Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 07 / Устуворликлар

Мамлакатимиз тараққиётида янги босқич: асосий мақсад – инсон манфаатларини таъминлаш

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони билан тараққиётимизнинг келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилди.

 

Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизни ривожлантиришнинг беш устувор йўналиши – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани тараққий эттириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш бўйича аниқ, ҳаётий ислоҳотлар, уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Бу мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини кескин ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун ва жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, барча соҳани модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек буюк мақсадларга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшод ­АБДУАЗИЗОВ ЎзА мухбирига ушбу Фармон ва Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:

– Бугун жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бормоқда. Ана шундай мураккаб вазият давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиб, амалга оширишни тақозо этаётир. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва либераллаштиришда энг долзарб масалалар ечими юзасидан аниқ вазифаларнинг белгилаб берилгани бу борада ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Бунда асосий мақсад – мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини оширишга эришишдан иборат. Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар халқимиз фаровонлиги янада юксалишига, бу тармоқдаги маҳсулотлар экспорти ошишига ижобий таъсир кўрсатади.

Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотлар изчил ва тизимли давом эттирилади. Вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш борасида кенг қамровли ислоҳотлар аниқ механизмлар билан ­қатъий амалга оширилади.

Бугун давлатимиз ва халқимизни ўйлантираётган энг муҳим масалалардан бири – миллий валютамиз ва ички бозордаги нархлар барқарорлигини таъминлаш. Бу борада, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганидек, энди ҳар чоракда Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Марказий банкнинг макроиқтисодий кўрсаткичлар, айниқса, валюта бозори ҳолати устидан тизимли мониторингни амалга ошириш, зарурият туғилганда, миллий валюта ва ички бозордаги нархлар барқарорлигини ошириш, макроиқтисодий мувозанатни сақлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръат­ларини таъминлашга йўналтирилган таҳлилий маълумотлари тайёрлаб борилади.

Инфляция даражасини аниқлашда товар ва хизматларнинг истеъмол нархлари (тарифлари) ўзгаришини кузатиш методикасини такомиллаштириш ҳам кўзда тутилмоқда. Нақд пулсиз кўринишда товар ва хизматлар сотишда сунъий юқори нархлар ўрнатганлик учун жавобгарликнинг оширилиши ички бозорда нарх шаклланиш тартибини бошқаришда бозор механизмларини жорий қилиш имконини беради. Бунда маҳсулотлар, ишлар ва хизматларга нархларни декларация қилиш тартибини босқичма-босқич қисқартириш, кейинчалик 2020 йилда уни бекор қилиш режалаштирилган.

 

ЎзА материали асосида.

Прочитано: 2005 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика