Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 49 / 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни

Назорат ва ижро

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 118-моддаси.

 

Қонун ҳужжатлари нормаларига риоя қилиш устидан назорат ўрнатишнинг миллий амалиёти ҳақида гап кетганда, Адлия вазирлигининг муҳим ролини эътироф этмай илож йўқ, зеро ушбу вазирликнинг тасдиғидан ўтмай туриб юридик кучга эга бўлмайдиган вазирлик ва идораларнинг барча қонуности ҳужжатлари айнан шу органнинг эксперт «чиғириғи»дан ўтади. Икки йил олдин давлатимиз раҳбарининг қарори* билан Бош прокуратура таркибида Қонунчилик ижроси устидан назорат бош бошқармаси тузилган эди.

Айнан шу бошқарманинг Навоий вилояти прокуратураси ҳузуридаги ҳудудий бўлинмаси ҳар 15 кунда маҳаллий ижроия ҳокимият органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қонунчиликка мувофиқ келишини мониторинг қилиб, йил бошидан буён қонун талабларига мувофиқ келмайдиган 450 та ҳуқуқий ҳужжатни аниқлади. Натижада қонунбузарликка йўл қўйилишида айбдор бўлган 11 нафар мансабдор шахс маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди.

Прокурорларнинг бошқа соҳадаги назорат ишлари ҳам талайгина. Прокуратура органлари олдида турган устувор вазифалардан бири аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни ўрнатишдан иборатдир. Бу йўналишдаги Давлат дастури ва бошқа қонун ҳужжатларининг ижро этилиши назорат қилинмоқда. Натижада вилоятда 20 000 дан ортиқ иш ўрни ташкил этилган бўлиб, бу режалаштирилганидан 2 фоизга кўпдир. Бундан ташқари, шаҳар ва туман прокурорлари томонидан маҳаллий ҳокимият ҳамда меҳнат ва бандлик бўйича бўлимлар билан ҳамкорликда 23 та бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилди, уларда яна қарийб 2 000 нафар киши ўзига иш топди.

Тадбиркорлик жабҳаси ҳудудий прокуратура ва унинг жойлардаги бўлинмалари диққат марказида турган масаладир. Бинобарин, сўнгги йиллар давомида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бизнес билан шуғулланувчилар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга йўналтирилган бир қатор қонун, қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Қолаверса, тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш масалаларига ҳам катта эътибор берилаётир. Вилоят, шаҳар ва туман прокуратура органларининг вакиллари бошқа идора ва муассасаларнинг вакиллари билан биргаликда ойда 2 марта тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказадилар, уларда тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги тўсиқларни бартараф этиш масалаларини муҳокама қиладилар ва ҳал этадилар. Бундай мажлисларга қарийб 5 000 нафар тадбиркорлик субъекти ташриф буюрди. Учрашувлар натижалари бўйича 120 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 14 тадбиркорга 1,8 млрд сўмлик кредит ажратилишида ёрдам берилди.

Прокуратура органларида ишонч телефонларининг пайдо бўлиши тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ўз вақтида ва тезкор ҳимоя қилишни таъминлашда муҳим қадам бўлди. Қайд этиш керакки, келиб тушаётган мурожаатлар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ кўриб чиқилмоқда ва аниқланган қонунбузарликлар бўйича прокурор назорати ҳужжатлари чиқарилмоқда. Ишонч телефонига ҳозиргача 2 068 мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 2 057 таси бўйича қарорлар қабул қилинган. Шу жумладан 454 таси тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган.

Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари юзасидан уларга 157 млн сўмлик зарарни қоплаш бўйича судларга 36 та даъво аризалари киритилган. Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўпол тарзда бузиш далиллари бўйича 7 та жиноят иши қўзғатилган, 25 нафар мансабдор шахс маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган.

 

Амир МАҲМУДОВ,

ўз мухбиримиз.

Навоий шаҳри.

 


*Президентнинг «Қонунчилик ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (24.07.2014 йилдаги ПФ-4636-сон).

Прочитано: 1842 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика