Хусусий корхонамизнинг асосий фаолияти сут маҳсулотларини қайта ишлаш ҳисобланади (ХХТУТ бўйича коди – 18221). Корхона аҳоли ва фермер хўжаликларидан хом сут (қаймоқли сут) қабул қилади. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида чекка қишлоқлардаги уйларда сут қабул қилиш шохобчалари ташкил қилинди. Бу шохобчаларнинг асосий вазифаси корхона томонидан уйларда ўрнатилган сут сақлаш қозони ва сутни таҳлил қилиш асбоби ёрдамида аҳолидан сут қабул қилишдир. Корхона хом сутни ўзининг махсус сут ташиш машиналарида ишлаб чиқариш цехига олиб келади. Қабул қилинган ҳар бир литр сут учун ходимга 50 сўмдан иш ҳақи ҳисоблаб, белгиланган солиқлар ушланганидан кейин тўлов рўйхати орқали иш ҳақи тўлаймиз. Корхонамизда ҳозирги кунда 13 нафар касаначи ишлаб келмоқда.
Президентнинг 5.01.2006 йилдаги ПФ-3706-сон Фармонига асосан касаначиларга ҳисобланган иш ҳақидан 25%лик ягона ижтимоий тўловга доир имтиёздан фойдаланиб келмоқдамиз. Шу тўғрими?
У.Шарипов,
«Тилло Домор» хусусий корхонаси директори.
Урганч тумани.
– Касаначиликнинг ўзи нима ва бу фаолият билан кимлар шуғуллана олади деган саволга жавоб берсак, сизнинг вазиятингизга ўз-ўзидан аниқлик киритилади деб ўйлаймиз.
Маълумки, Касаначилик тўғрисидаги низомга (ВМнинг 11.01.2006 йилдаги 4-сон қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда – Низом) кўра, касаначилик бу тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ жисмоний шахс – касаначининг яшаш жойида ёки унга ёхуд унинг оила аъзоларига тегишли бўлган бошқа биноларда иш берувчининг буюртмаларига кўра товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш бўйича касаначи томонидан амалга оширилаётган ишдир.
Иш берувчи – юридик шахс касаначи билан тузилган меҳнат шартномасига мувофиқ унинг учун ишлаб чиқариш биносини белгилаши, уни асбоб-ускуналар, жиҳозлар, материаллар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва бошқа ишлаб чиқариш воситалари билан таъминлаши, бажарилган ишни қабул қилиб олиши ва унга ҳақ тўлаши керак (Низомнинг 3-банди).
Меҳнат шартномасига мувофиқ касаначиликни бажариш учун касаначи ўз яшаш жойида зарур биноларга, шу жумладан, турар жой биносига, ишни бажариш учун амалий кўникмаларга эга бўлиши ёхуд малакага ўқитилиши шарти билан касаначиликни ташкил этишга йўл қўйилади. Қолаверса, касаначилик амалга ошириладиган турар жой биноларини нотурар жой бинолар тоифасига ўтказиш талаб қилинмайди (Низомнинг 4-банди).
Касаначининг қонун ҳужжатларида белгиланган фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга лицензия олишни талаб қиладиган, шунингдек уйда қувватли, энергияни кўп талаб қиладиган ва техник асбоб-ускуналардан, шунингдек уй шароитларида назорат қилиб бўлмайдиган махсус техника хавфсизлигига риоя этишни талаб этадиган хавфли кимёвий компонентлардан фойдаланиб ишларни бажаришига (хизматлар кўрсатишига) ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришига (хизматлар кўрсатишига) йўл қўйилмайди (Низомнинг 6-банди).
Шуни билиш лозимки, касаначилик шароитларида фойдаланиш мумкин бўлмаган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва маҳсулотлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши ҳам назарда тутилган бўлиб, ушбу рўйхат Корхоналарнинг буюртмалари бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун касаначиларга асбоб-ускуналар ва анжомлар бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 1.07.2008 йилдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган) 1-иловасида белгиланган.
Буюртмага мувофиқ бажарилган маҳсулотларни иш берувчи томонидан қабул қилиб олиш, қоидага кўра, касаначининг ишларни бажарган жойида амалга оширилади.
Қабул қилиб олиш вақтида маҳсулотларни топшириш-қабул қилиб олиш далолатномаси тузилади, унда ишлаб чиқарилган маҳсулот (буюмлар, хизматлар)нинг миқдори, иш берувчи томонидан буюмлар (маҳсулотлар, хизматлар)нинг сифат стандартларига қўйиладиган талабларга мувофиқ сифати кўрсатилади (Низомнинг 23-банди).
Низомда касаначилар меҳнатидан фойдаланадиган иш берувчиларга бериладиган имтиёзлар келтирилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
иш берувчининг буюртмаси юзасидан тузилган шартнома бўйича ишларни бажариш учун касаначига текин фойдаланиш учун корхона томонидан берилган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва инвентарлар фойдаланиш даврида мол-мулк солиғи тўловидан озод қилинади (Низомнинг 47-банди).
Президентнинг 5.01.2006 йилдаги «Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-3706-сон Фармони 3-бандига мувофиқ, товарлар (ишлар ва хизматлар) ишлаб чиқариш бўйича касаначиларга буюртма берадиган корхоналар 2006 йилнинг 1 февралидан бошлаб 2019 йилнинг 1 январигача, меҳнат шартномаси асосида касаначиларга тўланадиган маблағларга тенг миқдорда, меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод қилинган.
Шу билан бирга, иш берувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиш ҳажмидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмаларни амалга оширади. Иш берувчи томонидан касаначилар меҳнатига ҳақ тўлаш жамғармасининг алоҳида ҳисоби юритилади ва ягона ижтимоий тўлов ҳисоб-китоблари билан бирга давлат солиқ хизматига тегишли маълумотнома тақдим этилади (Низомнинг 49-банди).
Демак, юқоридагилардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, корхонангизнинг сутнинг сифатини тегишли асбоб-ускуналарда текшириб аҳолидан қабул қилиш ва унга ишлов бериш учун олиб кетиш вақтига қадар айниб қолмаслиги учун махсус қозонда сақлаш хизмати кўрсатиш орқали жисмоний шахсларнинг ушбу ҳаракатларни ўз уйларида амалга оширишларини ташкиллаштиришига касаначилик шароитида ишни ташкил қилиш деб қаралади. Ушбу фаолият касаначилик шароитларида назорат қилиниши мумкин бўлмаган хавфли кимёвий компонентлар рўйхатида келтирилмаган. Шундан келиб чиқиб, сиз белгиланган имтиёзлардан, яъни иш ҳақидан ҳисобланадиган 25%лик ягона ижтимоий тўловга доир берилган имтиёздан фойдалана оласиз.
Жавоб «Soliq Kalkulyatori» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти томонидан тайёрланди.