Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 52 / Ҳамкорлик

Икки халқ манфаатлари йўлида

 

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзларининг географик жойлашуви, аҳолисининг сони, халқларининг маданияти, анъана ва урф-одатларининг яқинлиги, коммуникация тизимларининг боғлиқлиги билан ҳамда катта углеводород ресурслари ва бошқа хом ашёга эга бўлгани ҳолда, Марказий Осиёда муҳим геосиёсий ўринни, минтақада етакчи мавқени эгаллаган мамлакатлардир. Бу мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик тез суръатларда ривожланмоқда. Бугунги кунда давлатларимиз икки томонлама муносабатлари кенг миқёсли шартномавий-ҳуқуқий базага эга. У 107 та халқаро шартномани ўз ичига олади (11 давлатлараро, 63 ҳукуматлараро ва 33 идоралараро ҳужжатлар).

16 декабрда Қозоғистон ўз мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлади. Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ерик УТЕМБАЕВ мамлакатларимиз ўртасидаги давлатлараро муносабатларнинг иқтисодий жиҳатлари тўғрисида гапириб берди.

 

Давлатларимиз иқтисодий муносабатлар жадаллаштирилиши, янги шакл ва мазмунга эга бўлиши талаб қилинадиган ривожланиш босқичига етиб келдилар. Икки томонлама ҳамкорликнинг имкониятлари анча кенгайиб бораётир, аниқ индустриал соҳа бўйича қарайдиган бўлсак, бу қуйидагича кўринишга эга: кимё, қишлоқ хўжалиги истеъмол товарлари, тўқимачилик, инфратузилма ва транспорт-логистика секторларидир. Давлатларимизнинг минтақалараро ҳамкорлигини фаоллаштириш, ташқи бозорларга маҳсулот ва хизматларни олиб чиқиш учун қўшма корхоналарни ташкил этиш керак бўлади. Элчихона ҳам бу вазифа билан фаол шуғулланмоқда. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари Қозоғистон Бош вазири биринчи ўринбосари А.Маминнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида (22.09.2016 йил) кўриб чиқилган эди. Музокаралар якуни бўйича икки томонлама ҳужжат – «Қозоғистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари» имзоланди.

Ўзбекистон делегациясининг Астана шаҳрига қилган жавобан ташрифи давомида (7–8.10.2016 йил) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Рўзуқулов ва Қозоғистон Бош вазири Б.Сагинтаев савдо-иқтисодий муносабатларнинг барча соҳалари, шу жумладан нефтни қайта ишлаш ва кимё тармоқларида, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришда фаолликни оширишга келишиб олдилар.

 

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик – ўзаро муносабатлар даражасининг асосий кўрсаткичи. Ушбу соҳада 50 дан ортиқ давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларни ўз ичига олувчи пухта шартномавий-ҳуқуқий база яратилган. Қозоғистон билан Ўзбекистон ўзаро савдосининг умумий шартларини Тарафлар ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида 2011 йил 18 октябрдаги Эркин савдо зонаси ҳақидаги шартномани қўллаш тартиби тўғрисида баённома белгилайди (Минск, 31.05.2013 йил).

 

2015 йил якунлари бўйича Ўзбекистон товар айланмасида Қозоғистоннинг умумий улуши 12%ни (Хитой ва Россиядан кейинги учинчи ўрин) ташкил этди. Қозоғистон товар айланмасининг умумий ҳажмида ўтган йил якунларига кўра Ўзбекистоннинг улуши 2,1%га тенг, савдо балансининг сальдоси ижобий – 216,5 млн АҚШ долларини ташкил этди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида ўзаро товар айирбошлаш 1,1 млрд АҚШ долларини (Ўзбекистоннинг экспорти – 0,6 млрд, импорти – 0,4 млрд) ташкил этган ва 2015 йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 22,5%га қисқарган. Бу глобал иқтисодиётдаги инқироз жараёнларининг таъсири натижасидир.

Лекин транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик ушбу рақамларни бирмунча ўзгартириши мумкин. Қозоғистон ўзбекистонликларнинг йирик транспорт лойиҳалари – тезюрар темир йўл магистраллари («Ўзбекистоннинг шимоли-ғарби – Ўзбекистоннинг жануби-ғарби» меридиан ўқи бўйлаб) тармоғи барпо этилишидан, «Ангрен–Поп» электрлаштирилган темир йўл магистрали якунига етказилишидан, Қамчиқ довони орқали автотрассанинг кенгайтирилишидан (мақсад – Фарғона водийси билан мамлакатнинг бошқа қисми ўртасида узлуксиз автоқатновни йўлга қўйиш), Навоий шаҳар аэропорти негизида Халқаро интермодал логистика маркази ривожлантирилишидан манфаатдордир.

Қозоғистон – Ўзбекистон чегара савдоси ҳам етарлича ривожланди. Ҳар икки давлат тадбиркорлари ўртасида учрашувлар ўтказиш амалиёти мўлжалланаётир. Хусусан, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Элчихонаси Ўзбекистон ишбилармон доираларини қозоғистонлик шериклар билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари билан таништириш бўйича тадбир ўтказди, шунингдек икки мамлакат ишбилармон доиралари ҳамда миллий ривожланиш институтлари вакилларининг ўзаро ташрифларини уюштирди. ­2013–2015 йилларда қозоғистонлик делегацияларнинг 3 та, ўзбекистонликларнинг 2 та ташрифи ташкил этилди. Жорий йилнинг бошидан буён Элчихона ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Қозоғистонга 3 та ва Қозоғистон тадбиркорлари гуруҳининг Тошкентга 2 та ташрифи уюштирилди.

Элчихона «Kaznex Invest» экспорт ва инвестициялар бўйича миллий агентлик ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда 2016 йил июлда ўтказган Тошкентдаги Савдо миссияси йилнинг йирик воқеаларидан бўлди. Дастлабки баҳоларга кўра, Қозоғистон корхоналари ўзбекистонлик тадбиркорлар билан қарийб 5 млн АҚШ доллари қийматидаги шартномаларни тузганлар.

Умуман олганда, бундай бизнес-анжуман ва чегарадош минтақалар тадбиркорларининг учрашувлари ижобий самара бермоқда. Хусусан, ўтказилаётган тадбирларнинг асосий натижалари сифатида Қозоғистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари ўзаро ҳамкорлигининг самарадорлиги ошаётганини, тадбиркорларнинг ҳар икки мамлакат иқтисодиёти жозибадорлигининг айни ҳолати ва даражаси тўғрисида янада тўлиқроқ маълумотларга эга бўлаётганликларини кўрса бўлади.

ҚР ва ЎзР ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг мунтазам ўтказилаётган мажлислари ҳам савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг муҳим дастаги бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур мажлисларда икки томонлама ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий, молиявий, божхона, сув таъминоти, транспорт-логистика ва ташқи сиёсат соҳасидаги долзарб масалалари муҳокама қилинади. Қозоғистонда ҳар икки республика тадбиркорлари иштирокидаги 151 та корхона, Ўзбекистонда 206 та, шу жумладан 170 дан ортиқ қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда.

 

* * *

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг изчил ривожига маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлигимиз ҳам ҳисса қўшмоқда. Бу йўналишда кўпгина ишлар амалга оширилмоқда.

Келгуси йилда Қозоғистонда бўлиб ўтадиган «Экспо–2017» халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси ҳақида алоҳида эслаб ўтиш жоиздир. Ҳозирга қадар унинг ишида қатнашиш учун 100 дан ортиқ давлат ариза берган. Ўзбекистон мазкур халқаро кўргазманинг туристик салоҳиятидан фойдаланиши мумкин. Астанага кўплаб иштирокчилар, сайёҳларнинг ташриф буюриши кутилмоқда. Уларга Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хивага саёҳат уюштиришни таклиф қилса бўлади. Ва аксинча – ўша пайтда Тошкентда бўлган сайёҳлар мазкур транзит йўналиши доирасида Қозоғистонга – Астана, Алмати, Бойқўнғирга ташриф буюришлари мумкин. Яъни ўзаро ҳаракатларни бирлаштирганда ҳар икки давлат ҳам ютуққа эга бўлади.

Сўзимиз якунида шуни қайд этмоқчимизки, бизларни география қўни-қўшни, тарих – оға-ини, вақт – стратегик шерик, иқтисодиёт эса – ҳамкор қилиб қўйгани бежиз эмас. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ислом Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича Халқаро ижодий танлов эълон қилинди. Қозоғистонлик меъморлар унда албатта иштирок этадилар... 

Прочитано: 1731 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика