Norma.uz
СБХ / 2015 йил / № 9 / Бевосита мулоқот

Бевосита ўзганинг омборидан сотилмайди

Корхонамиз режага кўра, ун ишлаб чиқарувчи корхонага буғдой етказиб беради. Буғдойдан тайёрланган ун корхонамиз томонидан 15 кун ичида олиб чиқиб кетилиши керак. Унни мазкур муддат ичида олиб чиқиб кета олмасак, у ишлаб чиқарувчининг омборида сақланади. Корхонамиз ушбу омбордаги ўзига тегишли унни савдо фаолияти билан шуғулланувчи бир нечта якка тартибдаги тадбиркорларга сотади. Якка тартибдаги тадбиркорлар биздан сотиб олган унни ўзларининг савдо шохобчалари орқали харидорга сотган ҳолда, уларга касса кирим чекини беради, харидорлар эса ушбу унни ишлаб чиқарувчининг омборидан олиб кетишлари керак.

Ушбу режамизни қандай амалга оширишимиз мумкинлиги, тўғрироғи, бу фаолиятимиз маҳсулот ишлаб чиқариш ва савдо қилиш қоидаларига мос келиш-келмаслиги ҳақида маълумот беришингизни сўраймиз.

МЧЖ директори. 

 

– Ушбу ҳолда сизнинг корхонангиз ва ун ишлаб чиқарувчи корхона ўртасида давал хом ашёсини қайта ишлаш шартномаси тузилади. Бунда буюртмачи корхонанинг буғдойни қайта ишловчи корхонага бериши белгиланган шаклдаги «Давал хом ашёсини қабул қилиш-топшириш далолатномаси» ёки «Давал хом ашёсини топшириш накладнойи» билан расмийлаштирилади (молия вазирининг АВ томонидан 15.03.2010 йилда 2086-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган Қайта ишлашга берилган хом ашё билан боғлиқ операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-банди, кейинги ўринларда – 2086-сон Низом). Давал хом ашёсини қайта ишлашдан олинган маҳсулот буюртмачига қайтариб берилганда эса давал хом ашёсини қайта ишлаш бўйича ишларнинг ҳақиқатда бажарилганлигини тасдиқловчи счёт-фактура ҳамда белгиланган шаклда «Давал хом ашёсини қайта ишлашдан олинган маҳсулотни қабул қилиш-топшириш далолатномаси» ва «Давал хом ашёсининг ишлатилиши тўғрисида ҳисобот» ёзиб берилади (2086-сон Низомнинг 20-банди). Бундан, қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилгандан сўнг буюртмачи ун маҳсулотини олиб чиқиб кетиши керак, деган хулоса келиб чиқади. Агар буюртмачи ун маҳсулотини ўз вақтида олиб чиқиб кетмаса, тарафлар алоҳида ун маҳсулотини сақлаш шартномасини тузишлари мумкин.

Шунингдек таъкидлаш жоизки, буғдойни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган ун маҳсулоти Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидаларининг (АВ томонидан 16.02.2011 йилда 2195-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 5-банди мазмунидан келиб чиқиб, буюртмачи ўзи ишлаб чиқарган товар ҳисобланади. Тегишли равишда, ушбу фаолият улгуржи савдо фаолиятига кирмайди ва уни амалга ошириш учун лицензия олиниши шарт эмас.

Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон Қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда 407-сон Низом) 11-банди иккинчи қисмига кўра товарлар кичик туркумлар билан турғун савдо шохобчалари орқали чакана савдо билан шуғулланувчи жисмоний шахсларга сотилган тақдирда, шартномага сотиб олувчи рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органининг турғун савдо шохобчаси мавжудлиги ва назорат-касса машинаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси илова қилиниши керак. Бироқ 407-сон Низомнинг 1-банди иккинчи қисмига биноан ушбу талаб ўзлари маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва сотувчи юридик шахсларга, яъни сизнинг корхонангизга нисбатан татбиқ этилмайди. Демак, бу вазиятда якка тартибдаги тадбиркор билан ун маҳсулоти олди-сотди шартномасини тузишнинг ўзи етарли бўлиб, шартномага юқоридаги ҳужжатни илова қилиш шарт эмас. Шу билан бирга, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон) 6-моддасига мувофиқ олди-сотди шартномаларини тузишда якка тартибдаги тадбиркорлардан қуйидаги ҳужжатларни сўраб олишга ҳақлисиз:

– давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

– чакана савдони амалга ошириш учун моддий-техник базанинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

– давлат солиқ хизмати органининг назорат-касса машинасини олдиндан рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги маълумотномаси нусхаси ва бошқалар.

407-сон Низомнинг 30, 31, 32-бандларига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар турғун савдо шохобчасида чакана савдони назорат-касса машинаси ва ҳисоб-китоб терминалини қўллаган ҳолда, фақат турғун савдо шохобчасида, сотиладиган товарларни витриналарга қўйган ҳолда амалга оширишлари керак. Хулоса қиладиган бўлсак, чакана савдо билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар харидорларга ун маҳсулотини қайта ишловчи корхонанинг омборхонасидан олиб кетиш шарти билан сота олмайдилар, улар ун маҳсулотини турғун чакана савдо шохобчасидаги махсус хоналарда сақлашлари керак. Шу ўринда эслатиб ўтамиз, якка тартибдаги тадбиркорлар ун маҳсулотини аҳолига нақд пулга ва пластик карталар бўйича, юридик шахсларга корпоратив банк карталари бўйича, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларга миллий валютадаги банк карталари бўйича сотиш ҳуқуқига эга. Бироқ ун маҳсулоти юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга пул ўтказиш йўли билан (тўлов топшириқномаларидан фойдаланган ҳолда) тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотилиши мумкин эмас, чунки бу улгуржи савдо ҳисобланади, улгуржи савдо билан эса фақат юридик шахслар шуғуллана оладилар (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон Қарори билан тасдиқланган Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомнинг 2, 3-бандлари).

 

Жавобни эксперт-юристимиз
Сардор ЖУМАШОВ
тайёрлади.

Прочитано: 2495 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика