Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 52 / Божхона

Ўзимиз учун сертификатсиз олиб кирамиз

 

Мажбурий тартибда сертификатлаштирилиши лозим бўлган товарларни олиб кирадиган жисмоний шахс мувофиқлик сертификатини тақдим этиши керакми? Илгари у керак эмас эди шекилли, ҳозир эса керак дейишяпти. Агар шундай бўлса, у қаерда ва қандай расмийлаштирилади?

С.Аюпов.

 

– Товарларни сертификатлашга тайёрлаш ва уни ўтказишга доир умумий талаблар Маҳсулотларни сертификатлаш қоидалари (АВ томонидан 18.03.2005 йилда 1458-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан тартибга солинган.

Аввало жисмоний шахс товарларни қандай мақсадда олиб кираётганини аниқлаш лозим.

Агар товарлар (транспорт воситаларидан ташқари) ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган бўлса, уларни мувофиқлик сертификатини тақдим этмасдан божхонада расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Жисмоний шахс тижорат мақсадлари учун мўлжалланган ана шундай (бир турдаги) товарларни олиб кираётган бўлса, уларнинг божхона қиймати миқдоридан қатъи назар, мувофиқлик сертификати мавжуд бўлганда белгиланган тартибда расмийлаштирилади (Қоидаларнинг ­50-1-банди).

Маълумот учун. Божхонада расмийлаштириш чоғида ЎзР божхона органи сертификатнинг амал қилиш муддати, шунингдек унда кўрсатилган олиб кирилаётган товар номининг ҳақиқий номига мувофиқлигини текширади.

 

Сертификатлаштириш учун ҳужжатлар

Олиб кирилаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиб-таомилларининг кетма-кетлиги Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 6.07.2004 йилдаги 318-сон қарорига 1-илова) билан белгиланган. Унинг амал қилиши мажбурий ва ихтиёрий сертификатлаштиришга татбиқ этилади.

Сертификатлаштиришни «Ўзстандарт» агентлиги томонидан аккредитация қилинган маҳсулотларни сертификатлаштириш органлари ташкил этадилар ва ўтказадилар. Ариза берувчи уни мустақил равишда танлайди.

Олиб кирилаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш учун ариза берувчи сертификатлаштириш органига ариза билан мурожаат қилади. Унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

● ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга норматив ҳужжат нусхаси (у мавжуд бўлганда);

● санитария-эпидемиологик хулосанинг нусхаси (у мавжуд бўлганда);

● маҳсулотни маркировка қилиш намунаси ёки маҳсулот тўғрисида ахборот;

● Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига етиб келганлиги тўғрисида белги қўйилган товарнинг илова ҳужжати (товар-транспорт юкхати, инвойс, ҳисобварақ-фактура) нусхаси.

Маълумот учун. Сертификатлаштириш органлари ариза берувчининг биринчи талабига кўра унга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт: мажбурий тартибда сертификатлаштирилиши керак бўлган маҳсулот турларининг рўйхати ёки рўйхатдан кўчирма; сертификатлаштириш органини аккредитация қилиш соҳасига тааллуқли бўлган маҳсулотни сертификатлаш қоидалари; сертификатлаштириш бўйича хизматлар нархлари (тарифлари) прейскуранти; давлат ваколатли органида аккредитация қилинганликни тасдиқловчи ҳужжат.

 

Сертификатлаштиришга оид расмиятчиликлар

Сертификатлаштириш органи ариза берилган кундан бошлаб 2 кун муддатда жойига бориб сертификация синовларини ўтказиш учун маҳсулот намуналарини танлаб олади ва идентификация қилади. Ариза берувчи ўз маҳсулотининг танлаб олинишида ва синовларида қатнашиш ҳуқуқига эга.

Дарвоқе, у сертификатлаштириш органига аккредитация қилинган лабораториялардаги маҳсулот синовлари бўйича қўшимча ҳужжатларни тақдим этиши мумкин. Агар унинг алоҳида параметрлари бўйича синовлар турли синов лабораторияларида ўтказилган бўлса, у ҳолда синовларнинг ижобий натижалари билан бирга барча зарур протоколларнинг мавжудлиги маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигининг ижобий баҳоси ҳисобланади.

Лаборатория синовларининг салбий натижалари, шунингдек ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган комплектини тақдим этиш мувофиқлик сертификати беришни рад этиш учун асос ҳисобланади. Бу тўғрида сертификатлаштириш органи ариза берувчига аниқ қонунчилик нормаларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда хабар қилади.

Республикада четдан келтириладиган, мажбурий тартибда сертификатланиши керак бўлган маҳсулотга норматив ҳужжат мавжуд бўлмаганда, сифат ва хавфсизлик бўйича сертификация синовлари маҳсулотнинг ана шундай турлари талабларига мувофиқлиги юзасидан амалга оширилади.

 

Маълумот учун. Сертификатлаштириш органи эътироф этиш тўғрисида битим тузилган МДҲ мамлакатларидан ва узоқ хорижий мамлакатлардан олиб келинадиган маҳсулотга сертификатларни эътироф этиш ҳуқуқига эга. У олинган ҳужжатлар ва материалларни таҳлил қилиш, шунингдек маҳсулотни идентификациялаш асосида чет эл мувофиқлик сертификатини эътироф этиш (этмаслик) тўғрисида қарор қабул қилади.

Бироқ норматив ҳужжатларда сертификатлаштириш учун шарт бўлган ёки контрактда белгиланган қўшимча талаблар мавжуд бўлган тақдирда маҳсулот ушбу талабларга мувофиқлик юзасидан синаб кўрилиши керак.

 

Сертификатлаштириш органи тақдим этилган ҳужжатлар ва синовларнинг ижобий натижалари асосида 2 иш куни мобайнида олиб кирилаётган маҳсулотга мувофиқлик сертификатини расмийлаштиради. Яроқлилик муддатига (кафолатли муддатга) эга бўлмаган маҳсулотларга эса – амал қилиш муддати кўрсатилмасдан, кўплаб ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун 3 йилга берилади.

Сертификатлаштириш бўйича ишлар ҳақини, уларнинг натижаларидан қатъи назар, ариза берувчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлайди. Бунда сертификатлаштириш бўйича ишлар олдиндан ҳақ тўланганидан кейин бошланади (Қоидаларнинг 7-банди).

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 1125 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика