Корхонада ходим фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишлайди, у квартира учун олган ипотека кредити бўйича асосий қарзни унинг учун ҳар ойда сўндиришимизни сўраяпти.
Корхона ФҲШ бўйича ишларни бажарувчи жисмоний шахсга аризасига кўра унинг даромадидан ипотека кредити бўйича қарзини тўлаши ва бунда СКнинг 378-моддаси 16-банди бўйича имтиёздан фойдаланиши мумкинми?
– Имтиёзларни қўллаш мезонларига риоя этилаётган бўлса, жисмоний шахс меҳнат шартномаси ёки ФҲШ бўйича ишлайдими-йўқми, бундан қатъи назар, корхонангиз имтиёзни қўллаши мумкин.
Олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни солиқ даври давомида жами 15 млн сўмгача бўлган миқдорда қоплашга, башарти якка тартибдаги уй-жойнинг ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати 300 млн сўмдан ошмаса ҳамда у дастлабки бадалнинг ва (ёки) ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджетдан ажратилган субсидияларни ҳисобга олган ҳолда олинган бўлса, солиқ тўловчининг солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи суммасига ЖШДС солинмайди.
Мазкур имтиёз қарз олувчига ва бирга қарз олувчиларга, имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган барча солиқ тўловчиларга берилган, солиқ солиниши лозим бўлган даромадларни камайтириш суммаси солиқ даври давомида жами 15 млн сўмдан ошмаган тақдирда татбиқ этилади (СК 378-м. 16-б.).
СКда бундай чегиришни асосий бўлмаган иш жойида қўлланилиши тақиқланмаган. Уни асосий иш жойида, ўриндошлик иш жойида ва (ёки) ФҲШ бўйича ишланганда ҳам қўллаш мумкин.
Бунда корхона солиқ агенти сифатида ЖШДСни тўғри ҳисоблаб чиқариш ва солиқ солинмайдиган чегириладиган суммаларни қўллаш учун масъул ҳисобланади.
Корхона чегириладиган суммани (15 млн сўм) назорат қилиш учун барча иш жойларида қарз олувчилар ва биргаликда қарз олувчилардан ЖШДС ушлаб қолинган даромадлар ҳамда ЖШДС ушлаб қолинмаган суммалар бўйича маълумотномаларни ҳар ойда йиғиши лозим. Тегишинча, 15 млн сўмлик чекловга риоя этилган ҳолда, корхона чегириб ташлашни қўллаши мумкин.
Корхона – даромад тўлаш манбаи томонидан имтиёз қўлланмаган бўлса, жисмоний шахс солиқ даври тугаганидан кейин прописка қилинган жойидаги солиқ органига имтиёзли суммаларни ҳисоблаш учун жами даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиши лозим.
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.