Нодавлат таълим муассасаси айланмадан олинадиган солиқни тўлайди. Лондондаги лекторлар (Буюк Британия фуқаролари) талабаларни масофадан туриб онлайн-ўқитиш хизматларини кўрсатадилар.
Чет эллик лектор фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома (ФҲШ) бўйича масофадан туриб онлайн-машғулотлар ўтказиш учун жалб этилган тақдирда, қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?
Ижтимоий солиқ
Лекторларга фуқаролик-ҳуқуқий тусда тузилган шартномалар бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад сифатида тўланадиган иш ҳақига корхонангиз учун белгиланган ставка бўйича ижтимоий солиқ солинади (СК 403-м.). Солиқ ставкалари СКнинг 405-моддасида белгиланган.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи
Ўзбекистондаги манбалардан даромад олувчи Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг даромадларига тўлов манбаида солиқ солинади (СК 364, 365, 386-388-м.).
Солиқ тўловчининг чет эл валютасида ифодаланган даромадлари, ҳақиқатда даромадлар олинган санадаги ЎзР Марказий банкининг курси бўйича миллий валютага қайта ҳисоб-китоб қилинади (СК 366-м. 3-қ.).
Ўзбекистон норезидентлари бўлган жисмоний шахслар учун Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадларга солиқ агентлари томонидан солиқ базаси ҳамда белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда ЖШДС солинади (СК 388-м. 3-қ.).
Ташкилотингизда чет эллик лектор томонидан тақдим этилган Буюк Британия резидентлиги тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаса, лектор - ЎзР норезидентининг меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича олган даромадларига 20%лик ставкада солиқ солинади. Солиқ агентлари солиқ тўловчининг даромадларидан ҳисобланган солиқ суммасини ушлаб қолиши шарт (СК 382-м., 388-м. 4-қ.).
Буюк Британия резидентлиги тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлса, халқаро шартномалар нормалари қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги томонидан Иккиёқлама солиқ солинишига йўл қўймаслик ҳамда даромад солиғини тўлашдан бош тортиш ва капитал қиймати ўсишининг олдини олиш тўғрисидаги конвенция (Тошкент, 15.10.1993 йил, 10.06.1994 йилдан кучга кирган) имзоланган.
Аҳдлашувчи тарафлардан бирининг резидентига ёлланиб ишлаш бўйича тўланган маош ва мукофот пулларига, агар ёлланиб ишлаш бошқа аҳдлашувчи давлатда амалга оширилмаган бўлса, фақат ушбу давлатда солиқ солинади. Шу тарзда бошқа давлатда ёлланиб ишланган тақдирда, шу муносабат билан тўланадиган мукофот пулига ўша бошқа давлатда солиқ солинади (Конвенциянинг 15-моддаси).
Изоҳ:
Резидентлик сертификатига бўлган талаб СКнинг 358-моддасида белгиланган. ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди, сабаби норезидентлар бўлган жисмоний шахслар ҚҚС тўловчилар деб эътироф этилмайди (СК 237, 278-м.).
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.