Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 20 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

 

Сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга доимий эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилиб, экспорт ҳажмини ошириш учун экспорт қилувчи корхоналарга молиявий кўмак бериш механизмлари яратилди.

Жаҳон бозорларида рақобат кескинлашиб бораётган шароит маҳсулотлар экспорти ҳажмини ошириш орқали янги бозорларга кириб бориш ва анъанавий бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун экспорт қилувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш заруриятини юзага келтирмоқда.

Экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 майдаги ПҚ-4337-сон «Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига мувофиқ жорий этилган маҳсулотларни экспорт қилишда ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш механизми маҳсулотларни автомобиль ва ҳаво транспортида экспортга ташишга ҳам татбиқ этилсин.

Экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларининг бир қисми компенсация қилинадиган маҳсулотлар рўйхати 1-иловага** мувофиқ тасдиқлансин.

2. Республика ҳудудлари ва тармоқлари экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича доимий фаолият юритувчи республика комиссиясига (С.У.Умурзаков) (кейинги ўринларда – Республика экспорт комиссияси) экспорт қилишда транспорт харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар тақдим этиладиган маҳсулотлар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, субсидиялар тақдим этиш шартлари ва миқдорларини белгилаш ҳамда тартибини тасдиқлаш, шунингдек, маҳсулот тури, ҳажми ва экспорт йўналишига қараб субсидиянинг қатъий миқдорларини белгилаш ваколати берилсин.

Республика экспорт комиссияси бир ҳафта муддатда маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га маҳсулотларни экспорт қилишда, шу жумладан 2020 йил 1 апрелдан буён амалга оширилган экспорт бўйича автомобиль, ҳаво ва темир йўл транспортида ташиш харажатларини қисман компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш тартибини тасдиқласин.

3. Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан экспорт операциялари бўйича олиб ўтилаётган товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан жорий қилинган барча турдаги мажбурий тўловлар ва ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлигини текшириш амалиёти 2021 йил 1 январга қадар бекор қилинсин.

4. Белгилансинки, экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда суғурта мукофотини қоплашга Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан компенсациялар тақдим этилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Экспортни рағбатлантириш агентлигининг харажатлари учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича 2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратсин ва 2021 йилдан ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага** мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2020 йил 7 май

ПҚ-4707-сон.

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 7.05.2020 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1–2-иловалар «СБХ»да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 474 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика