Norma.uz

Давлат корхоналари Палата аъзоси бўла оладими?

 

Бизни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига қандай ташкилотлар аъзо бўла олиши масаласи қизиқтиради.

«Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги 712-II-сон Қонуннинг 9-моддасига асосан Ўзбекистоннинг тадбиркорлик фаолияти субъектлари, уларнинг бирлашмалари, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун тузилган бошқа ташкилотлар Палата аъзоси бўлиши мумкин.

Лекин амалиётда қонун ҳужжатларига кўра Савдо-саноат палатасига аъзо бўлиши мумкин бўлмаган, тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳисобланмайдиган, 100 фоиз давлат улушига эга бўлган давлат ва давлат унитар корхоналари аъзо қилиниб, уларнинг манфаатида тадбиркорлик фаолияти субъектларига қарши судларга даъво аризалари киритилмоқда.

Палата ходимлари юқоридаги Қонунда давлат ва давлат унитар корхонаси Савдо-саноат палатасига аъзо бўлиши мумкин эмаслиги кўрсатилмаганлиги, шунинг учун ҳам давлат корхоналари Палатага аъзо қилиниши мумкинлигини важ қилишмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Савдо-саноат палатасига фақат тадбиркорлик фаолияти субъектлари аъзо бўлиши мумкинми ёки давлат унитар корхоналари ва 100 фоиз давлат улушига эга бўлган бошқа корхоналар ҳам аъзо қилиниши мумкин-мумкин эмаслигини сўрамоқчи эдик.

В.Л.Муҳитдинов,

«Макон сервис центр» ХК муассиси.

 

Ҳа, давлат унитар корхоналари ва устав фондида давлат улуши (100 фоиз ёки ундан кам) бўлган хўжалик жамиятлари ҳам бошқа тадбиркорлик субъектлари билан бир қаторда Савдо-саноат палатасига (бундан кейинПалата) аъзо бўлишлари мумкин. Ҳақиқатан ҳам «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Қонуни 9-моддасининг 1-қисмига биноан Ўзбекистоннинг тадбиркорлик фаолияти субъектлари, уларнинг бирлашмалари, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун тузилган бошқа ташкилотлар Палата аъзоси бўлиши мумкин.

Шуни назарда тутиш керакки, давлат корхонаси деганда давлат бошқарув органи ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан таъсис этилган унитар корхона шаклидаги тижорат ташкилоти тушунилади (16.10.2006 йилдаги 215-сон ВМҚга илова, 2-банднинг 2 ва 3-хатбошилари).

Модомики, давлат унитар корхонаси тижорат ташкилоти (фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олган) экан, у шу билан бирга тадбиркорлик субъекти ҳисобланади.

Бундан ташқари, давлат айрим бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги корхоналарда иштирок этишга (акцияларга, устав фондидаги улушга ёки ҳиссаларга эга бўлишга) ҳақлидир. Масалан, бундай корхоналар хўжалик жамиятлари («Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун 12-моддаси 2-бандининг 1 ва 4-хатбошилари), аниқроғи масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият ва/ёки акциядорлик жамияти бўлиши мумкин (ФК 59-моддасининг 2-қисми). Ушбу жамиятлар давлат унитар корхоналари каби тижорат ташкилотлари бўла туриб (ФК 40-моддасининг 2-қисми), тадбиркорлик субъектлари деб ҳисобланади.

Бинобарин, тадбиркорлик субъектлари бўлиб ҳисобланган давлат унитар корхоналари ва устав фондида давлат улуши (акциялар, улушлар) бўлган жамиятлар Палатага аъзо бўлишга ҳақлидир.

Шу билан бирга, бирон-бир қонун ҳужжатида давлат унитар корхонасининг тадбиркорлик фаолияти субъектларига кириши тўғридан-тўғри кўрсатилмаганлиги, бу билан айрим шахсларда ушбу материалимизда кўриб чиқилган масалани тушунишда қийинчиликлар вужудга келишини ҳисобга олиб, фикримизча, ушбу ҳолатни тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатга (дейлик, 16.10.2006 йилдаги 215-сон ВМҚга иловага) зарур қўшимча киритиш йўли билан бартараф этиш мақсадга мувофиқдир.

 

Камол Музаффаров,

«Norma Online»

етакчи эксперти.

Прочитано: 1686 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика