Хусусий акциядорлик тижорат банки хизматидан фойдаланадиган корхона ходимларнинг пластик карталарига иш ҳақини ўтказади ва транзит счётга хизмат кўрсатгани учун банкка фоизларни тўлайди. Айни пайтда бошқа банклар, масалан, ЎзСҚБ АТБ юқорида кўрсатилган операциядан фоизларни ундирмайди.
ХАТБ ходимларнинг ПКга иш ҳақини ўтказишда транзит счётга хизмат кўрсатгани учун фоизларни ундиришга ҳақлими?
Е.Коровина.
– Йўқ, банк транзит счётга хизмат кўрсатганлик учун фоизларни ундиришга ҳақли эмас.
Банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилади («Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси 1-қисми). Мижоз банкнинг ҳисобварақда турган пул маблағлари билан операция қилиш бўйича хизматларига банк ҳисобварағи шартномасида назарда тутилган шартлар асосида ҳақ тўлайди (ФКнинг 780-моддаси 1-қисми).
Шу билан бирга 2017 йил 28 февралда «Ўзкарт» банклараро тўлов тизимининг банклараро мувофиқлаштириш кенгаши ва Марказий банк томонидан Тарифлар режаси тасдиқланган
(http://www.cbu.uz/upload/tarif/tarifniy_plan.pdf). Режага изоҳларда кўрсатилганидек, у жорий йилнинг 15 мартидан кучга кирди ва барча тижорат банклари учун мажбурий ҳисобланади.
Режанинг 6.2-бандида белгиланганидек, ташкилотлар жисмоний шахсларнинг банк пластик карточкаларига маблағларни ўтказганликлари учун банк воситачилик ҳақини олишга ҳақли эмас.
Камол Музаффаров, «Norma Online» етакчи эксперти.