Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 20 / Жавоб берамиз

Дивидендни қандай тўлашни банк белгилайдими?

 

Бизни МЧЖ иштирокчиларининг дивиденд олишларига доир тартиботлар қизиқтиради.

Корхонамизнинг (МЧЖ) ягона иштирокчиси 2016 йил ҳисобидан дивиденд (масалан, 55 млн сўм (8710-счётнинг якуний сальдоси)) олишни режалаштирмоқда. Банк ҳисобварағимиздаги сумма етарли бўлмаслиги мумкин (масалан, 20 млн сўм). Бундай ҳолда дивиденд олиш учун чиқарилган баённома ва буйруқда қайси сумма кўрсатилади – 55 млн ми ёки 20 млн? Ёки биргина баённома ва буйруқ билан ушбу суммани йил давомида олиш мумкинми?

Корхона ҳар қандай ҳолда ҳам 55 млн суммани 2017 йил охирига қадар дивиденд тарзида олади. Баъзи банк муассасалари дивиденд суммасини бўлиб-бўлиб олишимизни талаб қиляпти. Яъни 20 млн сўм олмоқчи бўлсак, қароримизда айнан шу суммани (55 млн сўмни эмас!) кўрсатишимиз шарт деб талаб қилаяпти. Аммо ҳеч қандай қонуний асос кўрсатишмаяпти. Банкнинг бу талаби қонунийми ва умуман, банк корхонанинг ички ишларига аралашишга ҳақлими?

Миртўлқин Мираҳмедов,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

– МЧЖнинг соф фойдасини унинг иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилиш иштирокчилар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатлари жумласига киради («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддаси ­2-қисми 9-хатбошиси, кейинги ўринларда – Қонун).

Дивиденд олиш учун МЧЖ иштирокчилари ўзларининг умумий йиғилишида МЧЖнинг соф фойдасини улар ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қиладилар. Қарорда фойданинг иштирокчилар ўртасида МЧЖ устав фондидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланадиган қисми белгилаб қўйилади. Бу каби тақсимлаш ҳар чоракда, ярим йилда бир марта ёки бир йилда бир марта амалга оширилиши мумкин (Қонуннинг ­25-моддаси).

МЧЖнинг соф фойдасини унинг иштирокчилари ўртасида тақсимлаш (яъни дивидендлар тўлаш) масаласи юзасидан қарор, агар бундай қарорни қабул қилиш учун МЧЖнинг уставида кўпроқ овозлар сони зарурлиги назарда тутилган бўлмаса, иштирокчилар умумий овозлар сонининг кўпчилик овозлари билан қабул қилинади (Қонуннинг 34-моддаси 10-қисми).

Шу ўринда эътиборингизни соф фойдани иштирокчилар ўртасида тақсимлашдаги ва уни дивиденд сифатида тўлашдаги чеклашларга қаратамиз. Қонуннинг 26-моддасига кўра, жамият қуйидаги ҳолларда ўз фойдасини жамият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли эмас:

агар бундай қарорни қабул қилиш пайтида жамият қонунга мувофиқ банкротлик белгиларига жавоб берса ёки агар мазкур белгилар жамиятда шундай қарор қабул қилиниши натижасида пайдо бўлса;

агар шундай қарорни қабул қилиш пайтида жамият соф активларининг қиймати унинг устав фондидан (устав капиталидан) ва захира фондидан кам бўлса ёки шундай қарор қабул қилиниши натижасида уларнинг миқдоридан камроқ бўлиб қолса.

Жамиятингиз бир иштирокчидан таркиб топганлигини ҳисобга олсак, корхонангизда жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ваколатлари жумласига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар корхонангизнинг ягона иштирокчиси томонидан якка тартибда қабул қилиниши ва ёзма равишда расмийлаштирилиши шарт (Қонуннинг 37-моддаси). Демак, унинг қарорлари баённома эмас, балки қарор шаклида расмийлаштирилади.

Агар фирмангизнинг 2016 йилдаги соф фойдаси 55 млн сўмни ташкил қилган бўлса, у ҳолда унинг ягона иштирокчиси ушбу фойдани ўзига бутунлай ёки бир қисмини қолдириши мумкин. Бу унинг ҳуқуқидир. Шундай экан, фирмангизнинг банк ҳисобрақамида бундан кам сумма бўлса-да (масалан, сиз айтганингиздек, 20 млн сўм), у қарорда дивиденд сифатида тўланиши лозим бўлган 55 млн сўмлик сумманинг барчасини кўрсатиши мумкин. Бу ҳолда фирма пул маблағлари тарзидаги дивидендни унинг ҳисобварағида мавжуд бўлган сумма доирасида тўлаши мумкин. 55 млн сўмни кўрсатилган қарорга асосан унга қолган суммаларни қисмларга бўлиб (фирма ҳисобварағига маблағларнинг келиб тушишига қараб) фирма уставида ёки қарорда белгиланган муддат ичида тўлаш мумкин. Агар уставда ёки қарорда дивидендни тўлаш муддати кўрсатилмаган бўлса, дивиденд оқилона муддат давомида тўланиши керак.

Хулоса шуки, банкнинг сиз хатингизда баён этган талаби қонуний асосга эга эмас. Яъни банк ўз мижозларининг, яъни корхонангизнинг ички ишларига аралашишга, шу жумладан 55 млн сўмлик дивидендни бўлиб-бўлиб тўлаш ва ҳар бир бўлинган суммага алоҳида қарор расмийлаштириш ҳамда ҳар бир қарорнинг нусхасини тақдим этиш тўғрисида талаб қўйишга ҳақли эмас.

 

Камол МУЗАФФАРОВ, «Norma Online» етакчи эксперти.

Прочитано: 1691 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика