МЧЖ ХК (ҚҚСни ихтиёрий равишда тўлайдиган ЯСТ тўловчиси) бошқа корхона устав фондига бино тарзида ҳисса киритди. Муайян вақт ўтгач, у мазкур улушни учинчи шахсга текинга беришга қарор қилди.
Улуш бошқа корхонага текинга берилганда ёки номиналдан паст қийматда сотилганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
Н.Препетова.
– Устав капиталига улушлар, ҳиссалар корхонанинг мол-мулки ҳисобланади (Солиқ кодексининг 22-моддаси). Устав фондидаги улуш текинга ёки номинал қийматидан паст нархда берилганда ҳадя қилувчида (сотувчида) ЯСТ ва ҚҚС бўйича солиқ оқибатлари юзага келмайди.
ЯСТ
Мол-мулкнинг чиқиб кетишидан фойда унинг чиқиб кетишидан олинган даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 133-моддаси). Чиқиб кетишдан олинган фойдага бошқа даромад сифатида ялпи тушум таркибида ЯСТ солинади (Солиқ кодексининг 132, 355-моддалари).
Устав капиталидаги улуш текинга ёки номинал қийматидан паст нархда берилаётганлиги сабабли корхона уни беришдан зарар кўради. Тегишинча, корхона мазкур операция бўйича даромаддан солиқ солинадиган ЯСТга эга бўлмайди.
ҚҚС
Мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш, шу жумладан устав фондига қўшилган ҳисса товарларни реализация қилиш обороти деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 199-моддаси 1-қисми 1-банди).
Реализация қилиш – сотиш, айирбошлаш, беғараз бериш мақсадида товарларни жўнатиш (топшириш), ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш (Солиқ кодексининг 22-моддаси).
Юридик шахсларнинг устав фондидаги улушларни реализация қилиш ҚҚСдан озод қилинади (Солиқ кодексининг 209-моддаси 7-банди).
Улушни номинал қийматидан паст нархда ёки текинга бериш ҚҚС бўйича солиқ оқибатларига олиб келмайди.
Жавобларни «Norma» экспертлари тайёрладилар.