Norma.uz

Муқобил энергия: қонун ишлаб чиқилмоқда

Мамлакатимизда муқобил, яъни қуёш, шамол, биогаз энергиясидан фойдаланиш кўламининг тобора кенгайиб бораётгани иқтисодиётимизнинг изчил ривожланишини таъминлаш, энергия таъминотининг барқарорлиги, аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг ошиши, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

Бу борада Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 1 мартда қабул қилинган “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур йўналишдаги кенг қамровли тадқиқот ишларида муҳим омил бўлаётир.

Пойтахтимизда Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлар гуруҳи ҳамда Экоҳаракатнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида “Қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш: қонунчилик асослари ва миллий тажриба” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида шулар ҳақида гап борди.

Ўзбекистон экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси С.Сангинов  ва бошқалар мамлакатимизда муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасида соҳа изчил ривожланаётганини таъкидлади. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан, аввало, қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳасида илмий ва экспериментал тадқиқотлар олиб бориш борасида салмоқли тажриба тўпланди.   Фанлар академиясининг “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида ўтказилаётган тадқиқотлар жаҳон миқёсида ҳам эътирофга сазовор бўлаётир.

Давлатимиз раҳбарининг номи қайд этилган Фармонига мувофиқ муқобил энергия соҳасининг тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга   илмий потенциални янада ривожлантириш мақсадида “Физика-Қуёш” ИИЧБ негизида Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия институтлари иштирокида Тошкент шаҳрида Халқаро қуёш энергияси институти ташкил қилиниб, мазкур йўналишда кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳага оид қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш,  муқобил энергия манбалари ишлаб чиқарувчилари ҳамда фойдаланувчиларига солиқ ва божхона имтиёзлари бериш юзасидан қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда соҳанинг жадал ривожланиши учун “Муқобил энергия манбалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилмоқда.

Қайта тикланувчи энергия турларидан фойдаланиш ва уларни жойларда жорий этиш Экоҳаракатнинг асосий фаолият йўналишларидан бири бўлиб, 2009-2013 йиллар мобайнида мамлакатимиз ва халқаро жамғармалар грантлари ҳисобига экологик беқарор ҳудудларда, жумладан, Оролбўйида 10 дан ортиқ қайта тикланувчи энергия қурилмалари ўрнатилди. Хусусан, парламент қуйи палатаси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грантлари ёрдамида Жиззах вилоятининг Фориш туманида фермерларнинг мазкур йўналишда назарий билим ва амалий кўникмаларини бойитиш учун ўқув марказига асос солинди.  Жорий йилда мазкур фонднинг гранти асосида “Қуйи Амударё”­ давлат биосфера резервати ҳудудида қуёш фонари ўрнатилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг маҳаллий жамғармаси гранти асосида қайта тикланувчи энергия манбаларининг ресурс маркази ташкил қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда бу йўналишда олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш ва кўламини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда соҳани ривожлантиришнинг Миллий стратегиясини ишлаб чиқиш, махсус давлат дастурлари яратиш, таълим масканларида малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш   ҳақида  фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

ЎзА материали

асосида тайёрланди.

Прочитано: 2851 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика