Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 51 / Қонунчиликдаги янгиликлар

2014 йилда мамлакатимиз солиқ сиёсати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат сўнгги бир неча ҳафта мобайнида мамлакатимизнинг 2014 йил учун бюджети ва Ўзбекистон солиқ тизимини янада ривожлантиришга қаратилган қатор қонун ҳужжатларини кўриб чиқди ва қабул қилди. Ушбу муҳим ҳужжатлар асосида ётувчи солиқ сиёсати 2014 йилда хўжалик субъектларига солиқ юкини янада пасайтиришга, кичик ва хусусий бизнесни ривожлантиришни рағбатлантиришга, фуқароларнинг даромадларини оширишга ва уларнинг харид қилиш қобилиятини кўтаришга, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва такомиллаштиришга йўналтирилган.

 

ЮРИДИК ШАХСЛАРНИ НИМАЛАР КУТМОЈДА

2014 йилда фойда солиғининг базавий став­касини 9%дан 8%га пасайтириш назарда ту­тилмоқда. Бу йирик корхоналарга солиқ юкини пасайтиради, уларга моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва меҳнатни рағбатлантириш учун қўшимча манбаларни яратади. Базавий ставканинг пасайтирилиши мазкур тоифадаги солиқ тўловчиларнинг 130 млрд сўм сақлаб қолиш имкониятини беради.

Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ставкасини амалда­ги даражада – соф фойдадан 8% миқдорида сақ­лаб қолиш кутилаётир. Бунда солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайдиган бюджетдан суб­сидиялар, текин олинган маблағлар, суғурта қопламасини чиқариб ташлаш йўли билан ушбу солиқ ва фойда солиғининг солиқ солиш базасини ҳисоб-китоб қилишни бирхиллаштириш назарда тутилмоқда.

Хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари учун пластик карточкаларини қўллаган ҳолда тўлаш билан кўрсатилган хизматлар ҳажми бўйича фойда солиғи ва ЯСТ ставкаларининг пасайтирилиши 2014 йилда 5% (жорий йилда – 10%) миқдорида бўлиши назарда тутилмоқда. Қатор йиллар давомида амал қилган имтиёзлар ўз натижаларини кўрсатди – бугунги кунда деярли барча жойларда аҳолига кўрсатилаётган хизматларга тўлов плас­тик карточкалар билан амалга оширилмоқда. Масалан, чакана тармоқ ва умумий овқатланиш соҳасида пластик карталарни қўллаган ҳолда амалга оширилган товар айланмаси 2008 йилдаги 20%га нисбатан 2012 йилда 50%дан ошди.

Бир қатор солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича амалдаги ставкаларни сақлаб қолиш режа­лаштирилмоқда – қўшилган қиймат солиғи (20%), ЯИТ (25%), Давлат мақсадли жам­ғармалари ҳам­да Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконст­рукция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар бўйича.

Акциз солиғининг айрим ставкаларини (алкоголь ичимликлар, пиво, спирт, тамаки маҳсулотлари ва бошқалар) ўртача 5-25%га индексациялаш на­зарда тутилган.

Мол-мулк солиғини ҳи­соблашдаги ўзгарти­риш­лар йирик кор­хоналарни модерни­за­ция қи­лиш ва техник қайта қу­роллантиришга рағ­бат­лан­тиради. 2014 йилда ушбу со­лиқнинг солиқ солиш базаси фойдаланиш муддати 10 йилдан ошмайдиган асбоб-уску­наларнинг қийматига камайтирилади. Бунда бюджетга даромадлар тушмас­ли­гини қисман компенсациялаш мақ­садида мол-мулк солиғи ставкаси 3,5%дан 4%га кўтарилади, солиқ солиш базасига корхоналар балансида бўлган уй-жой фонди объектлари қиймати киритилади.

2014 йилда бюджетнинг даромад қис­мини шакллантиришда ресурс солиқла­ри янада катта аҳамиятга эга бўлади. Бунинг учун, биринчидан, амалдаги ер солиғи ставкаларини 20%га индексациялаш назарда тутилади. Шу билан бир вақтда ҳудудий зоналаш (амалдаги 14 та зона ўрнига 5 та зонани ўрнатиш) қайта кўриб чиқилиши ҳисобига Тошкент шаҳрида зоналаш бўйича ер солиғи ставкалари бирхиллаштирилади. Ҳудудий зоналашнинг асосий мезонларидан бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

– зоналарнинг марказдан узоқлашув даражаси;

– экологик вазият (газ билан ифлосланганлик даражаси, шамол йўналиши ва бошқалар);

– транспорт коммуникацияларининг ривожланиш даражаси;

– ижтимоий инфратузилманинг (бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, маданият ва спорт ташкилотлари) мавжудлиги.

Иккинчидан, сув ресурсларидан фой­да­ланганлик учун солиқнинг амалдаги ставкалари 20%га индексацияланади.

Ушбу солиқлар ставкаларини индексациялаш ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарасини оширишга ёрдам беради.

Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқа­рувчилари томонидан тўланадиган яго­на ер солиғига келсак, амалдаги став­ка (қишлоқ хўжалиги ерларининг нор­матив қийматидан 6%) 2014 йилда сақлаб қолинади. Улар учун яна бир яхши янгилик – бу давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар­нинг бекор қили­ниши бўлди.

Қабул қилинган ҳужжатларда ягона солиқ тўловининг амалдаги ставкаларини сақлаб қолиш назарда тутилаётир. Микрофирма ва кичик корхоналарнинг солиқ юки (солиқларнинг тушумга нисбати) умумбелгиланган солиқларни тўлов­чи корхоналарнинг солиқ юкидан 2 баравардан ортиқ кам бўлишига қарамай, шундай қилинди.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР УЧУН ЯНГИЛИКЛАР

Умуман олганда, жисмоний шахс­ларнинг даромадларига солиқ юки 2014 йилда сақлаб қолинади. Бир томондан, жисмоний шахслар даромадларининг солиқ солиш шкаласининг минимал ставкаси 8%дан 7,5%га пасай­тирилади. Бошқа томондан, фуқароларнинг суғурта бадаллари ставкаси 0,5 фоиз бандга кўтарилади – 2014 йилда у 6,5%ни ташкил этиб, Пенсия жамғармасининг даромад базасини оширади.

Ҳозирда энг кам солиқ солинадиган даромадни аниқлаш учун жисмоний шахс­лар томонидан фақат турар жойларни ижарага беришда ижара тўловларининг базавий миқдорлари амал қилмоқда. Солиқ базасини кенгайтириш мақсадида ушбу амалиёт фуқаролар томонидан нотурар жойларни ижарага беришда ҳам татбиқ этиладиган бўлди. Нотурар жой ижарага берилганда ижара тўловининг энг кам миқдори турар жойни ижарага бергандагига нисбатан 2 баравар юқори ўрнатилади.

Автотранспорт воситаларини ижарага беришнинг энг кам ставкаларини белгилаш ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Улар автотранспорт воситаси туридан келиб чиқиб, ҳар бир бирликка белгиланади. Масалан, енгил автомобиллар учун ижаранинг энг кам ставкаси бир ойга 220,0 минг сўмни, бошқа автотранспорт воситалари (микроавтобуслар, автобуслар, юк автомобиллари) учун 430,0 минг сўмни ташкил этади.

Жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ставкалари 2014 йилда тегишли равишда 20% ва 15%га индексация қилинади. Бунда шаҳарларда яшовчилар учун квартира ва уйларнинг майдонларидан келиб чиқиб оширилган ставкалар сақлаб қолинади.

СОЛИҚ МАЪМУРИЯТЧИЛИГИДАГИ ЎЗГАРТИРИШЛАР

Солиқ маъмуриятчилигини такомил­лаштириш доирасида 2014 йилда қуйи­дагилар назарда тутилади:

1. Тадбиркорлик субъектларининг баъ­зи солиқ ҳуқуқбузарликлари учун жа­воб­гарликни янада эркинлаштириш. Ҳозирда товарлар (ишлар, хизматлар) реализациясидан тушумни яшириш (пасайтириш) аниқланганда тадбиркор яширилган (пасайтирилган) тушум суммасининг миқдорида жарима тўлайди. Амалиётнинг кўрсатишича, бу, бир томондан, корхоналарнинг банкротлигига, бошқа томондан эса ҳисобланган жаримани тўлай олмаслик ҳамда сўндирилмаган боқимонда қарзининг ҳосил бўлишига олиб келади. 2014 йилдан бошлаб яширилган (пасайтирилган) тушумлар суммасига қо­нун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисобланган ҳолда жарима суммасини яширилган (пасайтирилган) тушумнинг 20%игача тушириш таклиф қилинмоқда. Бу жарималар қўллангандан кейин корхоналарнинг асосланмаган банкротлигини олдини олишга, сўндирилмаган боқимондалар ҳажмининг пасайишига ёрдам беради.

 2. Агар бу маблағлар ҳуқуқни муҳо­фаза қилувчи органларга тўланган бўлса, жиноят иши доирасида текширув натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар суммаларини мажбурий ундириш чораларини қўлламаслик. Ҳозирги вақтда ҳисобланган жарима санкциялари тўлови ҳисобига ва жиноят иши доирасида текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисоблаш маблағлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг депозит ҳисобварақларига келиб тушади. Солиқ органлари қўшимча ҳисобланган суммалар ҳақиқатда тўланганлиги ҳа­қида ахборотга эга бўлмайдилар ва қонун ҳужжатларига мувофиқ уларни давлат бюджетига тўланмаган суммалар сифатида ундириш чораларини кў­радилар. Бунинг натижасида корхо­на бир кўринишдаги маблағни икки марта тўлайди. 2014 йилдан бошлаб ушбу муаммо бартараф этилади – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар депозит ҳисобварақларига жиноят иши доирасидаги текширувлар натижала­ри бўйича ўтказиладиган қўшимча ҳисоб­ланган солиқлар суммасига пенялар ҳисобланмайди, мажбурий ундирув чоралари ҳам кўрилмайди.

3. Бугунги кунда икки томонлама солиқ солмаслик тўғрисидаги битимлар меъёрлари ДСҚ томонидан норезидентнинг ун­га нисбатан халқаро шартнома меъёр­ларини қўллаш тўғрисидаги аризаси тас­диқлангандан кейингина қўлланилади. Тасдиқланган ариза солиқ агенти учун фойда солиғи суммасини пасайтириш ёхуд солиқни тўлашдан озод этишга асос бўлиб ҳисобланади. ДСҚ томонидан тасдиқланган ариза мавжуд бўлмаган тақдирда солиқ агенти халқаро шартнома мавжуд бўлишига қарамай, даромад солиғини тўлашда уни ушлаб қолиши керак.

Бу масалани ҳал этиш учун норезидентларга айрим турдаги даромадларни (дивидендларни, фоизларни, роялти) тўловчи юридик шахсларга 2014 йилдан бошлаб хорижий шерик резидентлигини тасдиқловчи норезидент томонидан тақдим этилган ҳужжат асосида халқаро шартнома меъёрларини мустақил равишда қўллаш ҳуқуқи берилади. Бу халқаро амалиётга тўлиқ мос келади ва солиқ маъмуриятчилигини ҳамда халқаро шартномаларни қўллаш тартиб-таомилларини соддалаштиришга ёрдам беради.

4. Хорижий шахслар ўртасида Ўзбе­кистон Республикаси юридик шахслари устав капиталидаги акцияларни (улушларни), шунингдек кўчмас мулкни реализация қилиш бўйича битимни амалга оширишда даромад юзага келади, унинг ҳосил бўлиш манбаи бўлиб Ўзбекистон Республикаси ҳисобланади. Тегишли тарзда мазкур даромадга манбасидан қатъи назар, солиқ солиниши керак. 2014 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларининг устав капиталидаги акциялар (улушлар) реализацияси натижасида олинган қиймат ўсишидан даромадлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган, хорижий юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулкка Ўзбекистон Республикасида солиқ солинади.

Равиль САБИРЖАНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси.

Прочитано: 5233 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2013-12-25 10:03:55, Гость_ff:
Считаю, что увеличение налогового бремени приводит к налоговому скрытию доходов

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика