Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 11 / Солиқ солиш

Натура кўринишидаги қарз

 

Ташкилот муассисижисмоний шахс ўзига қарашли фирмага қурилиш материаллари, инвентарь ва ускуналар кўринишида қарз берди.

1. Муассис-жисмоний шахс қурилиш материаллари, инвентарь ва ускуналар кўринишида берган қарзни пластик карточкага пул эквивалентида қайтариш мумкинми? Бунда солиқ оқибатлари қандай бўлади?

2. Агар қарз ярим йил, 1 йил, 3 йил давомида қопланса, фоизларни тўлаш мажбуриятисиз қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдам олинаётганда қарз олувчининг даромади қандай ҳисобланади?

3. Агар юридик шахс 2016 йил июлда 1 500 000 сўм миқдоридаги фоизларни тўлаш мажбурияти билан 150 000 000 сўм молиявий ёрдам олган бўлса, бироқ 2017 йил январда қарзни қайтарган ва фоизларни тўлаган бўлса, Солиқ кодексининг 135-моддасига киритилган қўшимчаларга мувофиқ шартномага ўзгартиришлар киритиш зарурми?

О.Пахомова,

МЧЖ бош бухгалтери.

 

1

Ҳа, муассис қарз шартномасига кўра тақдим этган қурилиш материаллари, инвентарь ва ускуналар ўрнига томонларнинг келишувига кўра унга қарзни қайтариш ҳисобига тенг суммадаги пул маблағларини қайтариш мумкин.

Фуқаролик қонун ҳужжатларида тарафлар ўртасидаги дастлабки мажбуриятни бошқа нарсани ёки бошқача ижро этиш усулини назарда тутувчи янги мажбурият билан алмаштириш назарда тутилган (ФКнинг 347-моддаси).

Бунинг учун қўшимча битим билан қарз шартномаси шартларига тегишли ўзгартиришлар киритиш зарур («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддаси).

Хусусан, қўшимча битимда қарз берувчи мол-мулкини қайтариш бўйича қарздорнинг мажбурияти тегишли пул суммасини жисмоний шахснинг депозит ҳисобрақамига ўтказиш ёхуд унинг пластик картасига қайд этиш билан алмаштирилишини назарда тутиш мумкин.

Агар қарз берувчига фоизли даромад тўлаш шарти билан қарз берилган бўлса, қарздор (юридик шахс) фоизларни тўлашда тўлов манбаида 10%лик ставкада солиқни ушлаб қолиши ва уни бюджетга ўтказиши керак. Қарз берувчига солиқ суммаси чегирилган ҳолда фоизли даромад суммаси тўланади (Солиқ кодексининг 156-моддаси).

Агар қарз берувчига (муассисга) фоизли даромад тўлаш шартисиз қарз берилган бўлса, қарздорда (юридик шахсда) текин олинган мулкий ҳуқуқлар тарзидаги даромадлардан солиқни бюджетга тўлаш мажбуриятлари юзага келади.

 

2

Солиқ кодексининг 39-моддасига мувофиқ, солиқ тўловчиларнинг даромадлари ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун улар бўйича тегишли чегирмалар, тўлов тўланган вақт ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, улар тааллуқли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилади (ҳисоблаб ёзиш усули). Тегишинча, қайтариб бериш шарти билан олинган молиявий ёрдамдан фойдаланиш даврида уни олувчининг даромади ҳар бир ҳисобот даври (чорак) якунлари бўйича ортиб борувчи якун билан белгиланиши керак (Солиқ кодексининг 162, ­359-моддалари).

 

МИСОЛ. Юридик шахс 2017 йил 1 январда фоизларни тўлаш мажбуриятисиз молиявий ёрдам – 150 000 000 сўм олди. Шартнома шартларига кўра молиявий ёрдам 2017 йил 31 декабрда қайтарилиши назарда тутилган.

2017 йил I чорагида қарздор фоизсиз қарздан 90 календарь кун давомида фойдаланади. Бу даврда унинг даромади суммаси қуйидаги миқдорни ташкил этади:

150 000 000 сўм х (9% / 365 кун х 90 кун) = 3 328 767 сўм.

2017 йил I ярмида қарздор фоизсиз қарздан 181 календарь кун давомида фойдаланади. Бу даврда унинг даромади суммаси қуйидаги миқдорга тенг бўлади:

150 000 000 сўм х (9% / 365 кун х 181 кун) = 6 694 521 сўм.

2017 йил 9 ойи давомида қарздор фоизсиз қарздан 273 календарь кун давомида фойдаланади. Бу даврда унинг даромади суммаси қуйидаги миқдорни ташкил этади:

150 000 000 сўм х (9% / 365 кун х 273 кун) = 10 097 260 сўм.

Йил якунларига кўра фоизсиз қарз суммаси МБнинг йиллик қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиқиб белгиланади ва қарздорнинг 2017 йилдаги даромади қуйидаги миқдорни ташкил этади:

150 000 000 сўм х 9% = 13 500 000 сўм.

 

3

Солиқ кодексининг 135-моддасига киритилган қўшимчалар билан фоизсиз ёки МБ белгилаган қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган ставкада фоизлар тўлаш шарти билан берилган қарз (молиявий ёрдам) олинганда қарздорнинг даромадини аниқлаш тартиби назарда тутилган.

Солиқ кодексига ушбу қўшимчалар хўжалик юритувчи субъектларга улар тузган хўжалик шартномалари шартларига ўзгартиришлар киритиш мажбуриятини юкламайди.

Бироқ қарздор (молиявий ёрдам олувчи) бундай қарздан (молиявий ёрдамдан) фойдаланишдан даромадни аниқлаши ва унга солиқ солиши шарт.

Молиявий ёрдам олувчининг даромадни аниқлаш тартибини мисол ёрдамида кўриб чиқамиз.

 

МИСОЛ. Юридик шахс 2016 йил 1 июлда 1 500 000 сўм миқдоридаги фоизларни тўлаш мажбурияти билан 150 000 000 сўм молиявий ёрдам олди. Молиявий ёрдамнинг асосий суммаси ва унга доир ҳисобланган фоизлар 2017 йил 31 январда қайтарилди.

Фоизлари қайта молиялаштириш ставкасидан паст бўлган қарз (молиявий ёрдам) бўйича қарздорнинг даромади 2017 йил 1 январдан бошлаб аниқланади.

Бизнинг мисолда юридик шахс молиявий ёрдамдан шартноманинг бутун муддати – 214 календарь кун давомида фойдаланган, шундан 31 календарь кун 2017 йилга тўғри келади.

Шартнома шартларига кўра молиявий ёрдамдан фойдаланишнинг бутун даврида қарз берувчининг фоизли даромади 1 500 000 сўмни ташкил этади. 2017 йилга тўғри келадиган фоизли даромад улушини ҳисоблаймиз. У қуйидаги миқдорни ташкил этади:

1 500 000 сўм / 214 кун х 31 кун = 217 290 сўм.

2017 йилда молиявий ёрдамдан фойдаланиш давридаги, МБнинг йиллик 9%лик қайта молиялаштириш ставкаси бўйича ҳисобланган фоизли даромад қуйидаги миқдорни ташкил этади:

150 000 000 сўм х (9% / 365 кун х 31 кун) = 1 146 575 сўм.

МБнинг қайта молиялаштириш ставкасида ҳисобланган фоизли даромад суммаси билан шартнома шартларига кўра тўланиши лозим бўлган фоизлар суммаси ўртасидаги фарқни аниқлаймиз:

1 146 575 – 217 290 = 929 285 сўм.

Ушбу 929 285 сўмлик фарқ молиявий ёрдам олувчининг солиқ солинадиган бошқа даромади ҳисобланади.

 

Агар қарздор солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимини қўлласа, бошқа даромадларни жами даромад таркибига киритиши ва уларга юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини солиши керак (Солиқ кодексининг 129-моддаси).

Агар қарздор ЯСТ тўловчиси бўлса, бошқа даромадлар солиқ солинадиган ялпи тушумга киритилади (Солиқ кодексининг 355-моддаси 2-қисми 2-банди) ва уларга асосий (соҳа) фаолият тури учун белгиланган ставкада ЯСТ солинади.

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1701 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика