Халқимизда яқинлардан қолган мерос муқаддас саналади. Албатта, уни кўзга тўтиё қилиб асраб-авайлаш керак, лекин бу иш ҳам қонун доирасида бўлиши даркор.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари олинган тезкор маълумотлар асосида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари билан ҳамкорликда Қораўзак туманида яшовчи Б.К.нинг хонадонини кўздан кечиришди. Холислар иштирокида ўтказилган тадбирда фуқаронинг уйидан ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 1 дона ов милтиғи, 12 дона 16 калибрли патрон, 4 дона гильза, 80 дона жам, 87 дона пиж, 12 грамм порох, 143 дона дроблар чиққан. Суриштирув-тергов ишлари давомида Б.К. ушбу қурол-яроғлар унга марҳум отасидан мерос қолганлигини маълум қилган.
Аниқланган ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади. Мазкур буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод этилади.
Бошқа ҳолатда қорақалпоғистонлик божхоначилар хавфлилиги жиҳатидан юқоридаги қурол-аслаҳалардан кам бўлмаган, инсонни бир эмас, бир неча марта «ўлдириши» мумкин бўлган «маънавий бомбалар»ни фош этишди.
«Даут ота» чегара божхона пости орқали кириб келган М.Ш.нинг уяли алоқа воситасида 283 дона, Р.М.никида 197 дона, М.Р.никида 203 дона, Д.О.нинг қўл телефонида 192 дона беҳаё мазмундаги видеофайллар борлиги текширувлар давомида аниқланди.
Жорий йилнинг I чорагида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан 52 та божхона қонунбузарлиги ҳолатлари аниқланган бўлиб, улар бўйича жами 3 861 дона беҳаё мазмундаги материалларнинг кириб келиши тўхтатиб қолинган.
Шу ўринда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси фуқароларга божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар юзасидан (0361) 224-02-68 рақамли
«Ишонч телефонлари»га қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатади.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Ахборот хизмати.