Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 43 / Тадбиркор ён дафтарига

ССП солиқларни тўлашда тадбиркорлар кўпроқ йўл қўядиган хатоларни кўрсатди

 

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.А.Каримов асос солган солиқ сиёсати тадбиркорликнинг муттасил ривожланишини рағбатлантириш ва солиқларни малол келмай ва қулай шароитда тўлаш имконини яратишга қаратилган.

 

Шу асосда Савдо-саноат палатаси ҳар йили тадбиркорлик фаолиятини режали ва режадан ташқари текширувлар мониторингини олиб боради, унинг натижалари синчиклаб таҳлил қилинади.

Чунончи, агар 2012 йилда тадбиркорлик субъектларида 5 126 та режали текширувлар ўтказилган бўлса, 2014 йилда у 4 514 тани ташкил этди. 2016 йилда 4 400 та текширув ўтказиш режалаштирилган, бу эса бизнесга доир текширувлар сони барқарор тарзда камайиб бораётганидан далолат беради.

Аммо, Ҳукумат томонидан тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётганлигига қарамасдан, мониторинг ўтказиш вақтида тадбиркорлик субъектлари солиқ солиш соҳасида содир этаётган кўпдан-кўп хатолар аниқланмоқда. Ушбу хатолар тадбиркорларнинг катта жарималар тўлашига сабаб бўлмоқда.

2016 йилнинг 6 ойи давомида тадбиркорларни танланма тарзда текшириш якунларига кўра аниқланган улар кўпроқ йўл қўядиган хатоларни келтирамиз.

 

 

1-хато. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини (ЖШДС) ҳисоблашда кадрлар бўлими билан бухгалтерия ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг йўқлиги.

Мисол учун, ишга янги ходим қабул қилинганда олдинги иш жойидан даромадлар тўғрисидаги маълумотноманинг кадрлар бўлими томонидан талаб этилмаслиги ва олинмаслиги бухгалтерия томонидан ЖШДС нотўғри ҳисобланишига олиб келади. Оқибатда – корхонага нисбатан ҳам, раҳбар ва бош бухгалтерга нисбатан ҳам санкциялар қўлланади.

 

Тавсия: Тадбиркор корхона фаолиятини шакллантираётганда юқоридаги бўлимлар ўртасида самарали ҳамкорликни ўрнатиши керак.

 

2-хато. Корхонанинг солиқ солинадиган базаси нотўғри шакллантирилиши оқибатида солиқлар ва мажбурий тўловларнинг нотўғри ҳисобланиши.

 

Тавсия: Солиқ солинадиган базага корхона барча даромадларининг тўғри киритилишига ­эътибор қаратинг. Бу ҳолат кўпгина тадбиркорлик субъектлари ва улар бухгалтерларининг асосий хатосидир.

 

3-хато. Тадбиркорлик фаолиятида товарларни реализация қилиш ва хизматлар кўрсатиш оборотидан 20% ҚҚСнинг тўланмаслиги. Бу хато тадбиркор тўлаши шарт бўлган солиқларни қайта ҳисоблаш ва қўшимча ҳисоблаб ёзиш, жарималар ва пеняни тўлашга олиб келади.

 

Эслатма: ҚҚС фақат Солиқ кодексининг ­208–210-моддаларида назарда тутилган ҳоллардагина ундирилмайди.

 

4-хато. Тадбиркорлик субъектлари фойдаланаётган бинолар ва ер участкалари сотилганидан ёки солиқ органлари хабардор қилиниши йўли билан ҳокимлик томонидан олиб қўйилганидан кейин улар ўз вақтида солиқ солинадиган базадан чиқармаслиги.

 

Тавсия: Солиқ тўловчи фойдаланиб келган бино ёки ер участкаси сотиб юборилганда ёхуд ҳокимлик томонидан олиб қўйилганда бундан солиқ инспекциясини дарҳол хабардор қилиш лозим.

 

5-хато. Амортизация ҳақида тушунчага эга эмаслик. Амортизация – мол-мулкнинг эскириб бориши натижасида мол-мулк баҳосининг босқичма-босқич пасайиши.

 

Тавсия: Агар сиз амортизацияни тўғри ва ўз вақтида ҳисоблаб борсангиз, мол-мулкнинг солиқ таннархини босқичма-босқич қисқартириб боришингиз мумкин бўлади. Амортизация ҳар йилнинг бошида (январь ойида) ўтказилади. Амортизацияни ҳисоблаш жадвали билан norma.uz сайти орқали танишишингиз мумкин.

 

Солиқларга қуйидагилар киради:

1) юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;

2) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

3) қўшилган қиймат солиғи;

4) акциз солиғи;

5) ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловлар;

6) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

7) мол-мулк солиғи (юридик ва жисмоний шахслардан);

8) ер солиғи (юридик ва жисмоний шахслардан);

9) ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи;

10) транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ.

Бошқа мажбурий тўловларга қуйидагилар киради:

1) ижтимоий жамғармаларга мажбурий тўловлар:

ягона ижтимоий тўлов;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалар;

2) Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловлар:

Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар;

Республика йўл жамғармасига йиғимлар;

3) бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар;

4) давлат божи;

5) божхона тўловлари;

6) айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ва айрим турдаги хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим.

Кўрсатилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар умумбелгиланган солиқлардир.

Солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимида тўланадиган қуйидаги солиқлар Солиқ кодексида белгиланган ҳоллар ва тартибда қўлланиши мумкин:

ягона солиқ тўлови;

ягона ер солиғи;

тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ.

Диаграммадан кўриниб турибдики, таҳлилда иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг 85 фоизи фаолиятида ЯИТ ва ЖШДС нотўғри ҳисобланган.

Танланма тарзда текширилган тадбиркорларнинг 78%ида суғурта бадалини ҳисоблашда хатолар аниқланган.

ҚҚСни ҳисоблашда ҳам 29% тадбиркор хато қилган.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи нотўғри ҳисоблаганлиги учун 28% тадбиркор жаримага тортилган (одатдагидек, хизмат кўрсатишдан келиб тушган жами пул тушумидан хизматлар таннархи чегириб ташлангандан сўнг қолган суммадан 7,5% фойда солиғи тўланмаган).

Соф фойдадан тўланадиган 8% ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўламаслик бўйича 22% тадбиркорда хатолар қайд этилган.

Ўрганилган тадбиркорларнинг 21%и Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловлар, бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мажбурий ажратмаларни нотўғри ҳисоблаган.

Тадбиркорларнинг 7%и ер солиғини, 14%и эса мол-мулк солиғини тўламаган, улар бунинг учун белгиланган тартибда жаримага тортилган.

Бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши учун тадбиркорлик субъектларига қуйидагиларни ўз фаолиятларида ҳисобга олишни тавсия этамиз:

Сиз солиқ ҳисоботларининг тўғри тақдим этилиши учун жавобгарсиз. Бунинг учун йил якуни ёки солиқ органи ходимларининг корхонангиз фаолиятини текширишга келишларини кутиб турманг. Солиқ маслаҳатчилари ёки аудиторлик компаниясини таклиф этинг, солиқ ҳисоб-китобларидаги камчиликларни ўрганинг ва уларни олдиндан тузатинг.

Қонун ҳужжатларида белгиланишича, солиқларнинг ҳисоб-китоблари ва уларни тўлаш пайтида хатолар мустақил равишда аниқланганда уларни муддат кечиктирилганлиги учун жарима қўлланмасдан тўлаш мумкин. Солиқ маслаҳатчилари ва аудиторларнинг хизматларидан ўз вақтида фойдаланинг, бу эса сизга кейинчалик жарима санкциялари ва бошқа жавобгарликлардан қутулишда ёрдам беради.

 

P.S.

Маслаҳат олиш учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг минтақавий бўлинмаларига мурожаат қилишингиз мумкин. ССП муаммони ҳал этиш ва фаолиятингизни тўғри йўлга солиб юборишда ёрдам беради.

 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Прочитано: 1662 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика