Norma.uz
Норма маслахатчи / 2016 йил / № 33 / Хўжалик юритиш қоидалари

Хорижий хизмат сафарига бўнак

 

АЖ ходимларни ЎзР ташқарисига хизмат сафарига юбормоқда. Бўнак олиш мақсадида банкка суткалик пулларни олиш учун нормативлар бўйича АҚШ долларида олиниши лозим бўлган сумма, яшаш харажатлари ва транспорт харажатлари (чипталар қиймати ва борилаётган мамлакат ичида ҳаракатланиш харажатлари) ҳисоб-китоби топширилган. Банк транспорт харажатларига бўнак беришдан бош тортиб, чипталарнинг кўчирма нусхаларини тақдим этишимизни талаб қилмоқда, ҳозирча қўлимизда уларнинг нархи қайд этилган бронь бор, холос. Банкда транспорт харажатларига бўнак тўламасликка асос борми?

Н.Павлиди,

бухгалтерия ҳисоби бўйича катта техник.

 

– Аввало шуни қайд этиш лозимки, транспорт харажатларига алоҳида бўнак берилмайди. Хизмат сафари харажатлари учун маблағлар тўланади, улар сирасига транспорт харажатлари ҳам киради. Агар сиз Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 19.11.2015 йилда 2730-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 36-бандида назарда тутилган барча ҳужжатларни тақдим этган бўлсангиз, бу ҳолда банкнинг хатти-ҳаракатлари Низомга мувофиқ келмайди.

Хизмат сафарига юбориладиган ходимларга транспорт харажатларини бериш тартиби юқорида тилга олинган Низом (4-боб) билан белгиланган.

Транспорт (таксидан ташқари) харажатларини қоплаш учун маблағлар ҳақиқий харажатлар бўйича уларни тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланиши шарти билан тўланади (18-банд).

Шаҳар ичидаги транспортдан фойдаланганлик учун харажатлар ходимга суткалик харажатлар таркибида қопланади (23-банд).

Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафаридаги транспорт харажатлари қопланиши амалга оширилмайди (24-банд).

Фикримизча, юқоридаги бандларни ўз маблағларига авиачипталар харид қилувчи шахсларга нисбатан қўллаш мумкин. Хизмат сафаридан қайтгач, ушбу ходимлар транспорт харажатларини қоплаш учун тасдиқловчи ҳужжатларни (авиачипталар ёки ҳ.к.) тақдим этишлари шарт. Одатда, ушбу харажатлар хорижий валютада олиниши лозим бўлган сумманинг ҳисоб-китобида назарда тутилади.

Бўнак бериш тартиби Низомнинг ­6-бобида назарда тутилган. Мазкур Низомнинг 36-бандига мувофиқ, талаб қилиб олунгунча депозит ҳисобварағидан нақд хорижий валютани олиш учун ташкилотлар томонидан хизмат кўрсатувчи ваколатли банкларга қуйидаги ҳужжатлар (ёки улардан кўчирма) тақдим этилади:

хизмат сафари харажатларини қоплаш учун маблағларни бериш ҳақида ариза;

хизмат сафарига юбориладиган ходимларнинг фамилиялари, исми-шарифининг бош ҳарфлари, хизмат сафарига юбориладиган жой ва хизмат сафарининг муддати кўрсатилган ҳолда хизмат сафарига юбориш тўғрисидаги буйруқ нусхаси;

ташкилотнинг раҳбари ва бош бухгалтери (бухгалтери) томонидан тасдиқланган хорижий валютада олиниши лозим бўлган сумманинг ҳисоб-китоби;

ташкилотнинг раҳбари томонидан тасдиқланган хизмат сафари режа-топшириғи;

таклиф қилаётган томоннинг мазкур сафарни молиялаштириш шартлари (улар мавжуд бўлганда) кўрсатилган хатлари, факслари ва телексларининг нусхалари;

Вазирлар Маҳкамаси қарори нусхаси (Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича жўнаб кетаётган шахслар учун).

Бунда ваколатли банк тақдим қилинган ҳисоб-китобнинг Низом талабларига мувофиқлиги юзасидан текширувни амалга оширади.

Юқоридаги рўйхатда талаб қилиб олунгунча депозит ҳисобварағидан нақд хорижий валютани олиш учун авиачипталарни тақдим этиш талаби мавжуд эмас.

Бундан ташқари, агар ходимингиз борилаётган мамлакат ичида ҳаракатланишни режалаштираётган бўлса ва ушбу харажатлар ҳам хорижий валютада олиниши лозим бўлган сумманинг ҳисоб-китобида назарда тутилган бўлса, юқоридаги Низомнинг 36-бандида қайд этилган ҳужжатлар (ёки улардан кўчирма) ваколатли банкка тақдим этилганда ҳамда унда уларнинг расмийлаштирилиши юзасидан эътирозлар бўлмаганда, банк хизмат сафарига юборилаётган шахсга хорижий валютадаги бўнакни бериши шарт.

 

Жўрабек Муротов,

«Norma Online» эксперти.

 

Прочитано: 1891 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика