Norma.uz
Газета СБХ / 2014 год / № 1 / Парда ортидан

«Санъат бачканаликни ёқтирмайди»

– Инсон бирор-бир касб ёки соҳани ўз-ўзидан эгаллаб қолмайди. Бунга, албатта, маълум бир шарт-шароит ёки омиллар сабаб бўлади. Сизнинг актёрлик касбини танлашингизга нима туртки бўлган?

– Болалик пайтларимдаёқ санъат соҳасига меҳрим кучли бўлган. Китобни, айниқса эртак китобларни ўқишни жуда яхши кўрардим. Эҳтимол, ота-онам мендаги қобилиятни ўз вақтида ва тўғри илғашган бўлишса керак, драма тўгарагига олиб боришган. Радио уйида болалар эшиттиришларига қатнашардим. Шунингдек, мактабдаги устозларим ҳам кўп ёрдам беришган. Шу тариқа менда актёрлик касбига меҳр-муҳаббат уйғонган. Тақдиримга шундай касб ёзилганидан албатта хурсандман.

– Сиз ҳам театрда, ҳам кинода ижод қиласиз. Сизнингча, актёр ўз маҳоратини тўлақонли намоён қилиши учун театрда имконият кўпроқми ёки кинода?

– Мен театрни кинодан ёки кинони театрдан устун қўя олмайман. Хоҳ у театр бўлсин, хоҳ у кино, хоҳ у дубляж, ҳар қайсиси ўзига яраша меҳнат, ўзига яраша қобилият, ўзига яраша истеъдод талаб қилади.

Театр бу бизнинг лабораториямиздир. Театр саҳнасида ва репетиция хоналарида ойлаб-йиллаб роллар устида ишлаймиз, изланамиз, таъбир жоиз бўлса, яратаётган образларимиз ичида яшаймиз.

Кинода сценарий яхшилаб ўқиб чиқилади, сўзлари ёдланади ва камеранинг қаршисида роль ижро қилинади. Агар театр саҳнасида йирик-йирик ҳаракатлар зарур бўлса, кинода камеранинг олдида кичик ҳаракатларнинг ўзи етади. Лекин камеранинг рўпарасида ҳам ижро ниҳоятда чуқур бўлиши керак. Кўриб турганингиздек – бир хил масъулият.

Дубляжда эса ўтирган жойимизда роль ижро қиламиз. Овоз бераётган қаҳрамонимиз экранда югураётган, ўтираётган ёки сакраётган бўлиши мумкин. Қаҳрамон қандай ҳолатда бўлмасин, ўтирган жойимизда ҳар битта ҳолатни овозимиз орқали ифодалаб берамиз. Бу шунчаки овоз эмас, унга юрак, қалб, тафаккур қўшилади. Демак, дубляжда актёрнинг бутун вужуди куч билан ишлайди.

– Саҳнада ёки кинода роль ўйнаётганингизда ҳар гал ҳаяжон босадими ёки?..

– Биласизми, ролни бир неча ойлаб машқ қилганимизга, йиллар давомида бир неча марталаб такрор-такрор намойиш қилган бўлишимизга қарамай, ҳар гал спектакль олдидан ҳаяжонга тушаман. Бунда қандай бўларкин, ролим қандай чиқаркин, қандай ўйнар эканман эмас, тўғри ижро қилишим керак, кучим, сабрим, иродам етармикин деган фикр мени хавотирга солади. Ўзингиздаги куч-қувватни, ақл-идрокни, тафаккурни, уриб турган юрагингизни ҳис қилишни бошлайсиз. Ўша ҳолатларни ўйлайсиз-да, бутун организмингиз ролни ижро этишга тайёрлана бошлайди.

– Бугунги кун кино ва театрига қандай баҳо берган бўлардингиз?

– Фикримни образли қилиб айтадиган бўлсам, бир қоп олий навли гуручни олайлик, унинг ичида тошлар, курмаклар бўлиши мумкин. Аммо, бу гуручнинг сифати ёмон деган хулосага олиб келмайди. Гуручни ишлатишдан олдин тошлар ва курмаклардан тозалаш керак бўлади.

Ўзбек кино санъати йиллар давомида бутун қардош мамлакатларга, чет элларга ўзининг фильмлари, ижодкорлари билан танилиб келган. Ҳозирги кунда ҳам бу тамойил давом этаяпти. Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ўша сифатли маҳсулотларнинг ичида минг афсуски яроқсизлари ҳам йўқ эмас.

Ана шундай шароитда юқори савияли, томошабинни мулоҳаза қилишга ундайдиган фильмлар яратаётган режиссёр Жаҳонгир Қосимов меҳнат маҳсулларини алоҳида эътироф этишни истардим.

– Ижодкор сифатида сценарий ёки роль танлайсизми?

– Агар асар яхши бўлса, унда ёмон ролнинг ўзи бўлмайди. Савияли сценарий бўлса, образ ижобий ёки салбий бўлишидан қатъи назар, роль танламайман.

Бачкана ролларни, асарларни, спектаклларни ёқтирмайман. Санъат бачканаликни ёқтирмайди!

– Ўн йил олдинги томошабин билан ҳозирги кун томошабини ўртасида фарқ борми? Яна ўн йилдан кейин томошабинни қандай тасаввур қиласиз?

– Назаримда, томошабин ҳақида гапиришдан олдин биз – санъаткорлар ўзимизнинг савиямиз ҳақида ўйласак, тўғрироқ бўларди. Томошабин намойиш қилинган фильмга, спектаклга ёки концертга қараб, савияси ўзгариши мумкин. Театр ва рассомчилик олийгоҳида ўқиб юрган кезларимиз устозларимиз «актёр, ижодкор оддий томошабиндан бир қадам, иложи бўлса 2-3 қадам олдинда юриши керак», дея кўп бор таъкидлашарди.

Томошабинга бирор нарсани тақдим этишдан олдин актёрнинг ўзида маданият, билим, савия, ахлоқ-одоб, сабр, ирода каби гўзал хислатлар мужассам бўлиши керак, шундагина у томошабинни ўз ортидан эргаштира олади.

Фильмларимизнинг савиясини ошириш, обрўсини сақлаш учун бу соҳани «Кел, биз ҳам бир роль ўйнаб қўяйлик» дейдиган тадбиркорлар, сохтакорлар қўлига бериб қўймаслик керак. Виждонан олайлик, масалан, менинг врач бўлгим келиб қолди. Қарасам, врачларнинг обрўси, ҳурмати зўр бўларкан, катта пул оларкан... Шундай ўй-фикрлар билан шифохонага бориб, кел дўстим, мен ҳам бир операция қилай, врач бўлгим келаяпти десам, жарроҳлик столида ётган беморда амалиёт ўтказсам... Ваҳоланки, мен бу соҳага умуман ўқимаганман, ишламаганман! Мана бу ерини кесасан, ана бу ерини очасан, бундоқ қиласан деб ўргатиб тургани билан мен у одамни ўлдириб қўяман-ку! Бу билан жиноятга қўл урган бўлмайманми?! Биз мана шундан қўрқишимиз керак. Менимча, ҳар ким ўз ишини қилса тўғрироқ бўлади.

Шахсан ўзим 4 йил санъат институтида ўқиганман. Бир неча йиллар эпизодик ролларда, оммавий саҳналарда қатнашиб келдим. Ўргандим. Ундан кейин асосий ролларни бера бошлашди. Кинода ҳам худди шундай.

– Эл назари тушган санъаткорсиз. Шу билан бирга чиройли овоз эгасисиз. Айтинг-чи, овоз учун ҳам худди юз, соч сингари махсус парвариш зарурми?

– Аввало, менга бўлган илиқ сўзларингиз учун ташаккур. Мақтов, ҳамду сано фақат Аллоҳга хос! Мен айтмоқчиманки, овозимиз, чиройимиз, истеъдодимиз Яратганнинг инояти. Гўзал овоз, кўзлардан таралаётган меҳр нурлари ҳаммаси инсоннинг қалбига боғлиқ.

Овоз қандай асралади? Инсон ёмон хислатлардан қандай ҳимояланса, овозни ҳам ёмон гапиришдан, ёмон нарсаларга ишлатишдан, ёмон талаффузлардан, мақтанчоқликдан, кибрдан авайлаш керак, шунда у ўзининг гўзал ҳолатини ҳамиша сақлаб қолади. Агар биз овозимизни ё истеъдодимизни, қобилиятимизни ёмонликка ишлатсак, унда бир кун келиб, бу неъматдан қандай ажраб қолганимизни билмай қоламиз. Бизга ато этилган барча неъматлар яхшилик учун сарф қилиниши шарт.

– Мана Сиз театрда ишлайсиз. Бундан ташқари, дубляжларда иштирок этасиз, киноларда суратга тушасиз. Албатта, меҳнатингиз учун маълум миқдорда ҳақ тўлашади. Қарабсизки, уйингизга солиқ идорасидан жами йиллик даромадларингизни декларациялашингиз лозимлиги ҳақида қоғоз келади. Шунда Сиз...

– Албатта, солиқ тўлаш ҳар бир инсоннинг конституциявий бурчидир. Шундай экан, актёр ўзи тўлаётган солиқлар шу юрт равнақи учун, ўзимизнинг тинч ва фаровон ҳаётимиз таъминоти учун, фарзандларимизнинг бепул таълим олиши ва комил инсон бўлиб вояга етиши учун, кексаликда оладиган нафақамиз учун сарфланишини томошабинга етказиб бера олиши, ўзи ҳам қонунларни ҳурмат қилиши даркор.

Ҳар йили солиқ идорасидан «Фатхулла Маъсудов, жами йиллик даромадларингиз ҳақида декларация топшириб, ўз вақтида солиқларингизни тўлаб кетинг» деган мазмундаги декларация қоғозини қўлимга олгач, албатта, ДСИга тезроқ боришга ва қарздорлик ҳиссидан қутулишга ҳаракат қиламан.

– Суҳбатимиз сўнгида таҳририятимиз ва ўқувчиларимизга тилакларингизни билмоқчи эдик...

– «Солиқ ва божхона хабарлари» газетаси жамоаси ва барча ўқувчиларига куч-қувват, соғлик-саломатлик, омаду зафарлар ҳамиша ёр бўлсин! 2014 йил барчамизга муборак бўлсин!

«СБХ» мухбири

Гулбаҳор САТТОРОВА суҳбатлашди.

Прочитано: 1053 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA ONLINE», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 26.02.2016г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
Все товары, подлежащие обязательной сертификации, сертифицированы; лицензируемые услуги – лицензированы.
© ООО «NORMA ONLINE», 2007-2017 г. Все права защищены.
Яндекс.Метрика