Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 42 / Амалий бухгалтерия

Воситачининг ҳисобварақ-фактуралари

 

Бизнинг ХК (ХХТУТ коди – 84300) улгуржи лицензияга эга эмас, С компаниясидан (етказиб берувчи) товарларни сотиб олиш учун Б компанияси (комитент) билан воситачи сифатида воситачилик шартномасини тузди. Комитент воситачига товар учун пул (100%) ва воситачилик ҳақини ўтказди. Воситачи ўз навбатида етказиб берувчи билан шартнома тузди.

1. Комитент товарни олиш учун ишончномани кимнинг номига ёзиши керак – воситачи номигами ёки товарни етказиб берувчи номига? Агар воситачининг номига бўлса, бу улгуржи савдо қилишга лицензия талаб этиладиган олди-сотди битими ҳисобланмайдими? Агар етказиб берувчининг номига бўлса, нимага асосланилади, зеро комитент билан етказиб берувчи ўртасида шартнома тузилмаган?

2. Етказиб берувчи товарни қайси компания номига жўнатади ва товарга ҳисобварақ-фактура ёзиб беради – воситачигами ёки комитентга?

К.Титеев,

ХК директори.

 

1

Комитентнинг топшириғига кўра етказиб берувчи билан шартнома тузишда товарларни бевосита олувчи ким – Б компанияси (комитент) ёки А компанияси (воситачи) ҳисобланишини шартномада аниқ кўрсатиш зарур.

Шунга қараб ишончнома ёзиб бериладиган товарнинг олувчиси аниқланади.

1-вариант. Агар комитент олувчи ҳисобланиши шартномада назарда тутилган бўлса, етказиб берувчи товарни айни унга бериши керак. Тегишинча, товарни олишга ишончнома комитентнинг моддий жавобгар шахси номига расмийлаштирилиши керак.

 

1-чизма.

1.   Комитент воситачига етказиб берувчи билан шартнома тузиш топшириғини беради.

2.   Воситачи етказиб берувчи билан шартнома тузади.

3.   Комитент етказиб берувчидан товар олиш учун ўз ходими номига ишончнома ёзиб беради.

4.   Етказиб берувчи товарни комитентга беради.

5.   Етказиб берувчи товарга ҳисобварақ-фактурани воситачига ёзиб беради.

6.   Воситачи товарга ҳисобварақ-фактурани комитентга қайтадан беради.

7.   Воситачи ўз хизматларига ҳисобварақ-фактурани комитентга беради.

 

2-вариант. Агар шартномага кўра воситачи олувчи ҳисобланса, етказиб берувчи товарни унга беради. Товар воситачи орқали комитентга етказиб берилади.

Бу ҳолда етказиб берувчидан товарларни олиш учун воситачи ўзининг моддий жавобгар шахси номига ишончномани расмийлаштиради. Сўнг воситачидан товарларни олиш босқичида комитент ўз ходимига ишончномани расмийлаштириши керак.

 

2-чизма.

1.   Комитент воситачига етказиб берувчи билан шартнома тузиш топшириғини беради.

2.   Воситачи етказиб берувчи билан шартнома тузади.

3.   Воситачи етказиб берувчидан товар олиш учун ўз ходими номига ишончнома ёзиб беради.

4.   Етказиб берувчи товарни воситачига беради.

5.   Етказиб берувчи товарга ҳисобварақ-фактурани воситачига ёзиб беради.

6.   Комитент воситачидан товар олиш учун ўз ходими номига ишончнома ёзиб беради.

7.   Воситачи товарни комитентга етказиб беради.

8.   Воситачи товарга ҳисобварақ-фактурани комитентга қайтадан беради.

9.   Воситачи ўз хизматларига ҳисобварақ-фактурани комитентга беради.

Воситачи комитентнинг топшириғига кўра бажарадиган битимлар бўйича воситачига улгуржи савдо қилиш ҳуқуқига лицензия талаб этилмайди. Воситачининг ҳақ эвазига комитентга етказиб берувчини излаш, у билан товарнинг олди-сотди шартномасини тузиш (бунда сотиб олинаётган товарга доир мулк ҳуқуқи воситачига ўтмайди) бўйича воситачилик хизматларини кўрсатиши савдо фаолияти деб ҳисобланмайди.

Воситачи комитент ҳисобига сотиб олган товарлар комитентнинг мулки ҳисобланади (ФКнинг 838-моддаси). Комитентнинг топшириғига кўра тузилган битим бўйича сотиб олинган товарга доир мулк ҳуқуқи воситачига ўтмайди.

 

2

Воситачилик шартномасига кўра комитент учун товарлар сотиб олинганда (товар кимга: воситачи ёки комитент номига берилишидан қатъи назар) – сотувчи воситачи номига ҳисобварақ-фактура бериши керак (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган Тартиб).

Воситачи комитент учун сотиб олинган товарлар бўйича сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурадаги кўрсаткичларни акс эттирган ҳолда унга ҳисобварақ-фактура беради (сотувчидан олинган ҳисобварақ-фактурани ўз номидан комитент номига қайтадан беради). Бунда «Етказиб берувчи» сатрида номга қўшимча равишда «Воситачи» кўрсатилади (Тартибнинг 33-банди).

Воситачилик шартномасини бажаргандан кейин воситачи комитентга ўз ҳақи суммасига алоҳида ҳисобварақ-фактурани ҳам беради (Тартибнинг 37-банди).

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2011 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика