Ўзбекистон Республикаси резиденти (юридик шахс) норезидентдан товар белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини олмоқчи.
Ушбу ҳолатда норезидент даромадига солиқ солинадими?
– Товар белгисидан (хизмат кўрсатиш белгисидан), савдо маркасидан фойдаланганлик учун ЎзР норезидентига ҳар қандай турдаги тўловларга роялти сифатида қаралади. Бу тўловларга тўлов манбаида фойда солиғи солиниши керак (СК 44-м., 351-м. 2-қ. 4-б.).
ЎзР норезидентига тўланадиган даромадлар, агар ҳақиқий даромад олувчи резиденти ҳисобланган мамлакат билан икки томонлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битим мавжуд бўлса ва ушбу битимда тегишли норма назарда тутилган тақдирда солиқни ушлаб қолмасдан ёки пасайтирилган ставка қўлланилган ҳолда тўланиши мумкин.
Бундай битим ва унда тегишли норма мавжуд бўлмаса ёки ҳақиқий даромад олувчи бундай нормалар мавжуд бўлганда резидентлик сертификатини тақдим этмаган тақдирда, фойда солиғи 20%лик ставка бўйича тўлов манбаида ушлаб қолиниши ҳамда даромад тўлаш кунидаги МБ курси бўйича миллий валютада қайта ҳисобланган ҳолда ЎзР бюджетига тўланиши лозим (СК 353, 357-м.).
Замира ЖЎРAЕВA,
«Norma» МЧЖ эксперти.