МЧЖ ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга пенсионерни Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандига кўра, у пенсия ёшига етганлиги муносабати билан ишдан бўшатиши ва ана шу лавозимга бошқа пенсионерни ишга қабул қилиши мумкинми?
Е.Жориев,
МЧЖ директори.
– Фикримизча, МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган, меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун асос пенсия ёшига етган шахсларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш имкониятини таъминлаш учун белгиланган. Шу сабабли пенсия ёшига етиши муносабати билан ишдан бўшатилган ходимнинг ўрнига бошқа пенсионерни ишга қабул қилиш камида мантиққа зиддир. Аввалги ходим-пенсионер билан меҳнат шартномасини нима учун бекор қилгансиз?
Тўғри, сиз ишдан бўшатилган пенсионерлар ўрнига ҳам пенсионерларни ишга қабул қилишингиз мумкин – қонун ҳужжатлари буни тақиқламайди. Бироқ четдан қараганда ушбу вазият ёқмайдиган ходимдан очиқдан-очиқ халос бўлиш бўлиб кўринади. Судлашилган тақдирда ҳам иш берувчининг ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши асосли бўлганлигини исботлашига тўғри келади.
Ленара ХИКМАТОВА,
юрист.