Norma.uz
Норма маслахатчи / 2015 йил / № 49 / Сизнинг ҳуқуқингиз

Эрта бошланган кечки смена хусусида

 

Агар жамоа шартномасига кўра кечки смена соат 17.00 да бошланса, соат 19.00 дан бошлаб кечки соатларда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ тўланиши тўғрими?

Р.Жумаматов.

 

Қўшимча ҳақ бутун кечки смена учун тўланади. Бевосита тунги сменадан олдингиси кечки смена деб ҳисобланади.

Жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб, кечки сменадаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин (Меҳнат кодексининг (МК) 158-моддаси). Шу сабабли иш берувчи жамоа шартномасига кўра кечки смена бошланадиган соат 17.00 дан бошлаб кечки соатлар учун қўшимча ҳақ тўлаши шарт.

Жамоа шартномалари ходимлар билан иш берувчиларнинг меҳнатга оид муносабатларини тартибга солишга ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини мувофиқлаштиришга ёрдам бериш мақсадида тузилади (МКнинг 29-моддаси). Шу боис жамоа шартномаси тарафлари унинг мазмунини белгилашда эркинлар. МКнинг 37-моддасида корхонанинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда иш берувчи ва ходимларнинг қуйидаги масалалар бўйича ўзаро мажбуриятларининг тахминий рўйхати келтирилган, улар жамоа шартномасига киритилиши мумкин:

● меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар;

● нархларнинг ўзгариб бориши, инфляция даражаси, жамоа шартномаси билан белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишига қараб меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш механизми;

● қўшимча таътиллар, пенсияларга тайинланадиган устамалар, муддатдан илгари пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафари харажатлари учун компенсациялар, ходимларни ишлаб чиқаришда ҳамда уларнинг болаларини мактабда ва мактабгача тарбия муассасаларида текин ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш, бошқа қўшимча имтиёз ва компенсациялар ва ҳоказо.

Бироқ шуни ҳам унутмаслик лозимки, жамоа шартномасидаги шартларнинг бажарилишини тарафларнинг вакиллари, меҳнат жамоаси, шунингдек Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг тегишли органлари текшириб борадилар. Жамоа шартномасини имзолаган шахслар ҳар йили ёки шартноманинг ўзида махсус кўрсатилган муддатларда мажбуриятларнинг бажарилиши ҳақида меҳнат жамоасининг умумий мажлисида (конференциясида) ҳисобот бериб турадилар (МКнинг ­46-моддаси).

Олинган мажбуриятларни бузадиган ёки бажармайдиган жамоа шартномаси тарафлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар (МКнинг 34-моддаси). Ушбу ҳаракатлар (ҳаракатсизликлар) меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши тариқасида баҳоланади ва қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси).

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш далиллари бўйича сиз меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хил бажарилишини назорат қиладиган ва кузатиб борадиган Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ёки прокуратурага мурожаат қилишга ҳақлисиз.

 

Абдусалом РИСҚУЛЛАЕВ,

эксперт-юристимиз

Прочитано: 2122 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика