Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти «Асосий воситалар» лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат ҚҲТБТ порталида 7.10.2020 йилга қадар муҳокама учун жойлаштирилган.
Лойиҳа «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунга, шунингдек Президентнинг «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (24.02.2020 йилдаги ПҚ-4611-сон) мувофиқ ишлаб чиқилган.
Хусусан, янги таҳририда амортизация ҳисоблашнинг янги тартибига ўтиш назарда тутилмоқда. Агар амалдаги тартибга биноан асосий воситалар бўйича амортизация ажратмаларини ҳисоблаш мазкур объект асосий воситалар таркибига қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг дастлабки санасидан бошланса, лойиҳа бўйича – ҳисоблаш асосий воситалар балансга қабул қилинган кундан эътиборан бошланади.
Хужжат амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини қисқартиришга қаратилган. Унга асосий воситаларни қайта баҳолаш бўйича алоҳида нормалар, шунингдек амалдаги Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низом (АВ рақами 1401, 29.08.2004 й.) нормалари киритилган.