Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 52 / Ташқи иқтисодий фаолият

Товарлар импортида маркировка қилиш

 

Фирмамиз халқ истеъмоли молларини импорт қилмоқчи. Маҳсулотларни маркировка қилиш тартиби қандай ва қачон зарурий ҳисобланади?

З.Акрамов.

 

– Товарларни Ўзбекистонга импорт қилишда маҳсулотларни сертификатлаштириш ва маркировка қилиш соҳасидаги миллий қонунчилик талабларини бажариш зарур.

Вазирлар Маҳкамасининг 12.12.2011 йилдаги 324-сон қарори билан Четдан келтириладиган истеъмол товарларини махсус назорат идентификация белгилари билан маркировка қилиш тартиби тўғрисидаги низом (1-илова, бундан кейин – Низом) ва Махсус назорат идентификация белгилари билан мажбурий маркировка қилиниши керак бўлган четдан келтириладиган истеъмол товарлари рўйхати (2-илова, бундан кейин – 324-сон Рўйхат) тасдиқланган. Рўйхатга музлатгичлар, совутгичлар, овқатни тайёрлаш ва иситиш учун қурилмалар, чангютгичлар, микротўлқинли печлар, маиший турғун электр плиталари ва ҳ.к. сингари умумий фойдаланиш учун мўлжалланган маиший товарлар киритилган.

Президентнинг «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги қарорини (29.01.2013 йилдаги ПҚ-1913-сон) бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан 13.05.2013 йилда 127-сон қарор қабул қилинган. У билан Ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 2013 йил 1 июлдан бошлаб давлат тилида маркировка қилиниши шарт бўлган импорт қилинадиган истеъмол товарларининг айрим турлари рўйхати (бундан кейин – 127-сон Рўйхат) тасдиқланган.

2013 йил 1 июлдан бошлаб товарнинг бир қисми бўлган ва унинг қийматига кирувчи истеъмол упаковкасида (идишда) бевосита чакана савдога тушувчи товарларнинг мажбурий тартибда маркировка қилиниши тартиби амал қилади. 127-сон Рўйхатда кўрсатилган товарларни маркировка қилмасдан сотиш тақиқланган ва жавобгарлик чораларини қўллаган ҳолда савдо қоидаларини бузиш сифатида қаралади.

14 банддан иборат 324-сон Рўйхатдан фарқли равишда 127-сон Рўйхат 43 позицияни ўз ичига олган. Унда маркировка қилиниши шарт бўлган истеъмол товарлари турлари анча аниқлаштирилган. Аввало истеъмол упаковкасидаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва маиший кимёвий товарлар гуруҳларга ажратилган ва батафсил кўрсатилган.

Истеъмол идишига қўйиладиган маркировкада маркировка қилинадиган товар тўғрисида қуйидаги тусдаги маълумотлар бўлиши керак:

 асосий истеъмол хусусиятлари, шу жумладан, ўзига хос хусусиятлар рўйхати;

 товарларнинг айрим турлари ишлаб чиқарилган сана;

 товарларнинг айрим турларини ишлаб чиқарувчининг (бажарувчининг) кафолат мажбуриятлари;

 товарларнинг айрим турларидан самарали ва хавфсиз тарзда фойдаланиш қоидалари ва шартлари;

 товарни ишлатиш (унинг яроқлилик) муддати ҳамда истеъмолчининг ушбу муддат тугагандан кейинги зарур хатти-ҳаракатлари, шунингдек кўрсатиб ўтилган хатти-ҳаракатлар бажарилмаган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисидаги маълумотлар;

 ишлаб чиқарувчининг (бажарувчи, сотувчининг) ва истеъмолчидан даъволарни қабул қилиш юзасидан улар томонидан ваколат берилган, шунингдек таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишларини бажарувчи корхоналарнинг манзиллари;

 сақлаш, хавфсиз утиллаштириш усуллари ва қоидалари;

 маиший электр приборлари учун энергия самарадорлиги класси (ВМнинг 9.04.2015 йилдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Рўйхат).

Истеъмол упаковкаси (идиши) (этикетка, бирка, лейбл)да ва истеъмолчи учун фойдаланишга доир илова ҳужжатларидаги ахборот, товарнинг тури ва техник жиҳатдан мураккаблигига қараб, бевосита муайян товарга матн кўринишидаги ҳужжат (паспорт, формуляр, қўллаш учун кўрсатма ва бошқалар) сифатида илова қилиниши керак.

Генетик модификация қилинган маҳсулотлардан олинган товар маркировкасида бу ҳақда тегишли маълумотлар бўлиши керак.

Идентификация белгилари билан мажбурий маркировка қилинадиган истеъмол товарларини Ўзбекистон Республикасига олиб кираётган шахс божхона юк декларацияси бланкасида божхона мақсадлари учун зарур маълумотларни ёзма равишда кўрсатган ҳолда ушбу товарларни «Вақтинча сақлаш» ёки «Божхона омбори» божхона режимларида декларациялайди. «Товарларни электрон декларациялаш» автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумотларни киритиш йўли билан товарларни маркировка қилишга электрон буюртманома тақдим этиш ҳам мумкин.

«Вақтинча сақлаш» ёки «Божхона омбори» божхона режимларидаги декларацияни қабул қилиш чоғида идентификация белгиларини тайёрлаш учун масъул бўлган божхона пости ходими белгиланган шаклдаги Идентификация белгиларини тайёрлашга буюртманомаларни божхона постида ҳисобга олиш дафтарини (Низомга 3-илова) тўлдиради. У 1 иш куни мобайнида махсус принтерларда термотранс босма усулида (штрих код тарзида) идентификация белгиларини тайёрлайди ва Дафтарга белги қўяди.

Товарларни идентификация белгилари билан маркировка қилганлик учун ҳақ ундирилмайди.

Четдан келтириладиган истеъмол товарларини маркировка қилиш божхона пости ходимлари томонидан товар тушган жой бўйича импортнинг божхона режимига божхонада расмийлаштирилгунга қадар амалга оширилади. Бунда маркировка қилиниши керак бўлган истеъмол товарларини олиб келувчи шахслар божхона юк декларациясининг 31-устунида тайёрловчи завод томонидан етказиб бериладиган четдан келтирилаётган истеъмол товарларининг серия рақамлари тўғрисидаги маълумотни ҳам кўрсатишлари керак.

Идентификация белгиси товарнинг ўрамига туширилади, у товар сотилгунига қадар ундан ажратилмайди ва товар белги билан сотувга қўйилади ёки бевосита товарга туширилади.

Мажбурий маркировка қилиниши керак бўлган истеъмол товарлари четдан келтирилишини назорат қилиш ДБҚ ходимлари томонидан амалга оширилади. Ушбу товарларни сотиш ва сақлашни назорат қилиш эса ДСҚ ходимлари томонидан идентификаторлар (сканерлар) ёрдамида амалга оширилади.

 

Виктория СМИРНОВА,

«Victory Yurconsalt» МЧЖ
бош директори,

 

Фаррух ШАРИПОВ,

юрисконсульт.

 

Молларни уларнинг сифатини ва ишлаб чиқариш маркасини тасдиқлайдиган ҳужжатларсиз сотиш

Хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари ва саноат молларини уларнинг сифатини ва ишлаб чиқариш маркасини тасдиқлайдиган ҳужжатларсиз сотиши, худди шунингдек сотиш мақсадида олиши, –

молларни мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –

молларни мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ишлаб чиқариш маркасида ёки товар белгисида ишлаб чиқарувчининг номи ва жойлашган ери тўғрисида ахборот бўлмаган товарларни реализация қилиш, шунингдек реализация қилиш мақсадида сотиб олиш –

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс,
166-модда.

Прочитано: 2319 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика