Компаниямиз (ЯСТ тўлайди, ҚҚС тўламайди) ЎзР ҳудудида доимий муассаса орқали фаолият юритадиган хорижий компания билан экспорт контрактини тузмоқчи. Хизматларимиз (жиҳозларнинг кондиционер тизимларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш-тиклаш ишлари) ҳақи Франциядаги асосий офисдан валютада тўланади. Хизматлар Ўзбекистон ҳудудидаги ДМ биносида кўрсатилади.
Бундай шартнома бўйича кўрсатилган хизматлар ҳажмига ҚҚС солинадими?
– Йўқ, сиз экспорт қиладиган хизматларга ҚҚС солинмайди.
Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби назарда тутилган юридик шахслар ҚҚС тўловчи ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 197-моддаси 2-қисми). Фақат муайян ишларни, хизматларни импорт қилганда, агар уларни реализация қилиш жойи ЎзР ҳудуди деб тан олинса (Солиқ кодексининг 202, 207-моддалари), шунингдек товарларни импорт қилганда (Солиқ кодексининг 197-моддаси 1-қисми 3-банди) ҚҚС тўлайдилар.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.