Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 17 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИЛАРНИНГ РЕГЛАМЕНТИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

18.04.2013 йилдаги ЎРҚ-349-сон Қонун билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Уларга мувофиқ Қонунчилик палатасининг Кенгаши ҳузурида Қонунчилик палатаси девони ходимлари орасидан уч кишидан иборат таркибда Киритиладиган қонун лойиҳаларини ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишни ташкил этиш бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузилади.

Тузатишлар билан Қонунчилик палатасининг киритилган қонун лойиҳасини, агар айни шу масала бўйича қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган бўлса, қайтариб юбориш ҳуқуқи мустаҳкамланган.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқишга қабул қилиш тартибига ҳам тузатиш киритилди. Эндиликда Палата Кенгаши ўз мажлисида қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмитани белгилайди, у бир вақтнинг ўзида сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳларига юборилади. Уларнинг фикр ва таклифларисиз масъул қўмита унга доир ўз хулосасини чиқаришга ҳақли эмас.

Қонун лойиҳаси биринчи ва кейинги ўқишларда кўриб чиқилаётганда маърузачи депутатларга фракцияларнинг ҳисобга олиниши шарт бўлган фикрлари ва таклифларини етказиши керак. Давлат бюджети лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида ҳам худди шундай таомилга риоя этилиши керак.

Қонун «Халқ сўзи» газетасида расман эълон қилинган

кун – 2013 йил 19 апрелдан кучга кирди.

 

ЭНГ ОЛИС БУРЧАКЛАРГА –

ЗАМОНАВИЙ СЕРВИС

Президентнинг 17.04.2013 йилдаги ПҚ-1957-сон қарори билан 2013–2016 йилларда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди. Уларни амалга оширишга молиялаштиришнинг барча манбаларидан 906 млрд сўм сарфлаш режалаштирилди.

У билан маъқулланган Дастурда алоқа ва ахборотлаштириш, сайёҳлик хизматлари, савдо ва умумий овқатланиш ҳажмини 2 баравар, компьютерда дастурлаш, молиявий ва соғлиқни сақлаш хизматларини 1,8 баравар, транспорт хизматлари, технологик ускуналар ва маиший техникани таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатишни 1,9 баравар ошириш назарда тутилган.

Хусусан, қуйидаги вазифаларни амалга ошириш режалаштирилган:

l қишлоқ АТСларида ускуналарни таъмирловчи 55 та янги сервис шохобчаларини ташкил этиш;

l 200 касб-ҳунар коллежларини «ZiyoNET» тармоғига улаш;

l Жиззах, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида 5 та рақамли телевизион узаткичларни ўрнатиш;

l вилоятлараро ва туманлараро йўналишларда даврий нашрларни тарқатиш учун 134 та автомобиль харид қилиш;

l 200 та қишлоқ почта бўлинмалари почтачиларини аҳолидан тўловларни қабул қилиш учун кўчма банк терминаллари билан таъминлаш;

l қишлоқларда 35,6 мингта тўлов терминалларини ўрнатиш;

l 49 та лизинг компаниялари бўлинмалари, 111 та мини-банклар, 259 та махсус омонат кассаларини барпо этиш;

l республиканинг барча минтақаларида 14 та сайёҳлик қишлоқ йўналишларини ишлаб чиқиб, жорий этиш;

l 8 та замонавий меҳмонхона, 1 та кемпинг, 1 та мотель қуриш;

l 4,1 мингта чакана савдо, 1,1 мингта умумий ов-қатланиш корхонаси, 213 та «Гузар» савдо-маиший мажмуаси, 10,6 мингта маиший хизмат кўрсатиш корхоналари барпо этиш;

l 170 та касб-ҳунар коллежлари негизида касбий таълим курслари ташкил этиш;

l спорт секциялари тармоғини 2 баравар кенгайтириш;

l 228 та қишлоқ тиббиёт муассасалари негизида пуллик терапевтик, стоматологик хизматлар кўрсатилишини, фитобарлар ва «Дори Дармон» АК дорихоналари филиалларини ташкил этиш;

l зооветхизматлар кўрсатиш ва ҳайвонларни сунъий қочириш бўйича 70 та шохобча, минерал ўғитлар, кимёвий препаратлар ва ўсимликларни ҳимоялаш воситалари реализация қилинадиган 157 та шохобча ҳамда аҳолидан сотиб олиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрловчи 157 та шохобча ва бошқаларни барпо этиш.

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларига бир ой муддатда, 2013–2016 йилларда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилди. Шунингдек улар:

тегишли коэффициентларни қўлламаган ҳолда ёки давлат мулкини хорижий инвесторларга сотишда тендер савдоларини ўтказувчи Давлат комиссияси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ҳолда ноль даражали харид қиймати бўйича сотиш шартларида фойдаланилмаётган бинолар ва хоналарни тадбиркорлик субъектларига ижара тўловининг энг кам ставкаси бўйича ижарага беришлари;

«бир ойна» тартиби бўйича хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини барпо этиш учун тадбиркорлик субъектларига ер участкалари ажратиб беришни ва бунда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда кўмаклашишни тезлаштирилган ҳолда хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини муҳандислик коммуникацияларига ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмасига улашни таъминлашлари шарт.

Қарор билан белгиланишича, 2013–2016 йиллар даврида ўз вақтида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайдиган, солиқ ва статистика органларига ҳисоботларни топширадиган, шунингдек ўсиш ва рентабелликнинг барқарор суръатларини таъминлайдиган қишлоқ жойларда хизматлар кўрсатадиган кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти текширувлардан холи этилади.

Кичик бизнес 2017 йилгача фойда солиғи ва ЯСТ тўлашдан озод этилган хизматлар рўйхати янги хизматлар билан тўлдирилди.

 

ВАҚТИНЧАЛИК

ОЛИБ КЕЛУВЧИЛАР УЧУН ҚОИДАЛАР ЎЗГАРТИРИЛДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 13.04.2013 йилдаги 106-сон қарори билан Товарлар ва транспорт воситаларини вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) божхона режимига қўйиш қоидалари ҳамда Товарлар ва транспорт воситаларини юк божхона декларацияси расмийлаштирмасдан вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) қоидалари тасдиқланди. Вазирлар Маҳкамасининг 17.08.2004 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарлар ва транспорт воситаларини четдан вақтинчалик олиб келиш шартлари тўғрисида»ги 399-сон қарори ўз кучини йўқотган деб топилди.

Янги Қарор билан вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) мумкин бўлмаган товарлар рўйхати белгиланди.

Товарлар ва транспорт воситаларини вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) божхона режимига қўйиш қоидаларига мувофиқ товарларни ушбу режимга қўйишнинг шартлари уларга декларация тўлдириш, уларни идентификациялаш имкониятини ва божхона тўловлари тўлашни таъминлаш, шунингдек агар товар ваколатли органлар томонидан назорат қилиниши керак бўлса, уларнинг рухсатномаларини тақдим этиш ҳисобланади.

Ваколатли шахсга вақтинчалик четдан олиб келишга (четга олиб чиқишга) рухсатнома давлат божхона хизматининг ҳудудий органи томонидан берилади. Қоидалар билан уни олиш учун зарур ҳужжатлар рўйхати белгиланган.

Товарлар вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) божхона режимига қўйилиши мумкин бўлган муддат бундай четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш)нинг мақсадлари ва ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади ва узайтирилади, бироқ товарларнинг божхона режимида бўлишининг умумий муддати икки йилдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ушбу Қоидаларга 4-иловада кўрсатилган товарлар учун вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш)нинг кўпроқ муддатлари белгиланиши мумкин.

Товарларни вақтинча четдан олиб келишда улар вақтинчалик четдан олиб келиш божхона режимида расмийлаштирилган пайтдан бошлаб божхона божлари ва солиқлар тўлашдан қисман озод этиш қўлланилади. Бу ҳолда даврий божхона тўловлари ундирилади. Қоидаларда божхона божлари ва солиқлар тўлашдан тўлиқ озод этилган товарлар рўйхати ҳам назарда тутилган.

Товарлар ва транспорт воситаларини юк божхона декларацияси расмийлаштирмасдан вақтинчалик четдан олиб келиш (четга олиб чиқиш) қоидаларига мувофиқ қуйидагилар божхона тўловларини тўлашдан озод этилади:

қиймати белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдоридан ошмайдиган товарлар;

шахсий эҳтиёжларни қондириш учун мўлжалланган хорижий фуқаролар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан олиб келинган товарлар. Автотранспорт воситалари тўловлардан бир йил мобайнида уч ойгача бўлган муддатга тўлиқ озод қилинади. Қайтариб олиб чиқиб кетиш таъминланмаганда ёки кўрсатиб ўтилган даврда автотранспорт воситасининг тегишли божхона режими расмийлаштирилганда қайтариб олиб чиқиб кетишнинг муддати ўтган ҳар бир куни учун двигатель ҳажмининг ҳар куб сантиметри учун 0,01 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади;

вақтинчалик четдан олиб келинадиган (четга олиб чиқиладиган) транспорт воситалари, уларга эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар ва транспорт асбоб-ускуналари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан йўловчилар ва юкларни халқаро ташувларда фойдаланиладиган контейнерлар, поддонлар ва кўп марталаб фойдаланиладиган идишлар ва упаковкаларнинг бошқа турлари (уларни вақтинчалик олиб келишга (олиб чиқишга) уч ойдан кўп бўлмаган муддатга рухсат этилади). Бунда олиб келинаётган транспорт воситалари хорижий давлатда, олиб чиқилаётгани Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак;

шахсий эҳтиёжларни қондириш учун мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан четга олиб чиқиладиган товарлар. Автотранспорт божхона тўловларидан бир йил мобайнида уч ойгача бўлган муддатга озод қилинади. Уни қайтариб олиб келиш ёки тегишли божхона режимида расмийлаштирилмаган ҳолда қайтариб олиб келишнинг муддати ўтган ҳар бир куни учун двигатель ҳажмининг ҳар куб сантиметри учун 0,01 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади;

йўловчилар ва юкларни халқаро темир йўл транспортида ташишда фойдаланиладиган темирйўл транспорт воситалари.

 

«ТИЛ УЧУН» УСТАМАЛАР

Вазирлар Маҳкамасининг 19.04.2013 йилдаги 109-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 29.09.1994 йилдаги «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини тартибга солиш тўғрисида»ги 490-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

2013 йил 1 сентябрдан бошлаб таълим муассасаларининг чет тиллар, хорижий филология, чет тили ва таржима йўналишларининг касбий ва махсус фанлари профессор-ўқитувчилари ва ўқитувчиларига қишлоқ жойларда жойлашган таълим муассасаларида – лавозим маошларига базавий лавозим маошининг (тариф ставкасининг) 30 фоизи миқдорида, қолган таълим муассасаларида – 15 фоизи миқдорида ойлик устамалар белгиланади, бунда қуйидагилар мажбурийдир:

асосий ишидан ажралган ҳолда камида 144 соат давом этадиган дастур бўйича белгиланган тартибда малака ошириш;

Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларидан ўтиш ва тегишли сертификат олиш.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар таркибига (чет тиллар, хорижий филология, чет тили ва таржима йўналишларининг касбий ва махсус фанлари ўқитувчилари бундан мустасно), шу жумладан меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида ўқув машғулотлари олиб борувчи профессор-ўқитувчилар таркибига базавий лавозим маошининг (меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорининг) 25 фоизидан 40 фоизигача бўлган миқдорда ойлик устамалар белгиланади. Бунда чет тилида ўқув фанини ўқитиш курсининг давомийлиги бир семестрда камида 36 соатни ташкил этиши керак.

Шуни эслатиб ўтамизки, илгари олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг профессор-ўқитувчиларига лавозим маошларига устамалар:

Европа чет тилларидан биттасини билганлик

учун – 7 фоиз миқдорида;

Европа чет тилларидан бир нечтасини билганлик

учун – 10 фоиз миқдорида;

шарқ тилларини ва кам қўлланиладиган чет тилларни билганлик учун – 15 фоиз миқдорида этиб белгиланган эди.

Тақдим этилган ҳужжатларга

қисқача шарҳларни эксперт-юристимиз Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Прочитано: 2766 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика