Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 50 / Долзарб мавзу

Пакет ҳажми аҳамиятга эга

 

Сўнгги йилларда миноритар акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимояловчи нормаларни такомиллаштириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш корпоратив ҳуқуқ муносабатларини тартибга солувчи қонунчиликни ривожлантиришда муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.

Бироқ, фикримизча, ушбу йўналишларни амалга ошириш учун қабул қилинаётган ҳужжатларда мавжуд имкониятларни амалда татбиқ этиш ва иқтисодий рағбатлантиришдан фойдаланиш механизмларининг етарли даражада пухта ишлаб чиқилмаганлиги кузатилади.

 

«Миноритар акциядор» таърифининг аниқ мезонлари йўқлиги, ушбу нормаларнинг қўлланиши тартибга солинмаганлиги ва акциядорларнинг сустлиги боис миноритарийларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш учун қабул қилинган нормаларни амалда ижро этиш муаммо туғдиради. Модомики миноритарий одатда жамиятни бошқариш органлари қабул қиладиган қарорларга таъсир ўтказа олмаслигини эътироф этар эканмиз, унда акцияларнинг кичик пакетига эгалик қилиш жозибадорлигини ошириш учун бошқа иқтисодий ва ҳуқуқий асосларни яратиш ҳам лозим бўлади.

Хорижий инвесторга ҳам шундай ёндашиш зарур. Бугунги кунда «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талаб этганидек, хорижий инвесторга устав фондининг 15%ини таклиф этаётиб, у йирик акциядорлар истагисиз жамиятни бошқаришда реал иштирок эта олмаслигини англаш зарур. Бу ҳолда жамиятга маблағ инвестиция қилишдан унинг қандай манфаати бўлсин?

Ҳар қандай инвестициядан мақсад – маблағлар қўйиладиган дастаклардан қатъи назар, улар акциялар, облигациялар ёки банкка депозит қўйилма бўлсин, фойда олиш.

Агар акцияларнинг йирик пакетлари соҳиблари қисқа муддатда дивиденд олишни кўзлашдан ташқари жамиятнинг стратегик жиҳатдан ривожланиши ҳақида ҳам қайғурсалар, жамиятни бошқарувчи органлар қабул қиладиган қарорларга жиддий таъсир ўтказа олмайдиган миноритар ва бошқа акциядорлар, шу жумладан хорижий инвесторларнинг асосий мақсади – ҳажми бошқа дастакларга қўйилмалар натижасида тўланадиган фоизлар ҳажмидан ортадиган фойдани ҳар йили олиш бўлади. Бинобарин, инвестицияларни жалб этмоқчи бўлган акциядорлик жамиятлари ушбу шароитларни яратишлари, яъни ҳеч бўлмаса банклар муддатли депозитлар бўйича тўлайдиган ставкадан ошадиган миқдорда акциядорларга кафолатли даромад тўлашлари лозим.

Бугунги кунда қонун даражасида миноритар акциядорлар ва имтиёзли акциялар билан боғлиқ ҳолат қандай?

 

Миноритар акциядорлар

Акциядорлик жамиятида миноритар акциядорлар қўмитасининг фаолият кўрсатиши тартиби тўғрисидаги низомда (АВ томонидан 27.08.2015 йилда 2712-сон билан рўйхатдан ўтказилган) миноритар акциядорлар акциялар эгалари сифатида белгиланган, акциядорларнинг умумий йиғилишида уларнинг иштирок этиши ва овоз бериши йиғилиш кун тартиби масалалари бўйича унинг натижаларига таъсир кўрсатмайди. Фикримизча, бу таъриф унча тўғри эмас.

Агар Низомга қатъий риоя этилса, акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилгандан кейингина миноритар акциядорни белгилаш мумкин. Тегишинча, АЖ тўғрисидаги Қонунга мувофиқ ушбу акциядор (миноритар акциядорлар қўмитаси улардан таркиб топишини ҳисобга олган ҳолда) жамият кузатув кенгашига номзодлар бўйича таклифлар киритиш учун назарда тутилган тартибда ва муддатларда, яъни келаси йилги қўмита таркибига номзод қилиб кўрсатилиши мумкин.

Масалан, оддий кўпчилик овоз билан қарор қабул қилинадиган масалани кўриб чиқувчи акциядорларнинг умумий йиғилишида акцияларининг умумий сони 85%ни ташкил этувчи акциядорлар йиғилган: биттаси акцияларнинг 15%ига, бошқаси – 20%ига, учинчиси – 45%ига эгалик қилади, жамликда акцияларнинг 5%ига эгалик қилувчи бошқа акциядорлар ҳам кўп. Ҳар қандай ҳолатда ҳам акцияларнинг 45%ига эгалик қилувчи акциядор ўзига керакли қарорни қабул қилади.

Миноритар акциядорларнинг ҳуқуқларига риоя этишни кўзлаган жамият АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 82-моддасига мувофиқ улар орасидан миноритар акциядорлар қўмитасини тузишга қарор қилди. Шу ўринда савол туғилади: АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 82-моддаси тартибига кўра бизнинг мисолдагидек миноритарийлар қўмитаси таркибига акцияларнинг 15% ёки 20%ига эгалик қилувчи акциядорларни номзод қилиб кўрсатиш мумкинми?

Ёки акциядорда акцияларнинг пакети кичик – энг кам бўлса, бироқ умумий йиғилишдаги овозлар тенглигида унинг овози ҳал қилувчи бўлиб чиқса-чи? Бу ҳолда нима қилиш керак?

Бу мисоллар миқдор мезонини (кесиш нуқтасини) белгилаш зарур деган фикрга олиб келади, Низомда келтирилган таърифдан қатъи назар, у миноритар акциядорлар таркибига акцияларнинг муайян миқдорига эгалик қилувчи акциядорни номзод қилиб кўрсатиш имконини берган бўлар эди.

Ушбу миқдор мезонини акциядор ўз ҳуқуқларини судгача тартибда мустақил ҳимоялашига имкон бермайдиган акциялар миқдорига эгалик қилишидан келиб чиқиб белгилаш таклиф этилади.

Поймол бўлган ҳуқуқнинг турига қараб АЖ тўғрисидаги Қонунда акциядорлар учун судгача мустақил ҳимояланишнинг 2 та асосий усули назарда тутилган:

1) акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириб, ҳуқуқлари тикланиши ёхуд ҳимояланиши унинг қарорига боғлиқ бўлган масалани қўйиш;

2) молиявий-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар холислиги ва (ёки) битимлар тўғри тузилгани ва ижро этилгани борасида гумон туғилганда ташаббус тарзидаги аудиторлик текширувини ўтказиш.

Иккала имкониятни кўриб чиқамиз.

Жамият овоз берувчи акцияларининг камида 5%ига эга бўлган акциядоргина акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришга ҳақли. Устав капиталида қонун ҳужжатларида белгиланганидан кам бўлмаган миқдордаги улушга эга бўлган иштирокчилар ва акциядорлар эса «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунга биноан аудиторлик текширувини ўтказиш ташаббуси билан чиқишга ҳақлилар. Бундай акциядор АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 89-моддасида кўрсатилган, у ерда аффилланган шахс билан тузилган битим бўйича низолашиш ҳақида сўз боради: «Жамиятнинг ўн фоиздан кам бўлмаган овоз берувчи акцияларига эгалик қилувчи акциядор аффилланган шахс билан ... битимни тузишга доир талаблар бузилишининг мавжуд белгиларини ўрганиш учун мустақил равишда аудиторлик ташкилотини жалб этишга ҳақли». Қолган ҳолларда умумий йиғилиш ёки кузатув кенгашининг қарорисиз аудиторлик текширувини ўтказиб бўлмайди.

Шундан келиб чиқиб таклиф киритамиз: миноритар акциядор акциядорларнинг умумий йиғилишидаги иштироки ва овози кун тартибидаги масалалар бўйича овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатмайдиган акциялар эгаси сифатида белгилансин. Бунда унга тегишли акциялар пакети ҳажми жамиятдаги овоз берувчи акцияларнинг 5%идан ошмаслиги керак.

Номзодлар билан боғлиқ масала ҳал этилганда ҳам қўмитага номзод қилиб кўрсатиш ва сайлашга доир процессуал нормаларни аниқ талқин қилиб бўлмайди.

Мисол учун:

а) миноритар акциядорлар қўмитасининг таркибига номзодлар бўйича таклифлар жамият кузатув кенгашига номзодлар бўйича таклифлар киритиш учун назарда тутилган тартибда ва муддатларда жамиятга киритилади. Ушбу талаб кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига номзод қилиб кўрсатишда бўлганидек, акциядор жамиятнинг 1%дан кам бўлмаган овоз берувчи акцияларига эгалик қилиши зарурлигига татбиқ этиладими?

б) АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 60-моддасига мувофиқ, овозга қўйилган масала бўйича акциядорлар умумий йиғилишининг қарори, агар АЖ тўғрисидаги Қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, жамиятнинг овоз берувчи акциялари эгалари бўлган, йиғилишда иштирок этаётган акциядорларнинг кўпчилик (оддий кўпчилик) овози билан қабул қилинади (масаланинг турига қараб 3/4 қисмдан иборат кўпчилик овоз билан қабул қилиниши мумкин). АЖ тўғрисидаги Қонунда миноритар акциядорлар қўмитасига сайловлар бўйича овоз бериш ва қарор қабул қилишнинг бошқа махсус тартиби назарда тутилмаган. Агар миноритар акциядорлар қўмитасини сайлаш ҳуқуқига эга бўлган овозлар сони умумий йиғилишда ҳозир бўлганларнинг 50%идан кам бўлса (бу эҳтимолга яқин, сабаби миноритар акциядорлар қўмитаси йирик акциядорларда қизиқиш уйғотмайди), қарорни қабул қилиб бўлмайди;

в) АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 70-моддасига мувофиқ, акциядорларнинг умумий йиғилишида кун тартиби масалалари бўйича овоз бериш бюллетенлар орқали амалга оширилади. Овоз бериш бюллетенларининг шакли ва матни жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади. Бюллетень умумий йиғилишда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган акциядорга берилади. АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 82-моддасига мувофиқ, миноритар акциядорлар қўмитасига номзодлар рўйхати қайд этилган бюллетенни жамият кузатув кенгашига номзодлар кўрсатмаган акциядорлар оладилар, бироқ ушбу бюллетень кузатув кенгашига номзоди сайланмаган акциядорга қўшимча равишда берилиши мумкин. Оқибатда кузатув кенгашига сайланган номзодлар белгиланганидан кейингина миноритарийлар қўмитасига овоз беришга ҳақли бўлган акциядорлар реестри тузилади ва овоз беришни ўтказиш мумкин бўлади.

 

Имтиёзли акциялар

Маълумки, АЖ тўғрисидаги Қонунда акцияларнинг 2 тури: оддий ва имтиёзли акцияларни чиқариш имконияти назарда тутилган.

АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ, оддий акциялар овоз берувчи акциялар бўлиб, улар ўз эгасига дивидендлар олиш, жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради. Ўз эгаларига дивидендларни, шунингдек жамият тугатилаётганда акцияларга қўйилган маблағларни биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берадиган акциялар эса имтиёзли акциялардир. Бунда имтиёзли акциялар ўз эгаларига жамият фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, муайян дивидендлар олиш ҳуқуқини беради.

Жамият фойдага эгалигидан қатъи назар имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар олиш ҳуқуқини амалга ошириш кафолатларидан бири сифатида АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 32, 51-моддаларида дивидендлар тўлаш манбаи – захира фонди ёки фақат шу мақсад учун ташкил этилган фонд назарда тутилган.

Ҳаммаси тушунарлидек туюлади: имтиёзли акцияларга эга бўлган акциядор бошқариш ҳуқуқидан бош тортгани учун фойда бор-йўқлигидан қатъи назар дивидендларни, шунингдек жамият тугатилганида акцияларга қўйилган маблағларни биринчи навбатда олиш тарзида кафолатли ҳуқуққа эга бўлади. Бироқ кейинчалик АЖ тўғрисидаги Қонунда имтиёзли акциялар эгасига бериладиган ҳуқуқлар шу даражада мавҳумлашиб кета бошлайдики, имтиёзли акцияларни сотиб олишдан буткул маъно қолмайди.

Ушбу нормаларни кўриб чиқамиз.

АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 28, 50-моддаларида қуйидагиларга йўл қўйилади:

акциядорларнинг умумий йиғилиши имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлаш ҳақидаги қарорларни қабул қилмаслиги мумкин;

акциядорларнинг умумий йиғилиши имтиёзли акциялар бўйича эълон қилган дивидендлар қисман ёки тўлиқ тўланмаслиги мумкин.

Эҳтимол, жамият турли ҳажмдаги ҳуқуқларга эга бўлган имтиёзли акцияларни чиқаришга ҳақли бўлганлиги назарда тутилгандир, бироқ аниқ таъриф берилмаганлиги сабабли имтиёзли акциялар бўйича ҳуқуқлар борасида АЖ тўғрисидаги Қонуннинг ушбу таҳрири жамиятни бошқарувчи органларга мазкур масалани имтиёзли акцияларга эгалик қилувчи акциядор зиёнига субъектив равишда ҳал қилиш имконини беради.

 

«Майда омонатчилар» ҳисобига акциядорлик капиталини жалб этиш – жиддий инвестиция ва турли мамлакатларда ўзига хос тушунилиб, ўзича ҳал этилаётган жиддий муаммо. Хусусан, Россияда миноритар акциядорларга мўлжаллаб чиқарилган кафолатланган қатъий ставкали имтиёзли акциялар эмиссияси механизмини ишлаб чиқиш масаласи мутахассислар даражасида кўриб чиқилмоқда. Ишончим комилки, акцияларнинг кичик пакетларига эгалик қилувчи акциядорлар дивидендлар олишига реал кафолат берган ҳолда уларнинг сонини ошириш йўли билан инвестицияларни жалб этиш имконияти ва механизми хусусида фикрлаб кўришимиз ортиқчалик қилмайди.

 

Александр ЦОЙ,

«Aleksta Yure» АФ адвокати.

Прочитано: 1866 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2017-07-13 10:45:42, Гость_Наргиза:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика