Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 40 / Амалий бухгалтерия

МЧЖдан чиқиш: чет эллик шахс билан қандай ҳисоб-китоб қилинади

 

МЧЖ шаклидаги қўшма корхона 2010 йилда таъсис этилган. Хорижий муассис – норезидент (юридик шахс) ўшанда устав фондига 300 минг АҚШ долларига эквивалент суммадаги асосий воситалар, хом ашё материалларини киритган. Бухгалтерия ҳисобида 480,2 млн сўм (ЎзР МБ курсида қайта ҳисоблаганда 1 доллар – 1 600,58 сўм) кирим қилинган. Ҳозир хорижий муассис устав фондидаги ўз улушини валютада олган ҳолда иштирокчилар таркибидан чиқмоқчи.

1. Хорижий муассис муассислар таркибидан чиқаётганда корхона унга қайси суммани тўлаши керак:

устав фонди шакллантирилаётган пайтда у киритган 300 минг долларними;

ёки МБнинг бугунги кундаги курси бўйича эквивалентда 161,2 минг долларними?

Ушбу вазиятга доир биронта меъёрий ҳужжат мавжудми?

2. Ушбу операциялар бўйича қандай бухгалтерия проводкалари амалга оширилади?

А.Сафаров,

бухгалтер.

 

1

МЧЖ билан унинг иштирокчилари ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинади. Чиқиб кетаётган хорижий муассисга тўланадиган улуш миқдорини аниқлашда айни унга амал қилишингиз шарт.

Жамиятдан чиқиб кетган жамият иштирокчисининг улуши жамиятга ўтади. Бунда жамият ундан чиқиб кетган иштирокчига улушининг чиқиб кетиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари бўйича аниқланадиган ҳақиқий қийматини тўлаши ёки жамиятдан чиқиб кетган иштирокчининг розилиги билан унга худди шундай қийматдаги мол-мулкни асли ҳолида бериши шарт (Қонуннинг 22-моддаси 5-қисми).

Чиқиб кетаётган муассис улушининг қийматини аниқлашда соф активлар аниқланади. Соф активлар деганда ўз маблағлари билан таъминланган узоқ муддатли ва жорий активларнинг қиймати, яъни қарз мажбуриятларидан озод бўлган мол-мулк қиймати тушунилади (АВ томонидан 7.04.2004 йилда 1335-сон билан рўйхатдан ўтказилган 14-сон БҲМСнинг 10-банди).

Соф активлар миқдорини ҳисоб-китоб қилиш йўли билан аниқлаш мумкин: активлар қийматидан қарз мажбуриятларининг суммаси чегирилади (баланс активининг ­400-сатри айирув баланс пассивининг ­770-сатри).

Чиқиб кетаётган муассис улушининг қийматини аниқлаш учун соф активлар қиймати МЧЖ устав фондидаги ушбу иштирокчининг фоизли улушига кўпайтирилади. Айни шу сумма чиқиб кетаётган муассисга тўланиши керак.

Чет эллик инвестор инвестиция фаолиятини тўхтатиш натижасида олинган ўз активларини пул ёхуд натура шаклида ўз мамлакатига эркин қайтариш ҳуқуқига эга («Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси).

Хорижий иштирокчига сўмдаги эквивалентда тўланадиган улушнинг ҳақиқатдаги қиймати аниқлангач, сиз унинг улуши аниқланган санадаги (масалан, хорижий иштирокчи жамиятдан чиқиши ҳақидаги муассислар йиғилиши баённомаси санасидаги) ЎзР МБ курси бўйича уни хорижий валютада қайта ҳисоблашингиз мумкин.

Хорижий иштирокчига улушни конвертацияланган валюта маблағлари ёки агар бўлса, ўз валютангиз ҳисобидан тўлашингиз мумкин.

 

МИСОЛ. МЧЖ устав фонди 500 минг АҚШ долларини ташкил этади, у бухгалтерия ҳисобида устав рўйхатга олинган санадаги ЎзР МБ курси бўйича эквивалентда 800,3 млн сўм сифатида ($1 = 1 600,58 сўм) миллий валютада қайд этилган.

Жамият хорижий иштирокчисининг улуши – 300 минг доллар, бу устав фонди миқдорининг 60%ини ёки устав рўйхатга олинган санадаги ЎзР МБ курси бўйича эквивалентда 480,2 млн сўмни ($1 = 1 600,58 сўм) ташкил этади.

Ҳисобот санасида МЧЖ активлари қиймати 2 480 млн сўмни, мажбуриятлар миқдори – 1 420 млн сўмни ташкил этади.

Жамият соф активлари ҳажмини ҳисоблаймиз, у 1 060 млн сўмга (2 480 – 1 420) тенг.

Чиқиб кетаётган муассис улушининг ҳақиқатдаги қийматини аниқлаймиз:

1 060 х 60% = 636 млн сўм.

Чиқиб кетаётган муассис улушининг ҳақиқатдаги миқдори билан унинг дастлабки улуши ўртасидаги фарқ 155,8 млн сўмни (636 – 480,2) ташкил этади. У солиқ солиш мақсадида дивидендларга тенглаштирилган (Солиқ кодексининг 22-моддаси) ва, тегишинча, унга 10%лик ставкада солиқ солиниши керак. Солиқ тўлов манбаида ушлаб қолиниши лозим (Солиқ кодексининг 165-моддаси).

Солиқ ушлангандан кейин хорижий муассисга 620,42 млн сўм (636 – 15,58) тўлаш керак, бу тўлов санасидаги ЎзР МБ курси бўйича эквивалентда ($1 = 2 979,31 сўм) 208,2 минг АҚШ долларини ташкил этади.

 

2

Чиқиб кетаётган иштирокчига ҳақиқатдаги улушнинг тўланишини бухгалтерия ҳисобида қуйидаги тартибда акс эттириш мумкин:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма

 

Ҳисобварақлар корреспонденцияси

 

Ёзувларни тасдиқловчи ҳужжатлар

 

дебет

 

кредит

 

 

Чиқиб кетаётган муассис олдидаги унинг устав капиталидаги улуши бўйича қарз акс эттирилди (агар МЧЖ устав капитали чиқиб кетаётган муассис улушига камайтирилса)

 

480,2 млн сўм

 

8330-«Пай ва улушлар»

 

6620-«Чиқиб кетаётган муассисларга улушлари бўйича қарз»

 

Муассиснинг аризаси, МЧЖ муассислари йиғилишининг баённомаси

 

Жамғарилган фойда улушидаги муассис олдидаги қарз акс эттирилди

 

155,8 млн сўм

 

8720-«Жамғарилган фойда (қопланмаган зарар)»

 

6620-«Чиқиб кетаётган муассисларга улушлари бўйича қарз»

 

Бухгалтериянинг ҳисоб-китоби

 

Чиқиб кетаётган муассиснинг дивидендлар кўринишидаги даромадларидан солиқ ҳисобланди

 

15,58 млн сўм

 

6620-«Чиқиб кетаётган муассисларга улушлари бўйича қарз»

 

6410-«Бюджетга тўловлар бўйича қарз»

 

Бухгалтериянинг ҳисоб-китоби

 

Хорижий валюта сотиб олиш учун маблағлар захира қилинди

 

620,42 млн сўм

 

5530-«Бошқа махсус ҳисобварақлар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Хорижий валютани сотиб олиш учун ариза

 

МБнинг 16.08.2016 йилдаги
$1 = 2 979,31 сўм курси бўйича хорижий валюта сотиб олинди

 

208,2 минг АҚШ доллари / 620,42 млн сўм

 

5210-«Мамлакат ичидаги валюта ҳисобварақлари»

 

5530-«Бошқа махсус ҳисобварақлар»

 

Чиқиб кетаётган муассис олдидаги қарз тўланди (солиқни чегирган ҳолда)

 

208,2 минг АҚШ доллари / 620,42 млн сўм

 

6620-«Чиқиб кетаётган муассисларга улушлари бўйича қарз»

 

5210-«Мамлакат ичидаги валюта ҳисобварақлари»

 

Банк кўчирмаси

 

 

 

Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1715 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика