Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 16 / Тадбиркорга ёрдам

Ишончнома: у кимга ва нима учун керак

 

Компания номидан ишончномасиз ҳаракат қила оладиган ягона шахс – унинг раҳбари. Шунга қарамай, ҳатто энг тартибли ва уддабурон директор ҳам доим ҳамма ишни уддалай олмайди. Фирма раҳбари ваколатларининг бир қисмини хоҳишига кўра бошқа шахсларга бериши мумкин. Бу ҳолда қонун ишончнома расмийлаштирилган бўлиши кераклигини мажбурий равишда талаб қилади. Шарҳимизда уни тузиш ҳақида батафсил сўз юритамиз.

 

 

Кимга махсус, кимга бош ишончнома

Бериладиган ваколатлар ҳажмига кўра ишончномалар шартли равишда умумий (ёки бош) ва махсус ишончномаларга бўлинади. Биринчиларига асосан кўпинча филиаллар ва ваколатхоналар раҳбарлари ваколатга эга бўладилар. Бироқ улардан бошқа ҳолларда фойдаланиш қонун билан тақиқланмаган. Мисол учун, бош ишончнома билан ходимлардан бирига кенг миқёсдаги ҳуқуқ ва мажбуриятларни берган ҳолда унга директорнинг «ўнг қўли» мақомини бериш мумкин (шартномалар тузиш, мол-мулк ва пул маблағларини тасарруф этиш, ишга қабул қилиш ва меҳнат муносабатларини бекор қилиш, судларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларида вакиллик қилиш ва ҳ.к.). Бундай ҳолат амалиётда кўп учрайди.

Махсус ишончномалар юридик аҳамиятга эга бўлган муайян хатти-ҳаракатларни фирма номидан амалга ошириш ҳуқуқини беради. Масалан, ташкилотга тегишли автомобилни бошқаришга ёки компания номидан муайян шартномани имзолашга (бир нечта битимни тузишга), судда ташкилот манфаатларини ҳимоялашга, бошқа ташкилотларга ҳужжатлар бериш ва уларни олишга ишончнома ва ҳ.к.

 

Ишонч билдириш ҳам муайян шаклга эга

Юридик шахс ишончномаси ҳар қандай ҳолда ёзма кўринишда расмийлаштирилади. Бироқ юридик шахс номидан берилган ишончномани нотариал тасдиқлаш керак эмас (ҳатто автомобиль билан боғлиқ ҳолатда ҳам). Улар эркин шаклда расмийлаштирилса ҳам, ҳужжатнинг мажбурий реквизитларини ҳисобга олиш зарур.

Қуйидаги вазият юз берди дейлик. Ташкилотни хўжалик судига бердилар, биринчи суд мажлиси тайинланди. Фирмада юрист йўқ, раҳбар эса ҳуқуқий масалаларда етарлича малакага эга эмас. Етакчи иқтисодчини судга юборишга қарор қилдилар – у буни уддалайди. Бу ҳолда унга албатта ишончнома керак. У мана шундай кўринишда бўлиши керак деб ҳисоблаймиз:

 

«МИСОЛ» МЧЖ

Манзил: 100000, Тошкент ш., Миробод тумани, Таллимаржон кўч., 1/1, тел: 123-45-67

СТИР: 123456789, ҳ/р: 12345678912345678912

___________________________________________________________

 

1-сон ИШОНЧНОМА

 

2017 йил «23» март                                                      Тошкент ш.

 

Тошкент ш., Таллимаржон кўч., 1/1 манзилида жойлашган, СТИР: 123456789 бўлган «МИСОЛ» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда – Жамият) ўз вакили Абдураҳмонов Абдураҳмон Абдураҳмоновичга (ABDURAXMONOV ABDURAXMON ABDURAXMONOVICH, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг АА № 1234567 сериясидаги паспорти, TOSHKENT SHAHAR MIROBOD TUMANI IIB томонидан 02.02.2014 йилда берилган) қуйидаги ваколатларни амалга ошириш ҳуқуқини ишониб топширади:

– хўжалик судида Жамият манфаатларини ҳимоя қилиш;

– ишда иштирок этувчи шахснинг ҳуқуқларидан фойдаланиш: иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар қилиш, нусхалар олиш, қарши мулоҳаза билдириш, исбот-далилларни тақдим этиш, исбот-далилларни текширишда иштирок этиш, саволлар бериш, илтимосномалар бериш, баёнот бериш, хўжалик судига оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ўз важ-далилларини, ишни кўриш давомида юзага келган барча масалалар бўйича хулосаларни тақдим этиш, илтимосномаларга, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг важ-далилларига қарши эътироз билдириш, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳамда унга қонун ҳужжатлари ва суд билан берилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан фойдаланиш;

– Жамият номидан қарши даъво аризасини имзолаш ва бериш, даъвони тўлиқ ёки қисман тан олиш, қарши даъво талабларидан бутунлай ёки қисман воз кечиш, қарши даъво предмети ёки асосини ўзгартириш, келишув битимини тузиш, суднинг ҳал қилув қарорини устидан апелляция ва кассация тартибида шикоят қилиш, протест келтириш тўғрисидаги аризани имзолаш, қарши даъво бўйича суднинг ҳал қилув қарорини мажбурий тартибда ижро этишни талаб қилиш, қарши даъво бўйича ҳукм қилинган мол-мулк ёки пулни олиш;

– Жамият манфаатларини кўзлаб қонун ҳужжатларига ва суд ишини юритишнинг белгиланган тартибига зид бўлмаган бошқа процессуал ваколатларни амалга ошириш.

 

Ишончнома ваколатларни бошқа шахсга топшириш ҳуқуқисиз 1 йил муддатга берилди.

 

А.А. Абдураҳмонов /Абдураҳмонов/ имзоси намунасини тасдиқлайман.

 

 

Директор                        /Бобоев/                                Б.Б. Бобоев

 

 

Бизнинг шарҳ:

1 – одатда ишончнома фирма бланкасида босма кўринишда расмийлаштирилади. Ҳужжатнинг юқори қисмидаги чап бурчагида бурчакли штамп қўйишга ҳам йўл қўйилади. Шу тариқа, ишончномада ишонч билдирувчининг (ишончли вакил манфаатларини ҳимоялаётган ташкилотнинг) фирма номи, жойлашган манзили, телефон рақами ва бошқа идентификациялаш (алоқа боғлаш) маълумотлари акс эттирилади;

2 – ишончноманинг рўйхат рақами, берилган санаси ва жойи. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журналига мувофиқ бевосита кетма-кет тартибда рақам қўйилади;

3 – ишончли вакилнинг расмий ҳужжатларга мувофиқ маълумотлари (Ф.И.О., паспорт ёхуд унинг ўрнини босувчи ҳужжат маълумотлари);

4 – вакилга бериладиган ваколатлар. Ишончнома ишончли вакилнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари рўйхатини иложи борича тўлиқ ва аниқ акс эттириши шарт. Акс ҳолда ўз вакилини ҳам, умуман ташкилотни ҳам обрўсизлантириш, бизнинг мисолда эса – иш судгача бориши мумкин. Шу сабабли ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши керак бўлган ваколатларни кўрсатдик (ХПКнинг 52-моддаси);

5 – ишончноманинг амал қилиш муддати. Агар у кўрсатилмаган бўлса, ишончнома берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди. Қонунга кўра у кўпи билан 3 йил муддатга берилиши мумкин (ФКнинг 139-моддаси).

Умумий қоидага кўра ишончли вакил унга берилган ишончнома доирасидаги ҳаракатларни шахсан ўзи амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин (ФКнинг ­140-моддаси). Бизнинг мисолда бўлганидек, махсус ишончномаларда одатда ваколатларни бошқа шахсга ишониб топшириш назарда тутилмайди;

6 – ишончли вакил имзосининг намунаси ҳам ўз ваколатларини бажараётганда уни идентификациялаш имконини беради;

7 – раҳбар имзоси ва ташкилот муҳри (мавжуд бўлганда).

 

ТМБ – алоҳида ҳолат

Товар-моддий бойликларни (ТМБ) олишга ишончномалар билан бошқача иш юритилишини айтиб ўтамиз. Бунда молия вазирининг буйруғи билан тасдиқланган махсус шаклдан фойдаланиш зарур. Уни тўлдириш жараёнида Товар-моддий бойликларни олишга ишончномалар бериш ва уларни ишончномалар бўйича бериш тартиби тўғрисида низомга (АВ томонидан 27.05.2003 йилда 1245-сон билан рўйхатдан ўтказилган) амал қилиш лозим.

 

Ишончнома рақами

 

Берилган сана

 

Амал қилиш муддати

 

Ишончнома берилган шахснинг Ф.И.Ш. ва лавозими

 

Ишончномани олганлик ҳақида ёзув

 

1

 

2

 

3

 

4

 

5

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Етказиб берувчи

 

Шартнома ва бошқа битимлар рақами ва санаси

 

Топшириқ бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат рақами ва санаси

 

6

 

7

 

8

 

 

 

 

 

 

 

 

– – – – – – – – – – – – – – – – Қирқиш чизиғи – – – – – – – – – – – – – – – –

Ишончнома N__________

Берилган сана «____»_________________20____й.

Ишончнома 20__йил «____» ______гача ҳақиқий ҳисобланади.

______________________________________________________________

(корхона номи ва манзили)

Ишончнома берилган шахс ______________________________________

                                                             (лавозими ва Ф.И.О.)

Паспорт серияси ____________N____________________________

Ким томонидан берилган __________________________________

Берилган сана «_____» __________________й.

___________________________________________________________ дан

(етказиб берувчи номи)

___________________________ бўйича моддий бойликларни олиш учун

(ҳужжат номи, рақами ва санаси)

 

Орқа томони

Олинадиган моддий қимматликлар рўйхати

N

 

Моддий бойликлар номи

 

Ўлчов бирлиги

 

Сони (ёзув билан)

 

1

 

2

 

3

 

4

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ишончномани олган шахснинг имзосини _________тасдиқлаймиз.

                                               _________      __________

                                                    (имзо)           (Ф.И.Ш.)

М.Ў. (муҳр бўлган тақдирда)         _________      __________

                                                   (имзо)           (Ф.И.Ш.)

 

Шуни ёдда тутиш лозимки, бунда ишончноманинг белгиланган шаклига риоя этиш унинг ҳақиқий ҳисобланиши шартидир. Бошқача айтганда, эркин шаклда тузилган ишончномага асосан ҳақи тўланган товарни олиш тақиқланади.

Шу ўринда бу ишончноманинг учинчи тури – бир марталик ишончнома эканлигини айтиб ўтамиз. У берилган муддат ҳали тугамаган бўлса ҳам, ишончли вакил зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариши биланоқ амал қилмай қўяди. Шу тариқа, маҳсулотни олаётган пайтда етказиб берувчига ишончномани бергач, ундан яна фойдаланиб бўлмайди. Бу ҳолда ҳам ваколатларни бошқа шахсга ишониб топшириб бўлмайди.

 

Ишончнома бериш: қадамма-қадам

Юридик шахс номидан ишончномани расмийлаштиришнинг умумий алгоритми қуйидагича.

Биринчи қадам. Ишончли вакил амалга ошириши шарт бўлган мақсадларни, яъни юридик аҳамиятга эга бўлган хатти-ҳаракатларни белгилаш. Бизнинг мисолда бу – ташкилот манфаатларини судда ҳимоя қилиш.

Иккинчи қадам. Фирма номидан ҳаракат қиладиган шахсни танлаш, унинг ишончномага қайд этиладиган маълумотларини (ҳужжатлар асосида) аниқлаштириш.

Учинчи қадам. Ишончнома бланкасининг ўзини расмийлаштириш. Юқорида келтирилган намунада, кўп ҳолларда бўлганидек, ҳужжат шакли – эркин. Шунга қарамай, унинг реквизитлари ва мазмуни қонун ва мавжуд амалиёт талабларига жавоб бериши керак (рақами, берилган санаси, ишонч билдирувчи ва ишончли вакилнинг маълумотлари, ваколатлар рўйхати, имзо намунаси, раҳбар имзоси ва муҳр). ТМБ олиш учун тасдиқланган ишончнома шаклидан фойдаланилади (1245-сон Низомга 1, 2-иловалар).

Тўртинчи қадам. 1245-сон Низомга 3-иловада шакли келтирилган Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журналига, алоҳида устунлардан («Етказиб берувчининг номи», «Шартнома ва бошқа битимларнинг рақами ва санаси»дан) ташқари, ёзув қайд этиш. ТМБ олишга ишончнома билан боғлиқ вазиятларда тасдиқланган шаклдаги Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журналини юритишга ҳам, Ишончномалар дафтари корешогида ҳисоб юритишга ҳам йўл қўйилади.

Бешинчи қадам. Ишончномани ишончли вакилнинг шахсан ўзига бериш. Берилган ишончномаларни ҳисобга олиш журналида (Ишончномалар дафтари корешогида) қайд этилган олганлик ҳақидаги тилхат буни тасдиқлаши мумкин.

Сўзимиз якунида ишончномаларни расмийлаштириш ва бериш чоғида амалиётда учрайдиган айрим ҳолатлар ҳақида гапирамиз:

●      қонун ҳужжатларида раҳбар (ишончнома берган бошқа шахс) ўзгарганда ёки ишончли вакилнинг паспорт маълумотлари ўзгарганлиги муносабати билан ишончномаларни қайта расмийлаштириш талаб этилмайди. Бироқ давлат органлари билан муаммолар ва ички корпоратив низолар юзага келишининг олдини олиш мақсадида ушбу ҳолларда илгари берилган, муддати ўтмаган ишончномаларни янгилаш тавсия этилади;

●      агар ишончнома берилган ходим ёки бошқа шахс уни йўқотиб қўйган ёки яроқсиз ҳолатга келтирган бўлса, вазиятга қараб ишончнома дубликатини расмийлаштириш (яъни ўша рақамли ва ўша санадаги бланкани «Дубликат» белгиси билан янгидан қоғозга чиқариш) ёки янгисини бериш мумкин. Бунда хатти-ҳаракатларнинг умумий алгоритми юқорида тавсифланганига айнан ўхшаш бўлади;

●      ишончнома берган шахс у берилган муддат тугагунча исталган пайтда уни бекор қилиши мумкин. Ишончноманинг амал қилиши бекор қилинганлигини буйруқ билан расмийлаштириш мумкин, у билан ишончли вакилни ёзма шаклда тилхат олиб таништириш, унга илгари берилган ишончнома нусхасини қайтаришни талаб қилиш зарур.

 

Олег ЗАМАНОВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 24562 раз(а)

Комментарии к статье (3)

2020-01-02 11:10:09, Гость_Акром Тожиддинов:
Каттакон рахмат бу намуна кўпчилик учун жуда керакли маълумот бўлди
2020-06-14 23:30:24, Гость_:
Katta raxmat ishimizni ancha engillatdingizlar ishlaringizga omad
2020-07-25 13:43:00, Гость_Голиб Хакимов:
Наъмунадан фойдаландим Рахмат

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика