Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 50 / Биз яшайдиган уй

Пулимизга чечак чиқмаган - лифт ишламаяпти

16 қаватли уйда яшайман. Лифт ишламаслиги биз учун одатий манзара бўлиб қолди. Бу аслида кўникиб бўлмайдиган ҳол, юқори қаватларда яшайдиганлар учун уни кулфат деса ҳам бўлади. Айниқса кексалар, ёш болали қўшниларим жуда-жуда қийналишади. Лифтлар нега ишламаяпти деган саволимизга ширкатдагилар ҳамиша сабаб топишади. Бир гал двигатель ёниб кетган бўлади, бошқа сафар хизмат кўрсатадиган одам бўлмайди, баъзан симни ўғирлаб кетишган бўлади, гоҳо пул йўқлигини рўкач қилишади. Уйимиздаги лифтларни ишлатиш билан бутунлай бегона, чет киши шуғулланиб келганлигини яқиндагина билиб қолдик. Афтидан, ширкат шу йўл билан пулни тежамоқчи бўлган. Аммо лифт деганлари, профессионал ёндашувни талаб этадиган, жуда мураккаб ускуна. Шундай экан, уни қанақа қилиб тасодифий одамларга ишониш мумкин? Гап ахир одамларнинг хавфсизлиги ҳақида бормоқда – озгина эҳтиётсизлик кўнгилсизлик ва ҳатто кулфат келтириб чиқариши мумкин. Лифтлар соз ишлаб туриши учун нима қилиш керак? ХУМШ раҳбарлари бу ҳақда тузукроқ ғамхўрлик қилиши учун нималар қилса бўлади?

И.Макеев.

Тошкент шаҳри.

 

 

 

 

        – Лифтлар кўп квартирали уйдаги жой мулкдорларининг умумий мулкидир. Уларга хизмат кўрсатиш тўлови умумий мол-мулкни сақлашга қаратилган мажбурий бадал таркибида назарда тутилган. Шу сабабли ҳам уй аҳли кўтаргичлар соз ишлашини талаб қилишга ҳақли. Ўз уйларидаги лифт хўжалиги кимларга ишониб бериб қўйилганлигига ширкат аъзолари бефарқ бўлмасалар, кўтаргичларга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар танловига таъсир ўтказа оладилар. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг (12.04.2006 йилдаги ЎРҚ-32-сон) 19-моддаси билан уларга умумий мол-мулкни бошқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш усулини танлашни умумий йиғилишда тасдиқлаш ҳуқуқи берилган.

Лифтларга хизмат кўрсатиш фаолиятнинг лицензияланадиган тури ҳисобланади. Негаки, ўртада одамларнинг хавфсизлиги масаласи бор. Шу сабабли ҳам кўтаргични ёт, нотаниш кишиларга ишониб қўйиш катта таваккалчилик негизидаги масъу­лиятсизликдир. Бу нарса олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Пулни тежаш мақсадида бу ишга тасодифий одамларни жалб этиш ўзига ўзи чоҳ қазиш билан баробар. Мабодо бунда фавқулодда ҳодиса рўй бергудек бўлса, жавоб берадиган одам бўлмайди. Негаки, лифтларни таъмирлаш бўйича ширкатга бир марталик хизматлар кўрсатаётган одамлар билан шартнома тузилмаган. Пировардида эса бунақа, оқибатини ўйламай қилинган иш учун ХУМШ раҳбарлари жавоб беришига тўғри келади.

Бугунги кунда хизматлар бозорида етарлича профессионал ташкилотлар фаолият олиб бормоқда, лифтларга хизмат кўрсатиш юзасидан улар билан бемалол шартнома тузиш мумкин. Шартнома, энг аввало, тарафларнинг масъуллиги, жавобгарлиги ва мажбуриятдорлигидир. Шартномада тадбиркорлар ширкатга кўрсатиши мумкин бўлган ишлар рўйхати қайд этиб ўтилади. Улар таъмирлаш ва тиклаш ишларини амалга оширадилар: бутловчи ва эҳтиёт қисмлари бор, лифт бузилиб қолган тақдирда, мутахассислар носозликни тезда бартараф этишлари мумкин. Механиклар профилактика мақсадида лифтларни мунтазам равишда кўздан кечириб турадилар, ўз фикр-мулоҳазаларини дафтарга қайд этиб борадилар.

Лифтлар, одатда, молиявий жи­ҳатдан ночор ширкатларда ишламайди. Қарздорлари кўп, одамлар йиллаб бадаллар тўламайдиган, аммо ширкатдан иш талаб қиладиган жойларда ҳам лифтлар ишламайди. Бунақа уйларда ХУМШда ихтисослашти­рилган компания билан шартнома тузиш учун маблағ ҳам йўқ, натижада арзонгаров дея тайинсиз одамлар­ни ҳам ишга ёллайверадилар.

Муаммонинг бошқа бир жиҳати ҳам бор. Ширкат лифтларга хизмат кўрсатиш юзасидан бошқарувчи компания билан шартнома тузди дейлик. Лекин мажбурий бадаллар бўйича қарздорлик катта бўлгани боис у компанияга кўрсатган хизмати учун ҳақ тўлай олмайди. Оқибатда бошқарувчи компания кўтаргичларни тўхтатиб қўяди. Одамлар ширкат устидан, бошқарувчи компания уқувсизлигидан турли жойларга шикоят ёзишга тушадилар. Ҳолбуки, лифтлар уларнинг ўз айби билан тўхтаб турибди – уй аҳллари тўламаган қарзлар ширкат ишини фалаж қилиб қўйган.

Кўп қаватли уйда лифт хўжалиги тўхтатиб қўйилмаслиги, соз ҳолатда, бут сақланиши ва яхши ишлаб туриши одамларнинг ўзига, уларнинг тўлов интизомига боғлиқдир. Кўтаргичларга нотаниш шахслар жалб этилмаса, ускуналарни ўғирлаш ҳоллари ҳам асосан барҳам топади. Уй йўлакларининг эшигига кодли қулфлар ўрнатишни ҳам ўйлаш керак. Шунда бегоналарнинг лифтда сайр қилиб юриши барҳам топади, қолаверса электр энергияси ҳам анчагина тежалади.

 

Прочитано: 2393 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика