Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 49 / Жавоб берамиз

Фирма ўрнида мактаб

 

Мен 2016 йил апрель ойида бухгалтерия хизматларини кўрсатиш учун МЧЖ шаклидаги фирмани очдим. Таъсисчиси – бир ўзим. Ҳозир шу фирмани НТМга айлантирмоқчиман. Шу муносабат билан нодавлат умумий ўрта таълим муассасасини (мактабни) ташкил этишга доир қуйидаги саволларим бор эди.

1. МЧЖни унинг фирма номини сақлаган ҳолда НТМга айлантирса бўладими?

2. Умуман, МЧЖни НТМга айлантириш тартиби қандай? Бу ҳолда уставга тегишли ўзгартиришлар киритиладими ёки НТМ учун алоҳида уставни рўйхатдан ўтказиш керакми?

3. Янги устав рўйхатдан ўтказилса, амалдаги устав нима қилинади?

4. НТМ устави ҳам «ягона дарча» марказида рўйхатга олинадими?

5. НТМлар учун намунавий устав ишлаб чиқилганми?

Мирзоҳид Икромов.

 

1

Ҳа, МЧЖни унинг фирма номини сақлаган ҳолда нодавлат таълим муассасасига қайта ташкил этса бўлади, фақат шарти шуки, МЧЖнинг номи нодавлат умумий ўрта таълим муассасаси (мактаб) фаолиятинининг хусусиятини кўрсатиши лозим (ФК 46-моддасининг 1-қисми). Акс ҳолда НТМ учун янги ном танлашингиз керак бўлади.

 

2

Даставвал МЧЖнинг ягона иштирокчиси сифатида сиз уни НТМга қайта ташкил этиш тўғрисида қарор чиқарасиз. Амалдаги уставга ўзгартиришлар киритиб бўлмайди, шу сабабли НТМ учун алоҳида янги устав тузасиз. Уни тайёрлашда Таълим муассасалари уставини ишлаб чиқиш тартибидан (ВМнинг 5.01.1998 йилдаги 5-сон қарорига ­3-илова, бундан кейин – Тартиб) фойдаланинг. Мактаб устави Халқ таълими вазиpлигининг туман (шаҳар) ҳудудий бўлимларининг буйруғи билан тасдиқланади ва ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органида рўйхатдан ўтказилади (Тартиб 10‑бандининг ­8‑хатбошиси; ВМнинг 13.05.1998 йилдаги 203‑сон қарорига 1‑илованинг ­1.5‑банди).

Давлатга қарашли бўлмаган мактабга бевосита раҳбарликни муассис томонидан тайинланадиган директор амалга оширади (203‑сон қарорга 1‑илованинг 6.2‑банди). Директорни тайинлаш масаласи МЧЖни НТМга қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарорда ёки алоҳида қарорда кўрсатилиши шарт.

Бундан ташқари, қайта ташкил этилаётган МЧЖ барча кредиторларни бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилиши (ФК 52-моддасининг 1-қисми) ҳамда қайта ташкил этиш ҳақидаги ахборотни ОАВда эълон қилиши шарт.

Шунингдек, қайта ташкил этилаётган МЧЖнинг барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари бўйича, шу жумладан тарафлар баҳслашаётган мажбуриятлар бўйича ҳам, ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган топшириш далолатномаси тузилиши шарт. Ушбу далолатнома НТМнинг муассиси томонидан тасдиқланади (ФК ­51-моддасининг 1 ва 2-қисмлари) ва бу ҳаракат қарор қабул қилиш шаклида амалга оширилади. Қарорга биноан далолатнома қуйидаги иловаларни ўз ичига олади:

қайта ташкил этилаётган МЧЖ активлари ва мажбуриятлари таркиби, шунингдек активлар ва мажбуриятларни топширишни расмийлаштириш санасидан олдинги охирги ҳисобот санасига бўлган уларнинг баҳоси акс эттирилган, молиявий ҳисобот;

топшириш далолатномаси тузиш олдидан ўтказилган ва уларнинг тўғрилигини (активлар ва мажбуриятларнинг мавжудлиги, ҳолати ва баҳосини) тасдиқловчи, қайта ташкил этилаётган МЧЖнинг активлари ва мажбуриятларини инвентаризация қилиш далолатномалари (хатлаш ҳужжатлари);

моддий ва номоддий активлар бўйича бошланғич ҳужжатлар (асосий воситалар, номоддий активлар, товар-моддий захиралар ва бошқаларни қабул қилиш-топшириш далолатномалари/юкхатлари), қайта ташкил этишда қабул қилиниши-топширилиши лозим бўлган бошқа активларнинг рўйхатлари (хатлаш ҳужжатлари);

қайта ташкил этилган НТМ давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб мол-мулки ва шартномавий мажбуриятлари, тегишли бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқалар билан ҳисоб-китоблар ҳуқуқий ворисга (НТМга) ўтганлиги ҳақида қайта ташкил этилаётган МЧЖнинг кредиторлари ва дебиторлари белгиланган муддатда (қайта ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилинган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай) ёзма равишда хабардор этилганлиги тўғрисидаги ахборот кўрсатилган кредиторлик ва дебиторлик қарзлари расшифровкаси (уларни хатлаш ҳужжатлари) ва ҳ.к. (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1484-сон билан рўйхатдан ўтказилган 23-сон БҲМСнинг ­10-банди).

Шундан кейин қайта ташкил этилган НТМни рўйхатдан ўтказиш учун ариза билан ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органига мурожаат қиласиз. Аризага қайта ташкил этиш, НТМнинг директорини тайинлаш, топшириш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорларнинг нусхалари, мазкур далолатноманинг нусхаси, НТМ уставини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруқнинг нусхаси, қайта ташкил этиш ҳақида барча кредиторлар ёзма равишда хабардор этилганлиги ва бу хабар ОАВда эълон қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат, МЧЖни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси, унинг муҳри ва штампи, давлат божи тўланганлиги ҳақида ҳужжат илова қилинади.

НТМни рўйхатдан ўтказгач, унинг асосий муҳрини тайёрлашга рухсатнома олиш учун олдинги фирмангиз рўйхатдан ўтказилган жойи бўйича ички ишлар органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этасиз:

мактаб директори номидан ариза;

НТМ рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

НТМ муассисининг директорни тайинлаш тўғрисидаги қарорининг нусхаси;

мактаб директори томонидан тасдиқланган муҳр чизмасининг 2 нусхаси (АВ томонидан 27.10.2001 йилда 1077-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом 44-бандининг ­5-кичик банди).

Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Мактабингизнинг фаолияти лицензияланиши лозим. НТМ фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари (масалан, зарурий бинолар/хоналарнинг, ўқув, ўқув-методик адабиётлар мавжудлиги ва ҳ.к.), лицензия олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар рўйхати, лицензияни бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим (ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида), давлат божи (ЭКИҲнинг 10 баравари миқдорида) тўланиши ва бошқа масалалар Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш тўғрисидан низомда (ВМнинг 1.03.2004 йилдаги 100-сон қарорига 1-илова) белгиланган.

Шуни билиш лозимки, НТМ Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда давлат аккредитациясидан ўтган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқлари ва таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади («Таълим тўғрисида»ги Қонун ­6-моддасининг 2-қисми).

Ушбу масала юзасидан керакли маълумотларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларини давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомдан (ВМнинг 10.02.2006 йилдаги 21-сон қарорига илова) олишингиз мумкин. Фақат шуни қўшиб айтамизки, бундай аккредитация Давлат тест маркази ҳузуридаги Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрлар ва таълим муассасалари аттестацияси бошқармаси томонидан ўтказилади.

 

3

НТМ учун алоҳида устав тузилиши, тасдиқланиши ва рўйхатдан ўтказилиши муносабати билан МЧЖнинг устави ташкилот қайта рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб ўз кучини йўқотади. Бу ҳақда МЧЖни НТМга қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарорга алоҳида банд киритиб кўрсатишингизни тавсия қиламиз.

 

4

Юқорида қайд этилганидек, мактаб устави ижро этувчи ҳокимият маҳаллий органида рўйхатдан ўтказилади. Бундай орган номидан ҳозирги вақтда туман (шаҳар) ҳокимлиги («ягона дарча» маркази тимсолида) фаолият кўрсатади.

 

5

Мактабгача таълим, мактабдан ташқаpи таълим, умумий ўpта таълим муассасалаpи учун намунавий уставлаp Халқ таълими вазиpлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади (Тартиб 10-бандининг 2 ва 3-хатбошилари). Шу боис мазкур масала юзасидан сизга ушбу вазирликнинг тегишли ҳудудий органига мурожаат қилишни тавсия этамиз.

 

Камол МУЗАФФАРОВ,

«Norma Online» етакчи эксперти.

Прочитано: 2347 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика