Ёки йўл ҳаракати қоидаларини бузган чет эллик ҳайдовчилардан жарималарни ундириш тартиби хусусида
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя этилиши ва мазкур турдаги қоидабузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарори (5.08.2020 йилдаги 463-сон) билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан жарималарни ундириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ушбу Низом, асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан жарималарни ундириш тартибини белгилайди. Дейлик, хорижий автотранспорт воситаси республикамизга кириш божхона пости орқали тегишли мажбуриятномани тўлдирган ҳолда 90 календарь кундан ошмаган муддатда ҳаракатланиш учун вақтинчалик киритилди.
Ҳужжат тили билан
Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ рақами 2156, 19.11.2010 й.) 15-бандига асосан, хорижий автотранспорт воситасининг божхона ҳудудида туришининг умумий муддати календарь йил мобайнида жами 90 календарь кундан ошмаслиги лозим, халқаро юк ва йўловчи ташишда қўлланиладиган автотранспорт воситаси бундан мустасно. Белгиланган йиғимни тўлаган ҳолда хорижий автотранспорт воситасини ушбу муддатдан ортиқроқ муддатга вақтинча олиб киришга йўл қўйилади.
Шу вақт оралиғида Ўзбекистон ҳудудида хорижий автотранспорт воситаси билан боғлиқ йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги аниқланса-ю, лекин хорижий автотранспорт воситаси ва унинг ҳайдовчиси белгиланган муддатда республикамиздан ташқарига чиқиб кетган бўлса, содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима жазоси қандай ундирилади?
Юқорида номи келтирилган Низом билан бу каби ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда божхона хизмати органлари ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорликда бир қатор ишларни амалга ошириш учун ҳуқуқий база яратилди. Хусусан, Ўзбекистон ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсдан тегишли жарималар ушбу автотранспорт воситалари республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилаётганда божхона органлари томонидан ички ишлар органлари онлайн режимда тақдим этган маълумотлар асосида ундирилади.
Божхона органлари хорижий автотранспорт воситаси ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсдан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималарни ундиришда ИИВнинг маълумотлар базасидан ДБҚнинг маълумотлар базасига келиб тушган жарима солиш тўғрисидаги қарор асос бўлади.
Айтиш лозимки, ички ишлар органининг жарима солиш тўғрисидаги қарори, божхона органлари томонидан онлайн режимда тақдим этилган «Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома» маълумотлари асосида реал вақтда автоматик шаклланади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жарима, ДБҚнинг маълумотлар базасига келиб тушган жарима солиш тўғрисидаги қарорда қайд этилган миқдорда хорижий автотранспорт воситаси эгаси, ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсдан ундирилиши таъминланади.
Жаримани тўлаш шакли жуда оддий ва содда, яъни Йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий автотранспорт воситасининг ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахс жарима солиш тўғрисидаги қарорда қайд этилган жарима суммасини чегара божхона постидаги банк кассалари ёки электрон тўлов тизимлари ёхуд ўзига ўзи хизмат кўрсатиш терминаллари орқали тўлайди.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима суммаси тўланмаган тақдирда, божхона хизмати органи ҳудудий ички ишлар органлари билан биргаликда автотранспорт воситаларини ушбу жарима суммаси тўлиқ ундирилгунга қадар тегишли шаклдаги далолатнома асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида белгиланган тартибда вақтинча сақловга олади. Яъни транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунга ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилгунга қадар амалга оширилиши мумкин.
Таъкидлаш лозимки, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима суммаси тўланмаган автотранспорт воситаси белгиланадиган жойларда 60 календарь куни сақланади. Жарима суммаси 60 календарь куни ичида тўланмаган тақдирда, тўланмаган қарздорлик суммасини амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий ижро ва суд органлари билан ҳамкорликда транспорт воситаси ҳисобидан ундириш чоралари кўрилади.
Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, мазкур Низом талаблари:
– Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг, шунингдек, уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг автотранспорт воситаларига;
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кирган ёки транзит ҳаракатланишда бўлган хорижий расмий делегациялар автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Азаматжон ЎРИНБОЕВ,
Андижон вилояти божхона бошқармаси бош инспектори,
Мунис ХАЛИЛОВА,
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси катта инспектори.