Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 16 / Солиқ солиш

Дипмиссиялар учун хизматлар: ҚҚС бўйича имтиёзлар

 

ЎзРда аккредитацияланган дипломатик миссияларга ва уларнинг ходимларига сотилган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚСни тўлашдан озод қилиш механизми ва уни қоплаш шакли қандай?

А.Рўзиев,

иқтисодчи.

 

Солиқ кодексида дипломатик ваколатхоналар, уларнинг аъзолари ва ходимлари учун ҚҚС бўйича имтиёзларнинг 2 тури: импортни солиқдан озод қилиш ҳамда дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг ходимларига товарларни (ишларни, хизматларни) сотувчи етказиб берувчиларнинг ноль даражали ставкасини қўллаш назарда тутилган.

● Чет эл дипломатик ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналар расмий фойдаланиши учун, шунингдек ушбу ваколатхоналарнинг дипломатик ва маъмурий-техник ходимлари, шу жумладан уларнинг ўзлари билан бирга яшаётган оила ­аъзолари шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган товарларни импорт қилиш ҚҚСдан озод қилинади (Солиқ кодексининг 211-моддаси; БКнинг ­57-боби). Ушбу имтиёз божхона расмийлаштируви чоғида қўлланади.

● Чет эл тарафи ўзаролик принципига амал қилган тақдирда, чет эл дипломатик ваколатхоналари ҳамда уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг расмий фойдаланиши учун, шунингдек бу ваколатхоналар дипломатик ва маъмурий-техник ходимларининг, шу жумладан улар билан бирга яшаётган оила аъзоларининг, агар улар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмасалар ҳамда Ўзбекистонда доимий яшаётган бўлмасалар, шахсий фойдаланиши учун реализация қилинаётган товарларга (ишларга, хизматларга) ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади (Солиқ кодексининг 214-моддаси).

● Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик сервис хизмати томонидан кейинчалик чет эл дипломатик ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга реализация қилиш учун олинаётган товарларга (ишларга, хизматларга) ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади (Солиқ кодексининг 214-моддаси).

Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда ноль даражали ставка қўлланилиши татбиқ этиладиган Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган чет эл дипломатик ваколатхоналарининг ва дипломатик ваколатхоналарига тенглаштирилган халқаро ташкилотларнинг рўйхати Ўзбекистон ТИВ томонидан тасдиқланади.

ҚҚС суммасини қайтариш учун солиқ тўловчи солиқ ҳисобига олинган жойдаги солиқ органларига қуйидаги ҳужжатларни 4 нусхада илова қилган ҳолда ёзма ариза тақдим этади:

 солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича юридик шахс қарзларининг солиштирув далолатномаси. Ҳисобот ойидан кейинги ойнинг ­15-кунига қадар тузилади ва календарь ой мобайнида амал қилади;

 ҚҚС ҳисоб-китоби;

 юридик шахсга илгари қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммаси қайтарилган бўлса, қайтарилган суммалар ва саналар тўғрисидаги маълумотлар.

Кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча равишда чет эл дипломатик ваколатхоналари ҳамда уларга тенглаштирилган ваколатхоналарга расмий фойдаланиш учун товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилувчи юридик шахслар ноль даражадаги ставкани қўллаш учун белгиланган шаклда расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактураларнинг кўчирма нусхаларини тақдим этишлари шарт.

ҚҚС суммасини қайтариш тўғрисидаги ёзма аризани кўриб чиқиш, қайтарилиши лозим бўлган ортиқча суммани аниқлаш ва маблағларни солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тартиби Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 7.04.2016 йилда 2775-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган.

 

Лилия ХИСМАТОВА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1425 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика