Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 16 / Солиқ солиш

Таълим олиш ҳақини тўлашда солиқ чегирмаси

 

2014, 2015 ва 2016 йилларда корхона ҳисоб-китоб счётидан ходимимиз фарзандининг ўқиши учун тўловни олий ўқув юртига (ариза ва шартномага биноан) тўлади. Отаси корхона муассиси ҳисобланади. Тўланган сумма тегишли солиқ даврида корхона харажатига киритилган. Бухгалтерия проводкаларида бошқа ҳеч қандай хатти-ҳаракатлар қилинмаган. Ходимга солиқ чегирмаси қўлланмаган, моддий наф тарзидаги даромадлардан солиқ ҳисобланмаган.

Ходим онасининг йиллик МҲТФ иш ҳақи катта бўлмагани сабабли ўша йилда ўқиш учун тўланган суммадан кам, бунинг устига иш ҳақининг 50%и суднинг ижро варақасига асосан ушлаб қолинади. Муассис отасига 2014 йил учун дивидендлар, шунингдек 2015–2016 йиллар учун жамғарилган фойда ҳисобланган (бироқ тўлиқ олинмаган), у дивидендлар ҳисобланганда барча ўқиш йиллари учун тўланган бутун суммани қоплай олади.

1. Агар ўқиш учун тўловни корхона тўлаган бўлса, ўқиш учун тўловни тўлашда ходим онасининг 2017 йилда олинган даромадига ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми?

2. Тўланган суммани муассис отасининг дивидендлари ҳисобига корхонага қоплаш мумкинми?

3. Хатони, бироқ жорий солиқ даврида қандай қилиб тўғри тузатиш мумкин? Жорий даврда тузатиш киритишда қандай бухгалтерия проводкаларини акс эттириш зарур?

4. Мазкур вазият юзасидан қандай ҳужжатларни илова қилиш зарур?

М.Ҳусанова,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

1

Агар корхона ўқиш учун тўловни қайтариш шарти билан тўлаган бўлса, ходим онасининг 2017 йилдаги даромадига имтиёзни қўллай оласиз (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 4-банди).

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёз жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган даромадларини Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида ўзининг ўқиши ёки 26 ёшгача бўлган ўз фарзандларининг ўқиши учун йўналтириладиган суммаларига камайтириш кўринишида берилади (Низомнинг 2-банди). Яъни ходим онаси тўловни тўлаган корхона олдидаги қарзни сўндириб, 2017 йилдаги даромадларини ўқиш учун тўловни тўлашга йўналтирса, ушбу имтиёздан фойдалана олади.

 

2

Муассис отасининг дивидендлари ҳисобига тўланган суммани корхонага қоплаш мумкин. Имтиёзга келсак, солиқ чегирмаси таълим учун тўлов қуйидагилар ҳисобига амалга оширилганда тақдим этилади:

● тўланган суммаларни жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромадларидан кейинчалик ушлаб қолиш шарти билан берилган иш берувчининг маблағлари;

● Ўзбекистон олий ўқув юртига ёки тижорат банкига олинган таълим кредитини қоплаш эвазига иш берувчи томонидан ўтказиб бериладиган жисмоний шахснинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари.

 

3

Агар ҳисобда ўқиш учун тўловни корхонанинг харажати сифатида акс эттирган бўлсангиз, ушбу суммадан ЖШДС ушлаб қолишингиз зарур эди, сабаби у моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади.

Агар корхона ўқиш учун тўлов суммасини ҳисобда жисмоний шахсга корхона берган қарз бўйича қарздорлик сифатида акс эттирса, моддий наф тарзидаги даромадлардан солиқ ҳисобланмаганлиги учун санкциялардан қутула олади.

Сўнгра қарз бўйича қарздорлик иш ҳақидан ушлаб қолиш ёки дивидендларни уни сўндиришга йўналтириш воситасида қопланади.

Молиявий ҳисоботга келсак, олдинги даврлардаги молиявий ҳисоботларни тайёрлаш чоғида йўл қўйилган xатоларга киритилган тузатиш миқдори (муҳим хатолардан ташқари) ҳисобот давридаги соф даромад ёки зарарга қўшилади (АВ томонидан 27.08.1998 йилда 484-сон билан рўйхатдан ўтказилган 3-сон БҲМСнинг 16-банди).

Қуйидаги усуллардан бири воситасида олдинги даврда йўл қўйилган муҳим (жиддий) хатоларни тўғрилаш мумкин:

1) йил бошигача тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш йўли билан ҳисоботда акс эттириш;

2) ўтган йилнинг шу даврига оид маълумотларни ўзгартириш, агар хатолар арзимайдиган даражада бўлса, улар истисно қилинади (3-сон БҲМСнинг 17-банди).

Агар корхона умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлса, тузатиш фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини қайта ҳисоблашга олиб келишини инобатга олиш лозим. Бу ҳолда ушбу солиқлар юзасидан ўтган даврлар учун ҳисоб-китобларни қайта топшириш зарур бўлади.

 

Хатоларни тўғрилашда бухгалтерия маълумотномаси расмийлаштирилади ва қуйидаги проводкалар қилинади:

Операциянинг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Жисмоний шахс – ходим бўйича

 

Хато тўғриланди – жисмоний шахснинг қарзи акс эттирилди

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

8700-«Тақсимланмаган фойда»

 

Фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ҳисобланди (тўловчилар учун)

 

8700-«Тақсимланмаган фойда»

 

6400-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

 

Қарз суммаси иш ҳақидан ушлаб қолинди

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар»

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

Корхона олдидаги қарз пул маблағлари билан сўндирилди

 

Пул маблағларини ҳисобга олувчи счётлар

 

4790-«Ходимларнинг бошқа қарзлари»

 

Жисмоний шахс – муассис бўйича

 

Ўқиш учун тўлов тарзида берилган қарз бўйича муассиснинг қарзи акс эттирилди

 

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»

 

8700-«Тақсимланмаган фойда»

 

Фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ҳисобланди (тўловчилар учун)

 

8700-«Тақсимланмаган фойда»

 

6400-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

 

Тўланадиган дивидендлар корхона ўқиш учун тўлаган суммада ушлаб қолиниши лозим бўлган суммага камайтирилди

 

6610-«Тўланадиган дивидендлар»

 

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари»

 

 

Қонун ҳужжатларида жорий даврнинг молиявий ҳисоботидаги жиддий бўлмаган хатоларни тузатиш имконияти назарда тутилган. Бироқ тегишли давр учун молиявий ҳисоботни қайта топширишингизни ва ҳисоб регистрларига тузатишлар киритишингизни тавсия этамиз. Агар жисмоний шахсларнинг қарзини акс эттирсангиз ва ўқиш учун тўлов суммасини корхона харажатлари таркибидан чиқариб ташласангиз, моддий наф тарзидаги даромадлардан ЖШДС ушлаб қолмаганлик учун санкциялардан қутуласиз.

 

4

Жисмоний шахсларнинг қарзини ҳисобда акс эттириш мақсадида улар билан ўқиш учун тўлов суммасини қоплаш муддатлари ва тартибини назарда тутувчи битим (қарз шартномаси) имзоланган бўлиши керак. Ушбу суммани муассиснинг дивидендлари ҳисобига ушлаб қолиш тўғрисидаги қарор тегишли ҳисобот даври якунларига кўра тузилган баённомада ёки якка иштирокчининг қарорида қайд этилган бўлиши шарт.

Жисмоний шахс солиқ чегирмасини олиш учун иш берувчига даромадларини ўқиш учун тўловга (кредитни қоплашга) ўтказиш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этади:

 талаба (талабалар) билан Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юрти ўртасида тўловли-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;

 тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;

 таълим олувчининг (таълим олувчиларнинг) паспорти ва (ёки) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси (Низомнинг 11-банди).

 

Лилия ХИСМАТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1708 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика