Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари хизматлари жамиятимизнинг барча жабҳаларига шиддат билан кириб келмоқда. Уларнинг жорий этилиши туфайли иш юритиш маданиятининг электрон кўриниши шаклланмоқда, масофалар қисқариб, вақт тежалмоқда, ишимизда иқтисодий самара ошмоқда. Мамлакатимизда замонавий ахборот технологиялари асосида янги турдаги банк хизматларини кўрсатиш, электрон тижорат, электрон тўловлар тизими ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар самарадорлигини ошириш учун кенг шарт-шароитлар яратилмоқда.
Хусусан, 100 дан зиёд савдо майдончалари ва 700 дан ортиқ брокерлик идоралари мижозларга биржа хизматларини кўрсатмоқда. Электрон савдолар Интернет орқали реал вақт режимида олиб борилиб, 20 мингдан ортиқ бюджет ташкилотлари давлат харидлари бўйича, 2 мингдан зиёд табиий монополиялар субъектлари фаолият юритмоқда.
Ўтган давр мобайнида мамлакат парламенти томонидан ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, жамиятни ахборотлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон банк тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни тартибга солувчи «Ахборотлаштириш тўғрисида», «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонунлар, ахборотнинг электрон шакли ривожига кенг йўл очиб берувчи «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги, «Электрон тижорат тўғрисида»ги, «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги, «Электрон тўловлар тўғрисида»ги, «Автоматлаштирилган банк тизимида ахборот ҳимояси тўғрисида»ги ва «Ахборотлаштириш ва маълумотларни узатиш соҳасида содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар, Президентимиз ва ҳукуматнинг бир қатор қарорлари бу борадаги ислоҳотларни амалга оширишнинг пойдевори бўлиб келмоқда.
Бугун дунёда банк пластик карточкалари орқали нақдсиз электрон тўловлар замонавий пул айланмасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Пул айланмасида пластик карточкалардан фойдаланиш нақд пулга бўлган талабни камайтиради, улар айланишини тезлаштиради, шунингдек пул массаси назорат қилинишини соддалаштиради. Бугун республика аҳолиси электрон тўлов ва тижорат тизимининг афзалликлари ҳақида етарлича тасаввурга эга. Унинг ёрдамида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги тўлов операциялари тезкор бажарилади, буюртмачи ва маҳсулот етказиб берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик сифатли амалга оширилади. Қолаверса, тадбиркорларимиз замонавий ахборот технологиялари хизматларига эга бўлиб, сайёрамизнинг исталган давлатидан ўзларига ҳамкорлар топиши, маҳсулот ва хизматларини жаҳон бозорига олиб чиқишлари учун янги уфқлар очилади.
Парламент томонидан қабул қилинган «Электрон тўловлар тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши электрон тўловлар тизимини янги босқичга кўтарди: бугунги кунга келиб тўловлар бир неча сонияларда амалга оширилмоқда, электрон тўловлар тизими орқали бир кунда бир неча миллиард сўм миқдоридаги 50 мингга яқин тўлов ҳужжатлари ўтмоқда.
Шу билан бир қаторда пластик карточкалар орқали ҳисоб-китоб қилишни жорий этиш нақд пулнинг банкдан ташқари муомаласини қисқартиришга, нақд пул эмиссиясини камайтириш ва аҳоли қўлидаги бўш пул маблағларини иқтисодиётга жалб этишга имкон бермоқда.
«Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши мазкур соҳанинг миллий иқтисодиётда муносиб ўрин эгаллашига сабаб бўлди. Натижада мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари юқори даражада рақамлаштирилди, Интернетга уланиш тезлиги муттасил равишда ўсиб борди ва улардан фойдаланиш учун қулай шароитлар яратилди.
2013 йилда электрон савдолардаги давлат харидлари ҳажми 417 млрд сўмни ташкил этди ва савдо якунлари бўйича 83 млрд сўмлик бюджет маблағлари тежаб қолинди. Бунда давлат харидлари доирасида сотувга қўйилган товар ва хизматларнинг 83 фоиздан зиёди кичик бизнес субъектлари улушига тўғри келади.
«Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 10 млн дан зиёд пластик карталар (шундан 2,5 млн онлайн-карталар) муомалага чиқарилган. Тадбиркорлик субъектларига масофадан туриб ҳисобрақамларини бошқариш бўйича Mpul, Click, Uyali Pul, Интернет-банкинг, Мобил-банкинг, SMS-банкинг каби хизматлар кўрсатилмоқда. Электрон тижорат иштирокчилари Интернет-дўконлар орқали товарларни сотиш ва сотиб олиш имконига эга бўлишмоқда.
Эътибор берайлик, электрон харидлар давлат бюджети харажатларини 20-40 фоизга, тадбиркорлик субъектлари учун ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини 5-10 фоизга камайтириш имконини беради. Тежалган молиявий ресурслардан эса ишлаб чиқаришни кенг кўламли ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш мақсадида фойдаланиш имконияти вужудга келади.
«Электрон тижоратни амалга оширишда тўловларни ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорининг (12.06.2007 йилдаги 120-сон) қабул қилиниши банк мижозларига масофадан туриб хизмат кўрсатишни ривожлантиришни ҳам кўзда тутади. Айниқса, мамлакатимизда уяли алоқа абонентларининг сони муттасил ошиши бунга асос бўлиб хизмат қилади, чунки телефон нафақат алоқа, балки тўлов воситаси вазифасини ҳам бажармоқда. Ушбу турдаги хизматларнинг қулайлиги шундаки, мижозлар коммунал хизматлар, мобил алоқа ва Интернет хизматлари ҳамда уй-рўзғор молларини Интернетдан фойдаланган ҳолда сотиб олишлари мумкин. Шу боис Интернет тармоғи орқали интерфаол хизматлар кўрсатишни ривожлантиришда нафақат тадбиркорлик субъектлари, балки аҳолининг барча қатламлари манфаатлари инобатга олиниши лозим. Бундан ташқари, электрон тўлов тизими самарадорлигини оширишда инновацион дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ҳар бир оилани компьютерлаштиришга эришиш зарур.
Таъкидлаш жоиз, соҳа имкониятларини тобора кенгайтиришни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Шунинг учун маҳаллий маҳсулотларнинг электрон кўргазмасини ташкил этиш, электрон тўлов тизимини такомиллаштириш мақсадида ахборот-тўлов терминаллари (инфо-киоскалар)ни жорий этиш, ахборот тизимларини яратиш ишларини жадаллаштириш бугунги куннинг устувор вазифаларидандир. Зотан, бу аҳолини замонавий қулайликлардан баҳраманд этиш ва глобал майдонда илғор давлатлардан бирига айланишнинг муҳим омилларидан биридир. Шунинг учун тегишли ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш, қонунларнинг сўзсиз ижроси самарадорлигини ошириш олдимизда турган долзарб вазифадир. Бу, ўз навбатида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига электрон тўловлар ва электрон тижорат тизимини янада кенгроқ қўллаш имкониятини беради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда кўрсатилаётган банк хизматлари, электрон тижорат ва электрон тўлов тизимини янада ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўлда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакиллари, ахборотлаштириш ҳамда банк-молия соҳаси мутахассислари иштирокида конференциялар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, банк-молия тизимига ахборот технологияларининг илғор ютуқларини жорий этиш ҳолати ва истиқболлари муҳокама марказида бўлмоқда.
Мухтасар айтганда, соҳа қонунчилигини такомиллаштириш асносида замонавий ахборот коммуникация технологиялари жамиятнинг барча соҳаларига фаол жорий этилиб, Интернет тармоғи орқали турли интерактив хизматларни кўрсатиш ривожланмоқда. Бу эса аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ҳамоҳангдир.
Раъно ГАИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ахборот
ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.