Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 52 / Йиллик ҳисоботга тайёрланамиз

2016 йилги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

 

2016 йилда солиқ ва божхона қонунчилиги, бухгалтерия ҳисоби, пенсия таъминоти, лицензиялаш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш ва ҳ.к. соҳасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. 2016 йил учун йиллик ҳисоботни тайёрлашда уларнинг кўпчилиги зарур бўлади. Қонунчиликдаги энг муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар қисқача шарҳ ва ҳаволалар берилган ҳолда «Norma Ekspert» мутахассислари тайёрлаган қуйидаги жадвалда акс эттирилган.

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат

 

Ўзгартиришлар

 

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ

 

2016 йил 1 январь ҳолати бўйича асосий фондлар, ўрнатиладиган ускуналар ва қурилиши тугалланмаган объектлар қийматини (уларни харид қилиш, тайёрлаш, қуриш даврлари бўйича) қайта баҳолаш индекслари

 

2016 йил 1 январь ҳолати бўйича қийматни қайта баҳолаш индекслари Давлат статистика қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган.

Улардан қайта баҳолашни индекс усулида ўтказадиган корхоналар мол-мулкни мажбурий қайта баҳолашида фойдаланилади.

Бунда микрофирмалар ва кичик корхоналар 2014 йил 1 январдан қайта баҳолашни 3 йилда 1 марта ўтказадилар (Президентнинг 25.12.2013 йилдаги ПҚ-2099-сон қарори). Шу муносабат билан агар кичик бизнес субъектлари 2014 ва 2015 йил 1 январь ҳолати бўйича қайта баҳолашни ўтказмаган бўлсалар, уни 2016 йил 1 январь ҳолати бўйича ўтказишлари шарт

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (29.12.2015 йилдаги ЎРҚ-396-сон, 30.12.2015 йилдан кучга кирган)

 

Ўзбекистоннинг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Корхонанинг молия ва бухгалтерия хизматлари учун аҳамиятга эга бўлган асосийлари қуйида келтирилади.

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга қуйидаги ўзгартиришлар киритилган:

дивидендлар акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан белгиланган муддатларда жамиятнинг айби билан тўланмаган (олинмаган) тақдирда, тўланмаган (олинмаган) дивидендлар бўйича ЎзР Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкаларидан келиб чиққан ҳолда пеня ҳисобланади. Бунда пеня миқдори тўланмаган (олинмаган) дивидендлар миқдорининг 50%идан ортиқ бўлмаслиги керак (53-модда).

Илгари қонун ҳужжатларида пеня миқдорига чеклов назарда тутилмаган;

АЖнинг йиллик ҳисоботи акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан 10 кундан кечиктирмай жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан дастлабки тарзда тасдиқланиши лозим (102-моддаси 4-қисми).

Илгари йиллик ҳисобот 30 кундан кечиктирмай тасдиқланиши лозим эди.

102-модда 5-қисм билан тўлдирилди:

«Жамият Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ тузилган йиллик молиявий ҳисоботни у Халқаро аудит стандартларига мувофиқ ташқи аудитдан ўтказилганидан кейин, акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин эълон қилиши шарт».

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг (эски таҳрирда) 20-моддасига ўзгартириш киритилди: «Акциядорлик жамиятлари, шунингдек суғурта ташкилотлари, банклар ва бошқа молия ташкилотлари ҳар йилги молиявий ҳисоботни акциядорларнинг ёки бухгалтерия ҳисоби субъектининг бошқа юқори бошқарув органининг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин ижобий аудиторлик хулосаси билан бирга эълон қилиши шарт».

Олдинги таҳрири: «Акциядорлик жамиятлари, шунингдек суғурта компаниялари, банклар, фонд ва товар биржалари, инвестиция фондлари ва бошқа молия ташкилотлари ҳар йилги молиявий ҳисоботни унда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги аудиторлар томонидан тасдиқлангандан сўнг, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг биринчи майидан кечиктирмай эълон қилиши шарт».

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири (13.04.2016 йилдаги ЎРҚ-404-сон Қонун билан тасдиқланган) қабул қилиниши муносабати билан молиявий ҳисоботни эълон қилиш айрим тузатишлар киритилган 26-модда билан белгиланади. АЖ, суғурта ташкилотлари ва банклар билан бир қаторда жамоат фондлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ташкилотлар ҳар йилги молиявий ҳисоботни аудиторлик хулосаси билан бирга эълон қилишлари шарт.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (29.12.2015 йилдаги ЎРҚ-396-сон, 30.12.2015 йилдан кучга кирган)

 

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 34-моддасига қўшимчалар киритилган, уларга мувофиқ, 1.01.2016 йилдан бошлаб давлат органларига, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва бошқа ташкилотларга, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига:

битимлар тузиш, фойдани тақсимлаш, ижроия органи раҳбарини ва унинг аъзоларини сайлаш (тайинлаш) масалалари бўйича ҳамда тадбиркорлик фаолияти субъектларининг бошқарув органлари ваколатига тааллуқли бўлган бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатмалар ва бошқа фармойишлар бериш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ўз ваколатлари доирасида тадбиркорлик таваккалчилиги шароитларида қабул қилинган, зарар кўрилишига олиб келган қарорлар учун уларнинг бошқарув органлари аъзоларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш тақиқланади

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун (13.04.2016 йилдаги ЎРҚ-404-сон, 14.04.2016 йилдан кучга кирган)

 

«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири тасдиқланди.

Қонуннинг янги таҳририда:

6-моддасининг 2-қисмида бухгалтерия ҳисобининг янги субъектлари кўрсатилган (Қонуннинг эски таҳриридаги белгиланган юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар билан бир қаторда), хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек чет эл юридик шахсларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналари, филиаллари ва бошқа таркибий бўлинмалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоб юритади ҳамда ҳисобот тақдим этади;

8-моддасида аниқлаштирилишича, синтетик ҳисоб бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда, аналитик ҳисоб эса субъект томонидан мустақил равишда белгиланадиган тартибда юритилади;

9-моддасида бухгалтерия ҳисоби ҳамда ҳисоботи Марказий банк томонидан тартибга солинадиган субъектларга банклардан ташқари бошқа кредит ташкилотлари ҳам киритилган;

10-моддасида бухгалтерия ҳисоби субъектларига молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (МҲХС) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўллаш ҳуқуқи берилган;

12-моддасида назарда тутилишича, корхонанинг раҳбари ва бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари ўртасида айрим хўжалик операцияларини амалга оширишга доир келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, улар бўйича ҳужжатлар операциялар амалга оширилишининг оқибатлари учун шахсан жавобгар бўлган корхона раҳбарининг ёзма фармойиши билан ижрога қабул қилиниши мумкин.

Бундан ташқари, мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган бухгалтерия ҳисоби субъектининг (банклар ва бошқа кредит ташкилотлари бундан мустасно) бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарига талаблар белгиланди. У қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

олий маълумотга эга бўлиш;

олий иқтисодий маълумотга эга бўлган тақдирда, охирги 5 календарь йилдан камида 3 йили, ноиқтисодий олий маълумотга эга бўлган тақдирда эса, охирги 10 календарь йилдан камида 7 йили бухгалтерия ҳисобини юритиш ёки молиявий ҳисоботни тузиш ёхуд аудиторлик фаолияти билан боғлиқ иш стажига эга бўлиш.

Ушбу талабларга мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган субъектнинг раҳбари бухгалтерия ҳисобини юритишни шартнома асосида зиммасига юклаган ихтисослаштирилган ташкилот ходими ҳам жавоб бериши шарт.

Мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим бўлган бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарининг ҳар йили малака оширишдан ўтишини таъминлаши шарт.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек қасддан содир этилган жиноят учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбари бўлиши мумкин эмас.

Банклар ва бошқа кредит ташкилотларининг бухгалтерия ҳисоби хизмати раҳбарларига қўйиладиган талаблар МБ томонидан белгиланади;

13-моддада аниқлаштирилишича, раҳбар имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг 2 та рўйхатини тасдиқлайди. Биринчисига раҳбарлар, иккинчисига эса, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар киради. Агар раҳбар бухгалтерия ҳисобини юритишни ўз зиммасига олган бўлса, у ҳолда ҳар иккала рўйхатда ҳам ўзини кўрсатади;

26-моддасида АЖ, суғурта ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ташкилотлар ҳар йилги молиявий ҳисоботни мажбурий эълон қилишлари тартиби ўзгартирилган (юқоридаги ЎРҚ-396-сон Қонун шарҳига қаранг)

МБ бошқарувининг «Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қарори (АВ томонидан 13.06.2016 йилда 1948-11-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 20.06.2016 йилдан кучга кирган)

 

Йўриқноманинг 33 ва 34-бандлари таҳрири аниқлаштирилган.

Раҳбар имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг 2 та рўйхатини тасдиқлайди. Биринчисига раҳбарлар, иккинчисига эса, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар киради. Агар раҳбар бухгалтерия ҳисобини юритишни ўз зиммасига олган бўлса, у ҳолда ҳар иккала рўйхатда ҳам ўзини кўрсатади.

Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият кўрсатаётган деҳқон хўжалиги бошлиғи ва якка тартибдаги тадбиркор думалоқ муҳри бўлмаган ҳолларда, ўз имзолари намуналарини тақдим этади.

Биринчи имзо ҳуқуқи иккинчи имзо ҳуқуқига эга бўлган бош бухгалтер ёки бошқа шахсларга берилиши мумкин эмас, раҳбар бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини ўз зиммасига олган ҳоллар бундан мустасно

ВМнинг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2015 йил 21 декабрдаги ПҚ-2454-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори (10.02.2016 йилдаги 33-сон, 15.02.2016 йилдан кучга кирган)

 

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибининг (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарорига 1-илова) 3-банди «з» кичик банди билан тўлдирилган:

«з) ҳисоб-китоб-клиринг палатаси ҳисобрақамларидаги қимматли қоғозлар савдолари ташкилотчиларининг хорижий валютадаги маблағлари».

Яъни кўрсатилган маблағлар хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод қилинади

ВМнинг «Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қарори (1.07.2016 йилдаги 225-сон, 11.07.2016 йилдан кучга кирган)

 

Тартибнинг 3-банди билан микрофирмалар, кичик корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушуми, Тартибга 1-иловага мувофиқ Рўйхат бўйича товарлар экспортини амалга оширадиган корхоналардан ташқари, хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотишдан озод қилинади.

ВМнинг 225-сон қарорига мувофиқ, микрофирмалар ва кичик корхоналар томонидан бундан тушган хорижий валютани сотиш мажбурий бўлган товарлар рўйхати қуйидагиларни ўз ичига олган:

 

1) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – ТИФ ТН кодлари 0701 – 0709, 0714, 0801 – 0802, 0803 10 100 0, 0803 90 100 0, 0804 10 000 1,
0804 20 100 0, 0804 30 000 1, 0804 40 000 0 – 0804 50 000 1, 0805, 0806 10, 0807 – 0810, 1202 бўлган товарларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг 50%и сотилиши мажбурий;

 

2) ёввойи ўсимликлар – ТИФ ТН бўйича 12-гуруҳдаги (1202 дан ташқари) товарларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг 25%и сотилиши мажбурий;

 

3) табиий газ, шу жумладан транзит (ТИФ ТН коди – 2711 21) – валюта тушумининг 50%и сотилиши мажбурий;

 

4) мис ва мисдан тайёрланган буюмлар (ТИФ ТН кодлари – 74, 8544) – валюта тушумининг 50%и сотилиши мажбурий

ВМнинг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори (14.11.2016 йилдаги 385-сон, 21.11.2016 йилдан кучга кирган)

 

Рўйхатга ўзгартиришлар киритилган, бунинг натижасида ТИФ ТН коди 12 бўлган ёввойи ўсимликлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшилган. «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ёввойи ўсимликлар» бутун гуруҳи учун уларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг 25%и сотилиши мажбурийлиги белгиланган 

 

АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТЛАРИ

 

Президентнинг «Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб қилиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (21.12.2015 йилдаги ПҚ-2454-сон, 28.12.2015 йилдан кучга кирган)

 

2016 йилнинг 1 июлидан бошлаб АЖлар Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутиладиган ҳолатлардан ташқари, фақат хорижий инвесторнинг устав капиталидаги иштироки улуши 15%дан кам бўлмаган тақдирдагина ташкил қилиниши мумкин.

Фаолият юритаётган АЖлар юзасидан белгиланишича:

устав капиталида хорижий инвесторларнинг улуши 15%дан кам бўлган, аввал ташкил этилган АЖлар, 2016 йилнинг 1 июлигача бўлган муддатда хорижий инвестор иштирокини таъминлашлари ҳамда ўз низомлари ва ички меъёрий ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритишлари лозим. Стратегик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва бирламчи қайта ишлаш соҳасида фаолият юритаётган АЖлар, шунингдек табиий монополия субъектлари ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича нархи бошқариладиган ижтимоий аҳамиятга эга товарлар ва хизматларни етказиб берувчилар учун истисно мавжуд;

ўз устав капиталларига 2016 йилнинг 1 июлигача хорижий инвесторларнинг 15%дан кам бўлмаган улуши жалб қилинишини таъминламаган АЖлар, солиқ имтиёзлари ва преференцияларни йўқотган ва АЖлар реестридан чиқарилган ҳолда бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга ўзгартирилади.

Президентнинг 11.04.2005 йилдаги ПФ-3594-сон Фармони билан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга хорижий инвестор томонидан киритилган инвестициялар ҳажмига қараб юридик шахсларнинг фойда солиғи, мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ЯСТ, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлаш бўйича берилган имтиёзлар табақалаштирилган тарзда хорижий инвесторнинг улуши устав капиталининг 15%идан 33%игача миқдорни ташкил этадиган АЖларга татбиқ этилиши таъкидланган.

Бундан ташқари, қуйидагилар:

2020 йилнинг 1 январигача хорижий инвесторларнинг АЖларда уларга тегишли бўлган акцияларидан дивиденд тарзида олаётган даромадидан солиқ тўлашдан;

хорижий инвестицияси мавжуд АЖларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда даъво аризаси билан судга мурожаат этганда давлат божини тўлашдан озод қилинган, кейинчалик давлат божи суднинг тегишли қарори билан айбдор деб топилган томондан ундириб олинади.

Президентнинг «Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (27.09.2006 йилдаги ПҚ-475-сон) 3-банди 4-хатбошисига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, активларининг баланс қиймати 1 млрд сўмдан кўп бўлган корхоналарда, активларининг баланс қиймати энг кам иш ҳақи миқдорининг юз минг каррасидан кўпроқ бўлган акциядорлик жамиятларида ички аудит хизматлари ташкил этилади, мазкур хизматлар кузатув кенгашлари томонидан тайинланади ва уларга ҳисобот беради.

Ўзгартиришлар киритилгунга қадар активларининг баланс қиймати 1 млрд сўмдан кўпроқ бўлган корхоналарда кузатув кенгашлари томонидан тайинланадиган ва уларга ҳисобот берадиган ички аудит хизматларини ташкил этиш талаби 2007 йилнинг 1 январидан бошлаб амал қилган

 

ВМнинг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Акциядорлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2015 йил 21 декабрдаги ПҚ-2454-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори (10.02.2016 йилдаги 33-сон, 15.02.2016 йилдан кучга кирган)

 

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланган:

Устав капиталидаги давлат улушининг камида 15%и хорижий инвесторларга сотиладиган акциядорлик жамиятларининг рўйхати (1-илова);

Устав капиталидаги камида 15% улуши, шу жумладан қўшимча акцияларни чиқариш йўли билан, хорижий инвесторларга сотиладиган акциядорлик жамиятларининг рўйхати (2-илова);

Ишлаб чиқариш ва стратегик хом ашёни дастлабки қайта ишлаш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи акциядорлик жамиятларининг, шунингдек табиий монополиялар субъектларининг ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар ва хизматларни тартибга солиб бориладиган нархлар бўйича етказиб берувчиларнинг рўйхати (3-илова).

Акциядорлик жамиятлари, айрим АЖлар бундан мустасно, 2016 йил 1 июлгача устав капиталидаги давлат улушининг камида 15%ини, шу жумладан қўшимча акцияларни чиқариш йўли билан, хорижий инвесторларга сотишни таъминлашлари шарт эди (2-илова). Хорижий инвесторлар жалб қилинишини таъминламаган жамиятлар бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга ўзгартирилади. Мазкур талаб 3-иловада кўрсатилган АЖларга татбиқ этилмайди (ВМнинг 5.08.2016 йилдаги 252-сон қарори билан киритилган ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда)

 

ВМнинг «Ўзбекистон Республикаси

Президентининг «Акциядорлик жамиятларига

хорижий инвесторларни жалб этишга доир

қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2015 йил

21 декабрдаги ПҚ-2454-сон қарорининг бажарилиши ҳақида»ги қарори (5.08.2016 йилдаги 252-сон, 15.08.2016 йилдан кучга кирган)

ВМнинг 33-сон қарорига 1–3-иловаларга ўзгартиришлар киритилди, хорижий инвесторларни АЖга жалб этиш шартлари ва узил-кесил муддатлари белгиланди:

2016 йил 1 ноябргача – 26 та АЖга (1-илова);

2016 йил 31 декабргача – 61 та АЖга (2-илова);

хорижий инвесторларнинг АЖларнинг ишлаб чиқариш қувватлари негизида 15 та қўшма корхона ташкил қилишда иштирок этиши тўғрисида (3-илова);

АЖлар акциялари пакетларини ва давлат активларини танлов асосида «ноль» сотиш қиймати бўйича, инвесторлар томонидан инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган ҳолда хусусий мулк этиб сотиш тўғрисида (4-илова).

Шу тариқа, айрим АЖлар учун хорижий инвестицияларни жалб этиш муддатлари 1.11.2016 йилгача (1-илова) ва 31.12.2016 йилгача (2-илова) узайтирилди.

1.07.2016 йилгача хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳақидаги шартни бажармаган қолган АЖлар 1.01.2017 йилгача бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларда қайта ташкил этилади (5-илова)

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (25.04.2016 йилдаги ЎРҚ-405-сон, 26.04.2016 йилдан кучга кирган)

 

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга қуйидаги ўзгартишлар киритилган:

18-моддасида акцияларнинг номинал қийматини ошириш йўли билан устав капиталини кўпайтиришга доир барча қоидалар чиқариб ташланган. Яъни АЖнинг устав капитали фақат жалб қилинган инвестициялар, ўз капитали ва ҳисобланган дивидендлар ҳисобидан қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин;

25-моддаси 3-қисмидаги «акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан» деган сўзлар «агар ушбу Қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан» деган сўзлар билан алмаштирилган. Яъни АЖ уставига жамиятнинг эълон қилинган акциялари билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор, акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ёки, агар жамият уставига ёхуд акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ жамиятнинг кузатув кенгашига шундай қарорлар қабул қилиш ҳуқуқи берилган бўлса, жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан қабул қилинади (18-моддага мувофиқ);

40-моддаси 3-қисмидаги «баҳолашни ва» сўзлари чиқариб ташланган. Тегишинча, АЖ акцияларни ушбу акцияларнинг бозор қиймати бўйича қайтариб сотиб олади, бу қиймат жамиятнинг акцияларни қайтариб сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқи юзага келишига сабаб бўладиган ҳаракати натижасида қийматнинг ўзгариши ҳисобга олинмаган ҳолда аниқланади;

40-моддаси қуйидаги мазмундаги 4-қисм билан тўлдирилган:

«Жамият акцияларининг 50 ва ундан ортиқ фоизи эгасига айланган шахс, агар у бунгача мазкур жамият акцияларига эгалик қилмаган ёки акцияларининг 50%идан камроғига эгалик қилган бўлса, қолган акциялар эгаларига акцияларни бозор қиймати бўйича ўзига сотишлари борасидаги таклифини 30 кун ичида эълон қилиши шарт. Акциядорнинг ўзига тегишли акцияларни сотиши тўғрисидаги ёзма розилиги эълон қилинган кундан эътиборан 30 кун ичида олинган тақдирда, жамиятнинг 50 ва ундан ортиқ фоиз акциялари эгаси мазкур акцияларни сотиб олиши шарт»;

51-моддаси қуйидаги мазмундаги 2-қисм билан тўлдирилган:

«Жамият томонидан оддий акциялар бўйича ҳисобланган дивидендларни тўлаш акциядорларнинг дивидендларни олишга бўлган тенг ҳуқуқларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади»;

59-моддаси 3-қисми 2-хатбошисига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган масалалар жамиятнинг кузатув кенгаши ҳал қилиши учун берилиши мумкин эмас, айрим масалалар, хусусан, АЖнинг устав фондини кўпайтириш, шунингдек жамият уставига жамиятнинг устав фондини кўпайтириш ҳамда жамиятнинг эълон қилинган акциялари сонини камайтириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи бундан мустасно. Олдинги таҳрирда жамиятнинг устав фондини (устав капиталини) кўпайтириш билан боғлиқ масалалар акциядорлар умумий йиғилишининг ваколат доирасига киритилган эди;

60-моддаси 4-қисмининг янги таҳририга мувофиқ, қуйида кўрсатилган масалалар бўйича қарор акциядорлар умумий йиғилиши томонидан акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорларнинг 3/4 қисмидан иборат кўпчилик (малакали кўпчилик) овози билан қабул қилинади:

жамият уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш; жамиятни қайта ташкил этиш; жамиятни тугатиш, тугатувчини (тугатиш комиссиясини) тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш (59-моддаси 1-қисми 2–4-хатбошилари);

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (25.04.2016 йилдаги ЎРҚ-405-сон, 26.04.2016 йилдан кучга кирган)

 

эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш (59-моддаси 1-қисми 6-хатбошиси);

жамият кузатув кенгашининг ва тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ўз ваколат доирасига кирадиган масалалар юзасидан, шу жумладан, жамиятни бошқаришга доир қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши юзасидан жамият кузатув кенгашининг ҳисоботларини ва тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) хулосаларини эшитиш (59-моддаси 1-қисми 14-хатбошиси);

йирик битим тузиш масаласи бўйича, жамият кузатув кенгашининг якдиллигига эришилмаган тақдирда ушбу масала унинг қарорига кўра акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳал қилиши учун олиб чиқилади (84-моддаси 2-қисми);

баланс қиймати ёки олиш қиймати битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинаётган санада АЖ соф активлари миқдорининг 50%идан ортиғини ташкил этувчи мол-мулк хусусида йирик битим тузиш тўғрисидаги қарор (84-моддаси 3-қисми);

аффилланган шахс билан тузилаётган битимни маъқуллаш ҳақидаги қарор мажлисда иштирок этаётган жамият кузатув кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан ёхуд акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган акциядорларнинг малакали кўпчилик овози билан қабул қилинади (88-моддаси 5-қисми);

60-моддаси қуйидаги мазмундаги 5-қисм билан тўлдирилган:

«Солиққа оид ёки давлат олдидаги бошқа қарздорлик ҳисобига жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улушини шакллантириш ёки ошириш тўғрисидаги қарор жамият акциядорлари умумий йиғилиши томонидан жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг камида учдан икки қисми эгалари бўлган акциядорларнинг (давлатдан ташқари) розилиги мавжуд бўлган тақдирда, акциядорларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади»;

75-моддаси 2-қисми 2-хатбошисига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, жамиятнинг устав фондини кўпайтириш масалаларини, шунингдек жамият уставига жамиятнинг устав фондини кўпайтириш ҳамда жамиятнинг эълон қилинган акциялари сонини камайтириш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилиш акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига ёки жамият уставига кўра АЖ кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилиши мумкин;

81-моддаси 3-қисми «бундан ушбу Қонуннинг 90-моддасида белгиланган ҳоллар мустасно» деган сўзлар билан тўлдирилган. Яъни жамиятга зарар етказилишига сабаб бўлган қарорга овоз беришда иштирок этмаган ёки ушбу қарорга қарши овоз берган жамият кузатув кенгаши аъзолари, бошқарув аъзолари жавобгар бўлмайди, бундан 90-моддада белгиланган ҳоллар мустасно. Бундай ҳоллар (шахслар) қуйидагилардир:

аффилланган шахс билан тузилган битимни ўрганишни амалга оширган, битим бўйича хулоса ва якунларнинг ишончлилиги учун жавобгар шахслар;

жамиятнинг суд томонидан айби исботланган аффилланган шахси, у етказилган зарарнинг, жамиятнинг аффилланган шахси билан тузилган битимни ва даъвони судда кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаши шарт

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун (23.09.2016 йилдаги ЎРҚ-411-сон, 24.09.2016 йилдан кучга кирган)

 

«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга қуйидаги ўзгартишлар киритилган:

10-моддаси қуйидаги мазмундаги 5-қисм билан тўлдирилган: «Жамият устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши камида 15 фоизни ташкил этиши лозим бўлган чет эллик инвесторлар иштирокида ташкил қилинади, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно». Яъни тузатиш ПҚ-2454-сон қарорга мувофиқ келади;

42-моддаси 9-қисми билан акциядор ўзига оид маълумотлардаги ўзгаришлар ҳақида унинг акцияларга бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олиш бўйича хизматлар кўрсатувчи Марказий депозитарийни ва (ёки) инвестиция воситачисини ўз вақтида хабардор қилиши ҳақидаги жавобгарлиги белгиланган. Акциядор ўзига оид маълумотлар ўзгарганлиги ҳақидаги ахборотни тақдим этмаган ҳолларда, Марказий депозитарий ва (ёки) инвестиция воситачиси бунинг оқибатида акциядорга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди;

43 ва 46-моддалардаги «депозитарий» деган сўз «Марказий депозитарий ва (ёки) инвестиция воситачиси» деган сўзлар билан алмаштирилган.

Бундан ташқари, акциядорга унинг акцияларга бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олиш бўйича хизматлар кўрсатувчи Марказий депозитарий ва (ёки) инвестиция воситачиси акция эгасининг ёки унинг қонуний вакилининг талабига кўра 2 иш куни ичида депо ҳисобварағидан кўчирма бериши шартлиги белгиланган. Улар депо ҳисобварағидан кўчирмада кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги учун жавобгар бўлади.

 

Солиқ кодексига ҳам ўзгартишлар киритилган:

329 ва 330-моддалари тегишинча 40 ва 32-бандлар билан тўлдирилган, уларга мувофиқ, хорижий инвестициялар иштирокидаги АЖлар уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар юзасидан умумий юрисдикция судларида ва хўжалик судларида давлат божини тўлашдан озод қилинади;

377-моддаси 1-қисми 4-хатбошиси таҳрир қилинган, унга мувофиқ, АЖ учун имтиёзлар уларнинг устав фондида хорижий иштирокчиларнинг улуши камида 15% (бошқа юридик шахслар учун – камида 33%) бўлганда амал қилади. Яъни УКда хорижий инвестицияларнинг улуши камида 15% бўлган АЖлар фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ЯСТ, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилинадилар (Солиқ кодексининг 376-моддаси) 

Корпоратив бошқарувчи малака аттестатини бериш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 28.01.2016 йилда 2755-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 1.02.2016 йилдан кучга кирган)

 

Низом Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказининг корпоратив бошқарувчиси малака аттестатини бериш тартибини, шунингдек уни олишлари шарт бўлган шахслар доирасини белгилайди.

Малака аттестатини олиш учун фақат Марказнинг корпоратив бошқарувчи махсус дастури бўйича ўқув курсларини тамомлаганлик тўғрисидаги давлат сертификатига эга бўлган шахслар даъвогарлик қилиш ҳуқуқига эга. Бунда ариза ушбу ўқув курслари якунланган кундан бошлаб бир йил мобайнида берилиши мумкин

Давлат мулк қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг «Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруққа ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги буйруғи (АВ томонидан 2.08.2016 йилда 2000-5-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 8.08.2016 йилдан кучга кирган)

 

ЎРҚ-405-сон Қонун асосида илгари «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиришлар Қоидаларга киритилган. Хусусан, АЖ устав капиталини акциялар номинал қийматини ошириш йўли билан кўпайтириш варианти бекор қилинди. Эмитент устав капиталини ўз капитали ҳисобидан кўпайтиришда қўшимча акциялар барча акциядорлар ўртасида тақсимланади (бунда ҳар бир акциядорга қайси типдаги акциялар тегишли бўлса, айни ўша типдаги акциялар унга тегишли акциялар сонига мутаносиб равишда тақсимланади).

14-1-банд қўшимча киритилди:

«Солиққа оид ёки давлат олдидаги бошқа қарздорлик ҳисобига эмитент устав капиталидаги давлат улушини шакллантириш ёки ошириш тўғрисидаги қарор акциядорлар умумий йиғилиши томонидан эмитентнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг камида учдан икки қисми эгалари бўлган акциядорларнинг (давлатдан ташқари) розилиги мавжуд бўлган тақдирда, акциядорларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади»

ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР

 

ВМнинг «Жиззах» МИЗ ҳудудида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқарилишини кенгайтириш ва қулай шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (29.03.2016 йилдаги 94-сон, 4.04.2016 йилдан кучга кирган)

 

Қуйидагилар божхона тўловларидан озод қилинган (божхона йиғимлари бундан мустасно):

республикада ишлаб чиқарилмайдиган, тасдиқланган рўйхатга кўра «Жиззах» МИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида олиб кириладиган ускуналар, бутловчи буюмлар ва материаллар бўйича «Sirdarya Ceramic Production» МЧЖ ХК – 7 йил муддатга (1-илова), «Peng Sheng» МЧЖ ҚК ва «Ceramic Raw Materials» МЧЖ ҚК – 5 йил муддатга (2, 3-иловалар);

республикада ишлаб чиқарилмайдиган, рўйхатга кўра мавжуд ишлаб чиқариш комплексларини реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш учун «Peng Sheng» МЧЖ ҚК,  «Sirdarya Ceramic Production» МЧЖ ХК ва «Ceramic Raw Materials» МЧЖ ҚК томонидан олиб кириладиган машиналар, махсус техника ва механизмлар, қурилиш материаллари ва конструкциялари (4-илова).

Белгиланган рўйхатларга кўра олиб кирилаётган товарлардан мақсадга мувофиқ фойдаланилмаганда божхона имтиёзлари суммаси қонун ҳужжатларига мувофиқ молиявий санкцияларни қўллаган ҳолда Ўзбекистон бюджетига ундирилади.

Бундан ташқари, Президентнинг 18.03.2013 йилдаги ПФ-4516-сон Фармонида назарда тутилган божхона тўловлари бўйича имтиёзлар воситачилик (топшириқ) шартномалари асосида «Жиззах» МИЗ иштирокчилари учун олиб кириладиган товарларга ҳам татбиқ этилиши белгиланган

ДБҚнинг «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасида товарларни расмийлаштиришда божхона юк декларациясини тўлдириш қоидалари тўғрисида»ги қарорга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (АВ томонидан 12.04.2016 йилда 2154-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 21.04.2016 йилдан кучга кирган)

 

Қоидаларга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

 

Президентнинг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (26.10.2016 йилдаги ПФ-4853-сон, 28.10.2016 йилдан кучга кирган)

 

«Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси, «Ангрен» ва «Жиззах» махсус индустриал зоналари номи бирхиллаштирилган. Улар «Навоий», «Ангрен» ва «Жиззах» эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) деб аталган.

Барча ЭИЗ фаолиятини эркин иқтисодий зоналар Маъмурий кенгаши мувофиқлаштиради.

ЭИЗдаги солиқ, валюта ва божхона режимларига оид алоҳида қоидалар бирхиллаштирилган. Масалан, 28.10.2016 йилдан бошлаб барча ЭИЗ иштирокчилари қуйидагиларга ҳақли:

ЭИЗ доирасида иштирокчилар ўртасида тузилган шартномаларга мувофиқ хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш ва тўлаш;

Ўзбекистоннинг бошқа хўжалик юритувчи субъектлари – резидентлари томонидан етказиб берилган товарлар, ишлар (хизматлар) учун хорижий валютада тўлаш, шунингдек экспорт ва импорт қилинадиган товарлар учун ўзларига қулай бўлган тўлаш ҳамда ҳисоб-китоб қилиш шарт ва шаклларидан фойдаланиш

 

 

 

Давоми бор.

 

«Norma Ekspert» мутахассислари тайёрладилар

Прочитано: 2232 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика