Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 17 / Қонунчиликдаги янгиликлар

ҚҚС ортиқча тўланганда нима қилмоқ керак

 

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қарори (АВ томонидан 7.04.2016 йилда 2775-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У илгари амал қилган Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисидаги низомнинг (АВ томонидан 16.05.2008 йилда 1807-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўрнини босади.

 

Янги тасдиқланган Низом билан ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш тартиби Солиқ кодексининг 56-моддасига мувофиқлаштирилган.

 

Қарзни узиш навбатига риоя этинг

Илгари амал қилган ҳужжатга кўра, ҚҚСнинг ортиқча суммаси солиқлар бўйича қарздорликни, шу жумладан Солиқ кодексининг 207-моддасига асосан ҚҚСни тўлаш бўйича қарзни узиш ҳисобига йўналтирилаётганда ортиқча тўлов суммаси аввал корхонанинг ҳисоб-китоб рақамига (ёхуд махсус 23202-ҳисобрақамга) ўтказиларди, корхона маблағларни олиши билан уларни бошқа солиқлардан бўлган, ЖШДС бундан мустасно, қарзларини қайтаришга йўналтириши шарт эди. Энди эса ҚҚСнинг ортиқча суммаси ҳисобига бошқа солиқлар бўйича қарзни узишда Солиқ кодексининг 56-моддаси меъёрлари амал қилади, яъни:

1) ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ қарзини қуйидаги кетма-кетликда узиш ҳисобига ҳисобга олиниши керак:

солиқнинг мазкур тури бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига;

бошқа турдаги солиқлар бўйича қарзни узиш ҳисобига;

бошқа турдаги солиқлар бўйича ­пеня ва жарималарни узиш ҳисобига;

мазкур солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига;

бошқа турдаги солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига;

2) ортиқча тўланган солиқ суммасини мазкур солиқ тури бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига ҳисобга олиш давлат солиқ хизмати органи томонидан мустақил равишда солиқ тўловчининг аризасисиз амалга оширилади, солиқ тўловчи бу ҳақда ҳисобга олиш амалга оширилган кундан эътиборан 3 кунлик муддатда ёзма равишда хабардор этилади;

3) агар ортиқча тўланган солиқни ҳисобга олиш бошқа турдаги солиқлар бўйича қарзни узиш, пеня ва жарималар, келгуси тўловлар ҳисобига амалга оширилса, у солиқ тўловчининг ёзма аризасига асосан солиқ органи томонидан ҳисобга олишни амалга ошириш тўғрисида хулоса тақдим этилган тақдирда тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади;

4) солиқ тўловчи солиқ ҳисоботи тақдим этилган санадан эътиборан 10 кун ичида ёзма ариза бермаган тақдирда, солиқ органи тегишли молия органларига ҳисобга олишни бошқа турдаги солиқлар бўйича қарз, пеня ва жарималарни узиш ҳисобига амалга ошириш тўғрисида мустақил равишда хулоса тақдим этиши мумкин.

 

Ортиқчасини қайтаринг

Шунга эътибор қаратиш лозимки, янги Низомда ЖШДС бўйича қарзни узиш ҳисобига ҚҚСнинг ортиқча суммасини ҳисобга олиш имкониятига доир чеклов мавжуд эмас.

Агар бошқа турдаги солиқлар, жарима ва пеня бўйича қарзни узиш ҳисобига ҳисобга олиш амалга оширилганидан кейин ҳам солиқ тўловчида ортиқча сумма сақланиб қолса, ушбу сумма ёзма аризага асосан унинг банкдаги ҳисобварағига қайтарилади.

Эндиликда ҚҚСнинг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тўғрисидаги ёзма ариза солиқ тўловчи томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган ҚҚСнинг ортиқча суммаси ҳосил бўлган ҳисобот даври тугаганидан кейин 12 ойдан кечиктирилмаган муддатда тақдим этилиши лозимлигига эътиборингизни жалб этамиз.

ҚҚСнинг ортиқча суммасини банк ҳисобварағига қайтариш тўғрисида ариза белгиланган муддат тугагандан кейин тақдим қилинган тақдирда, ҚҚСнинг ортиқча суммаси солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағига қайтарилмайди, балки бошқа солиқлар бўйича қарздорликни қоплаш йўли билан амалга оширилади.

Янги Низом билан солиқ тўловчи ДСИга тақдим этадиган ҚҚСнинг ортиқча суммасини ўзининг банкдаги ҳисобварағига қайтариш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати анча қисқартирилди. Эндиликда ушбу рўйхат анча кичрайди ва қуйидаги ҳужжатларни ўз ичига олади:

1) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича юридик шахс қарзларининг солиштирув далолатномаси. У солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг турлари бўйича ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунига қадар тузилади ва бир календарь ой мобайнида амал қилади;

2) Солиқ ҳисоботининг шакллари (АВ томонидан 22.03.2013 йилда ­2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) бўйича ҚҚС ҳисоб-китоби;

3) юридик шахсга илгари ҚҚСнинг ортиқча суммаси қайтарилган бўлса, Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда қайтарилган суммалар тўғрисида маълумотлар тақдим этилади.

Янги Низомга қўшимча киритилган. Чунончи, товарлар экспортга воситачи (ишончли вакил) орқали воситачилик (топшириқ) шартномаси бўйича реализация қилинганда экспортни тасдиқлаш учун комитент (топшириқ берувчи) томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) солиқ тўловчи билан воситачи (ишончли вакил) ўртасидаги воситачилик (топшириқ) шартномаларининг кўчирма нусхалари;

2) солиқ тўловчининг топшириғига кўра (воситачилик (топшириқ) шартномасига мувофиқ) экспортга товарлар етказиб беришни амалга ошираётган шахснинг товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига етказиб бериш учун чет эллик шахс билан тузилган контрактларининг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхалари;

3) товарларни экспорт режимига чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг белгиси қўйилган божхона юк декларацияларининг кўчирма нусхаси;

4) контракт (товарларнинг юклаб жўнатилган туркуми) бўйича чет эл валютасида реализация қилинган товарлар учун тушум воситачининг, ишончли вакилнинг ёки солиқ тўловчининг Ўзбекистондаги банк ҳисобварағига келиб тушганлигини тасдиқловчи банк кўчирмаларининг нусхалари.

Солиқ органлари ёки Молия вазирлиги ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтаришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда солиқ тўловчига ёзма хабарнома юбориш муддатлари ва тартиби қатъий белгиланди.

 

Назорат ва жавобгарлик ўзгаришсиз қолдирилди

Янги Низомда солиқ тўловчиларда текширишлар ўтказиш ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги билан боғлиқ меъёрлар ўзгартирилмай қолдирилди:

молия органлари ва солиқ органлари солиқ тўловчиларни қайтарилиши лозим бўлган ҚҚСнинг ортиқча суммаси тўғри ҳисобланганлиги масаласи юзасидан биргаликда текширишлар ўтказади. Бунда текшириш мувофиқлаштирилган текширишлар режа-жадвалига биноан умумий режали текширув давомида ўтказилиши ёки алоҳида текширув тарзида ўтказилиши аниқлаштирилмаган;

тақдим этилаётган ҳисоб-китоблар, бирламчи ҳужжатлар ва бошқа материаллар, шунингдек уларнинг кўчирма нусхалари ишончлилиги ва асослилиги, тўлов ҳужжатларининг тўғри ва ўз вақтида расмийлаштирилиши, уларни тўлашга ўз вақтида тақдим этилиши, мақсадли тўлов бўйича маблағларни ўтказиш ва қайд этиш учун шахсан жавобгарлик солиқ тўловчиларнинг раҳбарлари ҳамда бош бухгалтерлари (ёки зиммасига бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий бошқариш вазифалари юкланган бошқа шахс) зиммасига юкланади.

Қарор 11.04.2016 йилдаги 14 (722)-сон Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламида расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди. «СБХ»нинг бугунги сонидаги ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда.

 

Неля ВАЛИНИНА,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2456 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика