Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 37 / Мутахассислар тушунтиради

Кимларнинг ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси тўхтатиб турилиши мумкин

 

ҚҚС тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома энди фақат солиқ тўловчи сохта ёки товарсиз битимларни амалга оширганлиги аниқланган ҳолатларда тўхтатиб турилади. Қолган барча ҳолатларда ҚҚС гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тартиб-таомили Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (4.09.2023 йилдаги ПҚ-292-сон) билан бекор қилинди.

Янгиликларни Солиқ қўмитасининг Солиқ солиш методологияси департаменти мутахассислари тушунтириб бердилар.

 

Сохта ва товарсиз битимлар қандай аниқланади

Сохта ёки товарсиз операцияларга битим, операция харид қилинаётган/реализация қилинаётган товарлар, хизматлар номенклатурасига мувофиқ келмаган барча ҳолатлар киритилади. Қоидага кўра, текширувдан олдинги таҳлил ва солиқ текширувлари натижасида аниқланади.

Сохта битим бошқа битимни, шу жумладан бошқа шартлардаги битимни яшириш учун тузилади. Масалан, етказиб бериш шартномасида товарнинг қиймати ҳақиқийсидан анча камайтириб берилади ёки кичикроқ ҳажмдаги товар кўрсатилади. Агар тарафларнинг асл истаги битимда расман кўрсатилганидан фарқ қиладиган бўлса, битим ҳақиқий эмас деб эътироф этилади.

Товарсиз (етказиб беришларсиз, ҳисоб-китобга оид) битимлар ҳақиқатда товар олди-сотди қилинмасдан амалга оширилади. Улар фақат товарга бўлган мулк ҳуқуқи сотиб олинишини ўхшатиб бериш учун тузилади. Бу нима учун керак? Фақат кейинчалик сотиш ва активнинг нархи ўзгаришидан фойда олиш мақсадида амалга оширилади. Ушбу гуруҳга, масалан, олибсотарликка асоснланган операциялар киритилади.

 

Аввал қандай бўлган

ПҚ-292-сон қарор чиқарилгунига қадар гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш учун асослар талайгина бўлган. Улар Қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (22.09.2021 йилдаги 595-сон ВМҚга 1-илова) билан тасдиқланган эди. Қуйидаги белгиларнинг лоақал биттаси аниқланган тақдирда, солиқ тўловчининг ҚҚС гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб турилган:

● Раҳбарнинг, шунингдек раҳбарлик ёки молиявий бошқарув вазифаларини амалга ошираётган шахснинг шахси аниқланмаган, ёхуд аризада кўрсатилган шахслар билан тузилган меҳнат шартномалари Ягона миллий меҳнат тизимида тасдиқланмаганда;

● Таъсисчи (иштирокчиси) тўғрисида маълумотлар солиқ органининг маълумотлар базасида мавжуд бўлмаганда;

● Солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган манзилда мавжуд бўлмаганда;

● Солиқ тўловчи ўз кўчмас мулкига эга бўлмай туриб ижарага олинган ёки текин фойдаланилаётган кўчмас мулки бўлмаганда;

● Солиқ тўловчининг манзили манзил-маълумот бюроси маълумотлари базасида мавжуд бўлмаганда;

● Солиқ тўловчининг манзили номинал жойлашган жой манзили билан тўғри келганда;

● Амалга оширилаётган битимлар, операциялар солиқ тўловчининг фаолият тури ва хусусиятларига, шунингдек ҳисобварақ-фактуралар таҳлили бўйича олинган маълумотлар асосида харид қилинаётган ва реализация қилинаётган товарлар, хизматлар номенклатурасига номувофиқ бўлганда;

● Тақдим этилмаган солиқ ҳисоботлари мавжуд бўлганда;

● Ариза тақдим этилган санада солиқ тўловчининг солиқ қарзи мавжуд бўлганда, шунингдек таъсисчиларининг (иштирокчилари) улуши 50% ва ундан кўп бўлган – юридик шахсларнинг солиқ қарзи мавжуд бўлганда.

Солиқ тўловчига солиқ қарзи мавжуд ёки солиқ хавфи юқори солиқ тўловчи қўшилганда (бирлашганда);

Мурожаат этувчи солиқ тўловчининг раҳбари бир вақтнинг ўзида бошқа солиқ тўловчида (юридик шахсда) раҳбар бўлиб, ушбу солиқ тўловчида солиқ қарзи мавжуд бўлганда ёхуд солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаганда.

Муқаддам банкрот деб эълон қилинган ташкилотда раҳбар ёки таъсисчи (иштирокчи) бўлган ва муқаддам солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун раҳбар ёки таъсисчи (иштирокчи) сифатида жавобгарликка тортилган шахс томонидан раҳбарлик ёки таъсисчилик (иштирокчилик) амалга оширилганда. Мазкур талаб таъсисчи (иштирокчи)нинг улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган ҳоллардагина инобатга олинади;

Юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб бўлган ва солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортилган раҳбар ёки таъсисчи (иштирокчи) шахс томонидан раҳбарлик ёки таъсисчилик (иштирокчилик) амалга оширилганда.

Прочитано: 215 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика