2020 йил якунлари бўйича мақсадли маблағлар олувчи ташкилотлар биринчи маротаба улардан фойдаланганлик бўйича ҳисобот топширишлари керак (СК 80-м. 8-қ.). Buxgalter.uz илтимосига биноан мақсадли маблағлардан фойдаланганлик бўйича ҳисоботни тўлдириш қоидалари ва бунинг учун зарур бўладиган параметрлар ҳақида солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:
– Ҳисобот шакли ва тўлдириш қоидалари ДСҚнинг қарори билан тасдиқланган (10-илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.).
Ҳозирги вақтда my.soliq.uzда шакллар мавжуд эмас, шу боис ҳам у билан қандай танишиб чиқиш мумкинлиги юзасидан саволлар туғилмоқда. Ўйлайманки, яқин вақтда ушбу шакл my.soliq.uzда – давлат ва рус тилларида жойлаштирилади.
Уни тўлдириш қоидаси қуйидагича:
● солиқ солиш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган мақсад ва вазифаларга кўра фойдаланиш учун олинган мол-мулк мақсадли маблағларга киради;
● мақсадли маблағларни олувчи учун ҳисобот даври – календарь йил;
● мақсадли маблағлар олувчилар ушбу мақсадли маблағлардан фойдаланиш доирасида олинган даромадларнинг (қилинган харажатларнинг) алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши шарт;
«Олинган мақсадли маблағлардан фойдаланганлик тўғрисидаги ҳисобот»ни солиқ тўловчилар (бюджет ташкилотлари бундан мустасно) солиқ даври тугаганидан кейин ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига йил якуни билан кейинги йилнинг 1 март кунига қадар тақдим этадилар;
Ҳисоботни тақдим қилмаслик МЖТКнинг 1751-моддасига мувофиқ мансабдор шахсларга БҲМнинг 5-10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шакл қандай тўлдирилади?
Ҳисобот шаклининг ўзи – мураккаб эмас. Унда қуйидаги кўрсаткичлар бўйича маълумотларни кўрсатинг:
1) йил бошига пул маблағлари (барча тушум манбалари бўйича сумма) қолдиғи (сатр коди 10);
2) мақсадли маблағлар тушуми кейинги сатрларда ёйилмаси билан (020 + 030 + 040 + 050):
● бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва бюджет субсидиялари (сатр коди 20);
● грантлар ва инсонпарварлик ёрдами (сатр коди 30);
● товарлар (хизматлар), башарти товарларни топшириш (хизматлар кўрсатиш) Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида бепул амалга оширилса (сатр коди 40);
● бошқа мақсадли тушумлар (сатр коди 50) суммада. Қуйида ёйилма учун бўш сатрлар тақдим этилади. Сатрга 051 ва ҳоказо код берган ҳолда бошқа (юқорида кўрсатилганлардан ташқари) манбаларни ёзиш зарур;
3) «Мақсадли фойдаланилган» сатрида (коди 70) йил давомида харажат қилинган суммани кўрсатинг;
4) йил охирига мақсадли маблағлар (барча манбалар бўйича сумма) қолдиғи (080-сатр);
5) ҳисобот шакли иккита жадвални ўз ичига олади, уларда мақсадли маблағлар тушуми ва уларни харажат қилиш тўғрисидаги маълумотларни – лойиҳани амалга ошириш доирасида маблағлар олинган ёки ўтказилган субъектларнинг номи ва СТИРини кўрсатган ҳолда батафсил ёзиш зарур.