банкка кундалик инкассация қилиб топшириш йўли билан тарқатишга ҳақлидир. Материалларни бошқа жойларда сотиш тақиқланади.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари кутубхоналари, шунингдек бошқа кутубхоналарнинг ваколатли орган хулосасини олмай туриб, хорижий ишлаб чиқарувчилардан материалларни қабул қилишлари тақиқланади.
Низом нормаларини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
Шуни эслатиб ўтамизки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1842-моддасига мувофиқ диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатиш – материалларни ва уларни тайёрлаш ҳамда тарқатиш учун тегишли воситаларни мусодара қилиб, фуқароларга ЭКИҲнинг 20 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 50 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексининг 2443-моддасига мувофиқ мазкур қоидабузарлик шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, ЭКИҲнинг 100 бараваридан 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоҳ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Диний мазмундаги материалларни давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита белгиланган. У давлат диншунослик экспертизаси хулосаларининг ягона реестри юритади. Мазкур орган йилига камида 2 марта манфаатдор вазирликлар ва идораларга Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тақиқланган материаллар рўйхатини тақдим этади.
Давлат диншунослик экспертизаси — ваколатли орган томонидан мутахассислар, экспертлар ва диний ташкилотлар вакиллари иштирокида босма нашрлар, аудиовизуал асарлар (теле-, кино– ва видеофильмлар, клиплар, концерт дастурларининг ёзмалари, мультфильмлар, аниме, хэнтай ва шу кабилар), ахборот ташувчи электрон жисмлар (дискетлар, CD, DVD дисклари, Интернет тармоғида жойлаштирилган материаллар ва шу кабилар) ва диний мазмундаги бошқа материалларни тадқиқ этиш жараёнидир.
Низомда экспертиза ўтказилиши учун мурожаат этилган кундан бошлаб 10 иш куни давомидаги муддат белгиланган. Экспертиза юридик ва жисмоний шахсларнинг ёки мамлакат манфаатдор вазирликлари ва идораларининг ёзма мурожаатлари, уларга илова қилинган тегишинча белгиланган рўйхатга киритилган ҳужжатлар асосида ўтказилади.
Экспертизани ўтказишда иштирок этувчи мутахассислар ўзлари ҳақидаги ахборотларни, шу жумладан маълумоти, илмий даражаси, иш стажи ва диншунослик соҳасидаги салоҳиятига оид бошқа ахборотни кўрсатишлари, тадқиқот жараёни, ўз хулосаларини диний қоидалар, талқинлар, қонунлар билан асослаб, батафсил тавсифлашлари ва шахсий имзолари билан тасдиқлашлари лозим.
Экспертиза натижалари мажбурий ҳисобот ҳужжати ҳисобланади ва хулоса сифатида расмийлаштирилади ҳамда индивидуал рақамга эга бўлади. Тайёрлашга тақдим этилган материал ваколатли органнинг махсус голограммаси билан тамғаланади.
ОИЛАВИЙ БИЗНЕС УЧУН ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАР
Адлия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг қарори билан тасдиқланган Шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари тўғрисидаги намунавий низомга (АВ томонидан 24.01.2014 йилда 1279-6-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Низом билан юридик шахсни ташкил этмаган оилавий тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш тартибига ва бунинг учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхатига қўшимчалар киритилди. Улар ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари керак:
юридик шахсни ташкил этмаган оилавий тадбиркорлик субъекти шаклида фаолият олиб борувчи оила аъзоларининг сурати, 3 х 4 ҳажмда, икки нусхада;
давлат божи тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;
икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари (рўйхатдан ўтаётганнинг хоҳишига кўра);
оилавий бизнес иштирокчиларининг – паспортлари ва оила аъзоларининг қариндошлик даражасини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлари нусхалари.
Инспекция рўйхатдан ўтиш ва рухсат бериш таомиллари тугаганидан кейин белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномани, шунингдек инспекция муҳри билан тасдиқланган ҳолда муҳр ва штамп эскизини бериши керак.
Илгари белгиланган вазифалари қаторида Инспекция Якка тартибдаги тадбиркорларнинг (юридик шахсни ташкил этмаган оилавий тадбиркорлик субъектлари) давлат реестрини ҳам юритиши лозим.
Инспекция тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 1 кун мобайнида расмий равишда у ҳақдаги маълумотларни оилавий тадбиркорлик субъекти жойлашган жойи бўйича солиқ органига тақдим этади.
Солиқ органлари маълумотлар олингандан сўнг 2 кун муддатда уни ҳисобга олиши, жумладан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, Бандлик жамғармасига ва Йўл жамғармасига (тегишли фондларга тўловчилар бўлган субъектлар учун) суғурта бадалларини тўловчилар сифатида ҳисобга қўйиши зарур.
Қарор «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 27.01.2014 йилдаги 4 (608)-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.
Ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристимиз
Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.