Марказий банк бошқаруви 2023 йил 16 мартда асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражада белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Иқтисодиётда инфляция даражаси ўзининг юқори нуқтасига чиқиб, пасайиш тенденциясига ўтганлиги кузатила бошлади. Айни пайтда, қатъий ташқи молиявий шароитларнинг ички иқтисодий фаолликка салбий таъсири бўйича сигналлар пайдо бўлмоқда.
Асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилиши ўтган йил март ойида хатарлар учун фоиз ставкани ошириш орқали қўйилган қўшимча юкламани тўлиқ олиб ташлаш имконини беради.
Йиллик 14 фоиз даражасидаги асосий ставка инфляция прогнозининг пасаювчи динамикасида (8,5–9,5 фоиз) нисбатан қатъий пул-кредит шароитлар сақланиб қолинишини таъминлайди.
Жорий йилнинг январь–февраль ойларида йиллик инфляция кўрсаткичи 12,2 фоизгача бироз пасайди ва келгуси чоракда сезиларли пасайиши бўйича ишонч ортиб бормоқда. Кузатувларга кўра, истеъмол бозорларида март ойининг дастлабки икки ҳафтасида асосий озиқ-овқат нархлари нисбатан мувозанатлашиб, январь ойидаги ўсишдан кейин пасайиш динамикасига ўтганлиги кузатилмоқда.
Мавсумий ва маъмурий таъсирга эга бўлган айрим товарлар ва хизматлар нархларининг ўзгаришини инобатга олмасдан ҳисобланган базавий инфляция кўрсаткичи ўтган йилнинг иккинчи чорагидан бошланган ўсиб бориш тренди жорий йил бошидан пасайиш тенденциясига ўзгариб, декабрдаги 13,8 фоиздан январда 13,3 фоизгача ва февралда 13,2 фоизгача секинлашди.
Февралдаги сўров натижаларига кўра, келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмаларнинг январь натижаларига нисбатан сезиларли даражада пасайганлиги кузатилди, бу эса базавий инфляция динамикаси билан биргаликда, келгуси ойларда нархларнинг барқарорлашиши учун шароитларни яратади.
Ташқи иқтисодий шароитларда маълум даражадаги хатарлар ва ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Февраль ойида глобал инфляция, асосан, энергетика ва озиқ-овқат секторидаги нархларнинг пасайиши таъсирида секинлашишда давом этди.
Етакчи марказий банкларнинг инфляцияни пасайтириш бўйича қатъий позициялари билан бир қаторда, халқаро банк соҳасида кузатилаётган вазиятлар фонида хавфсиз активларга бўлган талабнинг ошиши, молия ва хом ашё бозорларидаги тебранувчанликни оширмоқда.
Халқаро молия бозорларидаги қатъий шароитлар ва айрим савдо ҳамкорларидаги валюта курсларининг қадрсизланиши, бир томондан, ички иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашда ташқи ресурсларни қайта жалб қилишни қийинлаштираётган бўлса, иккинчи томондан, валюта оқимларидаги номутаносибликларни кенгайтириб бормоқда.
Жаҳон озиқ-овқат бозорларида шаклланаётган нархлар ва кутилмалар, мамлакатимизга импорт қилинадиган товарлар бўйича қулай шароитлар юзага келишига асосларни яратмоқда. Бу, ўз навбатида, озиқ-овқат гуруҳларида импорт инфляциясининг оширувчи таъсирларини жиловловчи омил бўлиб хизмат қилади.
Дастлабки маълумотларга кўра, ички иқтисодий шароитларда қисқа муддатли хатарлар таъсири қисман намоён бўлди. Январь ойи якуни бўйича чакана савдо, саноат ишлаб чиқариш ва қурилиш ишлари ўсиш суръатларида секинлашиш кузатилди.
Хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан секинлашгани билан, ушбу соҳадаги ўсиш суръатлари бошқа соҳалардан юқори бўлмоқда.
Хатарларнинг вақтинчалик хусусияти ва ўз вақтида кўрилган чораларни ҳисобга олганда, биринчи ярим йиллик якунига бориб иқтисодий фаолликнинг мувозанатлашуви ва тармоқ кўрсаткичларининг тикланиши кутилмоқда.
Жорий йилнинг дастлабки ойларида монетар шароитлар индекси реал самарали алмашув курси ва реал фоиз ставкалар динамикаси ҳисобига нисбатан қатъий фазада шаклланди.
Пул бозорида Uzonia ставкаси ўзгаришларсиз 14 фоиз даражасида шаклланаётган бўлса-да, операциялар ҳажмининг сезиларли даражада ошиб бориши, банклар томонидан қисқа муддатли ресурсларнинг қайта тақсимланишида ушбу бозорнинг аҳамияти ошиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
Ижобий реал фоиз ставкаларининг шаклланиши миллий валютадаги муддатли депозитларнинг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори ўсишига хизмат қилмоқда. Жорий йилда миллий валютада ажратилган кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тезлашиши иқтисодий фаоллик кўрсаткичларининг тикланишига ижобий туртки сифатида баҳоланмоқда.
Марказий банк пул-кредит шароитларининг иқтисодиётдаги ялпи талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирини баҳолашда давом этади.
Келгуси ҳаракатлар инфляция даражаси прогноз коридори доирасида шаклланишига, ўрта муддатли мақсадли кўрсаткичга эришишга ҳамда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилади.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 27 апрелга белгиланган.
norma.uz