Norma.uz
СБХ / 2016 йил / № 08 / Интеграция

Коррупцияга қарши қаратилган ислоҳот: дастлабки якунлар

 

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул Ҳаракатлар режаси доирасида Ўзбекистонда ўтказилган мониторингнинг 3-раунди якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Матбуот хизмати Тошкент давлат юридик университетида матбуот конференцияси ўтказди. Мониторинг якунлари ҳақида мамлакатимиз ОАВ вакилларига мониторинг гуруҳи аъзолари Инесса Куште (ИҲТТ1 тармоғи котибияти) ва Ольга Зудова (БМТнинг гиёҳвандлик воситалари ва жиноятчилик бўйича бошқармаси) ахборот бердилар.

 

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул Ҳаракатлар режаси бу борадаги аҳволни ўзаро баҳолашнинг йирик минтақавий дастуридир. Мазкур режа Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Тожикистон, Украина ва Ўзбекистон мамлакатларидаги коррупцияга қарши қаратилган ислоҳотларни мазкур мамлакатлардаги аҳволни шарҳ-талқин этиш ҳамда БМТнинг коррупцияга қарши конвенцияси2 (Нью-Йорк, 31.10.2003 йил), бошқа халқаро стандартлар бажарилишини ва яхши амалиётни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган тавсияларни амалга ошириш борасида ана шу мамлакатлар саъй-ҳаракатларини узлуксиз мониторинг қилиб бориш ёрдамида қўллаб-қувватлаб келади. 

 

Коррупцияга қарши курашиш бўйича Истанбул Ҳаракатлар режаси (бундан буён матнда ИҲР деб юритилади) 2003 йили қабул қилинган бўлиб, ИҲТТ коррупцияга қарши кураш бўйича Тармоғининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун йирик минтақавий ташаббуси ҳисобланади. Ундан кўзланган мақсад коррупцияга қарши қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда коррупцияга қарши кураш чора-тадбирларини такомиллаштиришдан иборатдир.

Ўзбекистон ИҲРга 2010 йили қўшилган бўлиб, ўша йилнинг декабрида мамлакатимиз бўйича бу борадаги аҳвол шарҳ-талқин этилган эди. Шу тадбир натижалари асосида 21 тавсиянома тайёрланди. Мониторингнинг иккинчи раунди ҳақидаги ҳисоботлар 2012 йили февралда тасдиқланган. Мониторинг раундлари орасидаги ИҲР ялпи мажлисларида Ўзбекистон тавсияларни амалга ошириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар ҳақида мунтазам равишда ҳисобот бериб борди, тармоқ доирасидаги бошқа тадбирларда ҳам фаол иштирок этди.

– 3-раунд бўйича мониторинг гуруҳининг мамлакатингизга қилган ташрифи ўтган йили ёзда бўлди, – деди Инесса Куште журналистларга берган ахборотида. – Унинг доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати қўмиталари, Президент Девони, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Молия, Меҳнат ва аҳолини муҳофаза қилиш вазирликлари, Олий суди, Олий хўжалик суди, ДСҚ ва ДБҚ ҳамда бошқа давлат органларининг вакиллари билан мавзувий сессиялар бўлиб ўтди. Шунингдек академия тизими доиралари, фуқаролик жамияти, бизнес ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказилди.

Ташриф натижалари юзасидан тай­ёрланган ҳисобот ИҲТТ тармоғининг 2015 йил 9 октябрда Парижда бўлиб ўтган ялпи мажлисида тасдиқланди. Ҳисоботда Ўзбекистоннинг кейинги йилларда амалга оширилган ва мамлакатда коррупция даражасини пасайтириш имконини берган сиёсий хоҳиш-иродаси ва коррупцияга қарши қаратилган сиёсатига ижобий баҳо берилди. Эксперт Ўзбекистон Коррупцияга қарши тадбир-чораларни амалга ошириш юзасидан амалий ҳаракатларнинг 2015 йилга мўлжалланган комплекс режасини тасдиқлаш билан бу борада муҳим қадам қўйганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ҳисоботда мониторингнинг 1 ва ­2-раундлари тавсияларига мувофиқлик рейтинги ҳам ўз аксини топди. Илгари баён этилган 20 тавсиядан фақат биттаси бажарилмаган, 8 таси қисман ва асосан адо этилган, 3 таси тўла-тўкис бажарилган. Мониторингнинг ­3-раунди 23 та тавсия берди, шулардан 16 таси янги ва 7 таси аввалги тавсиялардир.

Журналистларнинг бажарилмаган тавсияларга тааллуқли саволига Ольга Зудова мониторинг асносида қонунларгина эмас, балки уларнинг амал қилиши ҳам ўрганилади деб айтди. Яхши қонунлар бор, бироқ энди уларнинг самарали тарзда рўёбга чиқарилиши талаб этилади.

Моҳият эътибори билан олганда, барча тавсиялар бажарилмоқда, лекин бу иш босқичма-босқич бораётир. Мониторингда коррупциянинг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ижобий фикр билдирилмоқда. Аммо дастурларнинг аксариятини рўёбга чиқариш учун муайян вақт талаб этилади.

О.Зудованинг айтишича, мониторингнинг 2-раундидан кейин, Ўзбекистон давлат органлари миллий қонун ҳужжатларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш муддаоси билан қонун ижодкорлиги борасида анчагина иш қилдилар. Чунончи, коррупция билан боғлиқ жиноятлар субъектлари доирасини кенгайтирган қонун қабул қилинди. Бундан ташқари, пора ваъда қилганлик ва таклиф этганлик учун, ғайриқонуний тарзда бойлик орттирганлик, таъсир доирасини суиистеъмол қилганлик учун жиноий жавобгарликни, шу жумладан юридик шахсларнинг жиноий жавобгарлигини белгиловчи, шунингдек судьялар ва депутатларнинг хизмат рутбасидаги иммунитетларини белгиловчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бироқ қонун лойиҳаларининг илмий доиралар томонидан ўтказилган ҳуқуқий экспертизаси бу лойиҳалар юзасидан салбий хулосалар берди. Шу сабабли қонун лойиҳаларини такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритишни тезлаштириш мақсадга мувофиқ эканлиги ҳам эксперт томонидан қайд этиб ўтилди.

Ахборотлардан баҳрамандлик ва улардан фойдаланишга оид тавсиялар хусусида махсус мухбиримиз берган саволга жавобан Ольга Зудова, дарҳақиқат, Ўзбекистонда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун (5.05.2014 йилдаги ЎРҚ-369-сон) қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтди. Мазкур Қонун оммавий ахборотлардан баҳрамандлик ва улардан фойдаланишга оид халқаро стандартлар нормаларини имплементация қилиш соҳасида олға қараб қўйилган муҳим қадам саналади. Хусусан, Қонунда сўралган ахборотни тақдим этишнинг янада мухтасар муддатлари белгиланган, давлат органлари мунтазам равишда эълон қилиб бориши шарт бўлган маълумотлар рўйхати, электрон сўров имконияти назарда тутилган. Бироқ олдинги ҳисоботда ўртага қўйилган бир қанча масалалар ҳамон ечим кутмоқда. Масалан, давлат сирлари таърифи мубҳамроқ ва юзакироқ тарзда ифодаланган, ахборотдан баҳрамандлик даражасини мониторинг қилувчи ваколатли орган мавжуд эмас. Қолаверса, экспертнинг фикрича, ахборотдан эмин-эркин фойдаланишни тартибга солувчи 3 та ҳар хил қонундаги такрорийлик ва зиддиятларни бартараф этиш зарур. Шу муносабат билан тегишли қоидаларни битта қонунга бирлаштириш, қолаверса «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонун имплементациясини таъминлаш, шу жумладан қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тавсия этилди.

Мамлакатимизда оммавий маъмурият тизимига электрон ҳукуматни жорий этиш юзасидан катта иш амалга оширилганлиги экспертлар томонидан таъкидлаб ўтилди. Айниқса, давлат хизматларидан 7 тасини электронлаштириш ҳамда давлат порталларини яратиш юзасидан дуруст ишлар қилинди, бундай порталларда кўпгина маълумотлар, қонун ҳужжатлари ҳамманинг эмин-эркин фойдаланиши учун очиқдир. Ҳисоботда давлат томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг очиқ-ошкоралигини ва самарадорлигини ошириш, бошқарилишини соддалаштириш ишларини давом эттириш тавсия қилинган. Маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотни давом эттириб, маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида қонун қабул қилиниши зарурлиги ҳақида сўз юритганда, экспертлар Ўзбекистонда норма ижодкорлиги жараёни анчагина яхши ривожланганлигига алоҳида урғу бердилар. Норматив ҳужжатлар коррупцияга қарши экспертизадан мунтазам равишда ўтказиб борилади. Таассуфки, бундай тадбир натижалари эълон қилинмайди. Ўзбекистонда қонун ҳужжатларида бошқарилув йўсинидаги таъсирни таҳлил қилиш назарда тутилмаган, бундай амалиёт ўтказилмайди ҳам. Шу муносабат билан норма ижодкорлигини навбатдаги, янада юқорироқ босқичга кўтариш, ҳеч бўлмаганда муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда шундай таҳлил ўтказиш, шунингдек коррупцияга қарши экспертизанинг умумлашма натижаларини эълон қилиб бориш тавсия этилди.

Ҳисоботда бизнес жабҳасида батартибликни мукаммаллаштириш билан боғлиқ баъзи жиҳатларга ҳам эътибор қаратилган. Жумладан, 2014 йилда Ўзбекистон акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимларини жорий этиш ва уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўриш ишларига киришилди. Ҳисоботда 2014 йили Савдо-саноат палатаси томонидан қабул қилинган Бизнес юритиш одоби кодекси ҳамда мазкур Палатанинг ишбилармон доиралар билан олиб бораётган мулоқоти ижобий баҳоланди. Айни чоғда, кичик ва ўрта бизнесга (хусусий корхоналарга) ички назорат тизимини барпо этишида кўмаклашиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жоизлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек мамлакатда давлат харидларининг қонунчилик асоси такомиллаштирилаётганлиги қайд этиб ўтилди. Ўзбекистон Республикасининг давлат харидлари тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг 2015–2025 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Тегишли «қора рўйхат» ишга туширилди, коррупцияга қарши кураш масалаларида харид этувчи ташкилотлар ходимлари ва харид этувчилар билан тренинглар ўтказилмоқда. Шу билан бирга мазкур соҳада шикоят беришнинг мустақил тизими ва тартиб-таомиллари, давлат харидлари мониторинги таҳлилини амалга оширувчи ишчи органининг салоҳиятини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратилди.

Айтиш жоизки, журналистлар томонидан кўплаб саволлар берилди. Матбуот конференциясининг белгилаб қўйилган вақти улардан аксариятига жавоб олиш имконини бермади. Бош прокуратуранинг матбуот хизмати раҳбари Гулноза Раҳимованинг таклифига кўра, жавобсиз қолган саволлар жамланиб, мониторинг гуруҳига топшириладиган бўлди.

Мониторинг гуруҳи экспертлари учрашув пировардида мониторингнинг уч раундини ўтказишда самарали ҳамкорлик қилганлиги учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирдилар, шунингдек мамлакатга қилинган ташриф мобайнида очиқ ва амалий мулоқот қилганликлари учун бир қанча давлат органларига ва бошқа ваколатли вакилларга ташаккур билдирдилар.

 

Газета номидан матбуот конференциясида махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА

иштирок этди.

 


1Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти.

2Ўзбекистон 7.07.2008 йилдаги ЎРҚ-158-сон Қонунга мувофиқ ушбу Конвенцияга қўшилди. Ўзбекистон Республикаси учун мазкур ҳужжат 28.08.2008 йилдан эътиборан кучга кирган.

 

 

 

Прочитано: 3015 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика