Сирдарёда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Божхона қўмитаси ташаббуси билан тадбиркорлик субъектлари иштирокида ўқув-семинар ўтказилди.
Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси доирасида ташкил этилган семинарда ташқи иқтисодий фаолият соҳасида давлат хизматларининг шаффофлиги, экспорт-импорт операциялари мутаносиблигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
– Семинар иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, тадбиркорлик субъектлари, агрофирмалар ва фермер хўжаликлари раҳбарларининг экспорт фаолияти борасидаги малакасини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Ш.Хайруллаев. – Тадбирда экспортёр ва импортёрларнинг божхона тизимида дуч келаётган муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари атрофлича жавоб қайтарди.
ЎзА.