Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 16 / Солиқ солиш

Меҳмонхона йиғими – янги қоидаларга кўра

 

Дипломатик миссияларнинг вакиллари солиқлар ва туристик йиғимни тўлашга доир қандай имтиёзларга эга?

А.Рўзиев,

иқтисодчи.

 

Солиқлар бўйича имтиёзлар

ЎзР Олий Кенгашининг 6.05.1994 йилдаги 1078-XII-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон 1994 йилда қўшилган Дипломатия муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенциясида (Вена, 18.04.1961 йил) дипломатик ваколатхоналар аъзоларига имтиёзлар ва афзалликлар назарда тутилган.

Вена конвенциясига мувофиқ Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари тўғрисидаги низом (ВМнинг 8.05.2001 йилдаги 207-сон қарорига 1-илова) тасдиқланган, унда миссиялар ва элчихоналарга ҳам имтиёзлар ва дахлсизлик ҳуқуқлари берилиши аниқлаштирилган.

Бундан ташқари, хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарининг бошлиқлари ва ходимлари, консуллик муассасаларининг мансабдор шахслари, уларнинг ўзлари билан бирга яшайдиган оила аъзолари, агар улар Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаса, Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинадиган, дипломатлик ва консуллик хизмати билан боғлиқ бўлмаган даромадларидан ташқари барча даромадлари бўйича амалдаги солиқ қонунчилигига мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини (ЖШДС) тўлашдан озод қилинади.

Юқорида кўрсатилган шахслардан ташқари, қуйидагилар ЖШДС тўлашдан озод қилинган:

 хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг маъмурий-техник ходимлари ҳамда уларнинг ўзлари билан бирга яшайдиган оила аъзолари – Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинадиган, дипломатлик ва консуллик хизмати билан боғлиқ бўлмаган даромадларидан ташқари барча даромадлари бўйича;

 хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарига, консуллик муассасаларига хизмат кўрсатадиган ходимлар таркибига кирган шахслар – ўз хизмати юзасидан оладиган барча даромадлари бўйича;

 хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг уйларида ишловчилар – ўз хизмати юзасидан оладиган барча даромадлари бўйича.

Мазкур имтиёзлар, агар кўрсатилган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса ёки Ўзбекистонда доимий яшамаса, тақдим этилади (Солиқ кодексининг 180-моддаси).

 

Туристик йиғим

Илгари амал қилган Сайёҳларга хизмат кўрсатилгани учун туристик фирма ва меҳмонхона хўжаликларидан ундириладиган туристик йиғимлар тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 13.09.2004 йилда 1407-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 14.01.2013 йилда ўз кучини йўқотган) қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган хорижий дипломатик ваколатхоналарда ишлайдиган дипломатик корпус ходимларига, Ўзбекистон Республикасида аккредитацияланган ҳукумат делегациялари аъзоларига, журналистларга, хорижий ваколатхоналар ва миссиялар ходимларига хизмат кўрсатишда туристик йиғим ундирилмайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик йиғимни ундириш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 10.10.2012 йилдаги 288-сон қарорига 2-илова, 22.03.2017 йилдан ўз кучини йўқотган) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларга хизмат кўрсатишда кўрсатилган йиғим ундирилмайди.

2017 йил 1 январдан бошлаб меҳмонхоналарда ва бошқа жойлаштириш жойларида хорижий фуқароларга ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий турар жойига эга бўлмаган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўрсатиладиган жойлаштириш бўйича хизматларга шу жумладан туризм фаолияти субъектлари орқали ҳақ тўлаш фақат эркин алмаштириладиган валютада амалга оширилади, улар учун тўлов республиканинг таклиф этувчи давлат ва бюджет ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган ҳолатлар бундан мустасно.

Президентнинг ПФ-4861-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик (меҳмонхона) йиғимни ундириш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 15.03.2017 йилдаги 137-сон қарорига 2-илова) тасдиқланган. Унга кўра туристик (меҳмонхона) йиғим – жойлаштириш воситалари томонидан хорижий фуқаролар ва Ўзбекистон Республикасида доимий турар жойига эга бўлмаган, фуқаролиги бўлмаган шахслардан 2 АҚШ доллари эквиваленти миқдорида уларнинг жойлаштириш воситаларида яшаган ҳар бир куни учун ундириладиган йиғим. Бунда туризм йиғими хизматларга ҳақ тўланган валютада тўланади (2.12.2016 йилдаги ПФ-4861-сон Фармоннинг 10-банди).

Бинобарин, туристик фаолият субъектлари хорижий фуқароларга, шу жумладан дипломатик миссиялар аъзоларига хизмат кўрсатишда йиғим ундиришлари шарт.

 

Лилия ХИСМАТОВА,

«Norma Online» эксперти.

 

Ҳужжат тили билан

3.10. Дипломатик ваколатхона бошлиғи ва дипломатик персонал аъзолари барча солиқлар, йиғимлар ва божлардан озод қилинади, бундан қуйидагилар мустасно:

1) одатда товарлар ёки хизматлар кўрсатиш нархига қўшиладиган солиқлар (қўшилган қиймат солиғи, акцизлар, божхона божлари);

2) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги жисмоний шахслар мулкидан йиғимлар ва солиқлар, агар у мулкка аккредитация қилинувчи давлат номидан ваколатхона мақсадлари учун эгалик қилмаса;

3) меросдан давлат божлари;

4) манбаи Ўзбекистон Республикасида бўлган даромаддан йиғимлар ва солиқлар, Ўзбекистон Республикасидаги тижорат корхоналарига капитал қўйилмалардан солиқлар;

5) хизматлар кўрсатишнинг муайян турларидан ундириладиган йиғимлар;

6) мулкни рўйхатдан ўтказиш, суд ва реестр божлари.

3.11. Дипломатик ваколатхона расмий фойдаланиш учун мўлжалланган товарларни, дипломатик ваколатхона бошлиғи ва дипломатик ваколатхонанинг дипломатик персонали аъзолари эса – уларнинг шахсан фойдаланиши учун мўлжалланган буюмларни, шу жумладан дастлабки жойлашиб олиш учун зарур бўлган товарларни олиб кириши ва олиб чиқиб кетишлари мумкин.

Дипломатик ваколатхонанинг расмий фойдаланиши учун мўлжалланган буюмлар, шунингдек дипломатик ваколатхона бошлиғининг ва дипломатик ваколатхонанинг дипломатик персонали аъзоларининг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган товарлар, буюмларни божхона чегараси орқали олиб ўтишнинг белгиланган тартибига риоя этилган тақдирда, барча божхона божлари, солиқлар ва йиғимлардан озод қилинади, буюмларни сақлаш, белгиланган жойлардан ташқарида ёки божхона расмийлаштириши учун тўловлар бундан мустасно.

3.12. Дипломатик ваколатхона бошлиғининг ва дипломатик персонал ­аъзоларининг шахсий багажи кўрикдан ўтказишдан озод қилинади, багажда олиб кирилиши ва олиб чиқиб кетилиши Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланган товарлар борлигига асослар бўлган ҳоллар бундан мустасно. Бундай кўрикдан ўтказиш фақат багаж эгаларининг ёки уларнинг ваколатли вакили иштирокида амалга оширилиши керак.

Низом (ВМнинг 8.05.2001 йилдаги 207-сон қарорига 1-илова)

Прочитано: 1725 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика