Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 35 / 1 сентябрь – Ўзбекистон мустақиллиги куни

Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 22 йиллигига бағишланган байрам тантанаси бўлиб ўтди.

 

2013 йил, 31 август. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи, унга туташ майдон ва хиёбонлар, йўллар ва бинолар байрамона безатилган. Мусаффо осмон, гулгун шафақ, ранго-ранг байроқлар атрофга ажиб тароват бахш этган.

Соат 19.00. Байрам тантанасида ҳозир бўлганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовни қарсаклар билан кутиб оладилар.

Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг йигирма икки йиллиги билан бутун халқимизни муборакбод этади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси ижро этилади.

Майдонга ўрнатилган йирик мониторларда Президентимизнинг 1991 йил 31 август куни парламент минбарида нутқ сўзлаётган сиймоси намоён бўлади. Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини эълон қилади.

Бу сўзлар ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзусини, халқимизнинг ўзига муносиб ҳурмати ва ҳуқуқини рўёбга чиқарди.

Бу йил энг улуғ, энг азиз айёмимиз мамлакатимиз бўйлаб «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!» деган эзгу ғоя асосида нишонланмоқда. Бу шиорда истиқлолнинг мазмун-моҳияти, мустақиллик туфайли ҳис этганимиз инжа туйғулар ўз аксини топган.

...Даврага болалар чиқиб келади. Уларнинг шўх-шодон кулгулари, қувноқ рақс ва қўшиқларидан диллар яйрайди.

Бугун Ўзбекистон 130 дан ортиқ давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатган. Тошкентда 45 мамлакатнинг элчихонаси, йигирмага яқин халқаро ташкилот ва молиявий муассаса ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Хорижий давлатларда, халқаро ташкилотлар ҳузурида Ўзбекистоннинг 46 дипломатик ва консуллик ваколатхоналари очилган. Мамлакатимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом конференцияси ташкилоти каби нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмаларга аъзо.

Ўзбекистон халқаро муносабатларда асосли ва эзгу ташаббуслари билан жаҳон оммаси ҳурматини қозонмоқда. Дунё миқёсида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, гуманитар-маданий ҳамкорликни ривожлантириш, экологик муаммоларнинг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлари самарасида мамлакатимизнинг жаҳон сиёсат майдонидаги обрў-эътибори ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.

«Бу Ватан сенингдир». Қалбларга ҳаяжон солувчи, Ватанга дахлдорлик туйғуларини уйғотувчи ушбу қўшиқ садолари остида майдонга озодлигимиз ва тинчлигимизнинг мустаҳкам қалқонлари бўлган ҳарбийларимиз кириб келади. 

Тинчлик – тараққиёт ва фаровонликнинг энг муҳим омили. Мамлакатимизда ана шу омилнинг доим барқарорлиги туфайли барча соҳаларда улкан ютуқ ва марраларга эришилмоқда. Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг «ўзбек модели»нинг изчил амалга оширилаётгани самарасида мамлакатимиз иқтисодиёти 3,5 баробардан зиёд ўсди.

Бундай юксак натижаларга эришишда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, имтиёз ва преференциялар бериш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар муҳим омил бўлмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик аҳолини сифатли товарлар билан таъминлаш, экспорт таркибида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни кўпайтириш, замонавий хизмат кўрсатиш, янги иш ўринларини яратиш ва шу асосда аҳоли даромади ҳамда фаровонлигини оширишда етакчи кучга айланиб бораётир.

Ҳозирги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 54 фоизи, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 22 фоизи ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 98 фоизи айнан шу соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда.

Қишлоқ хўжалигида янги мулкчилик шакллари жорий этилгани, фермерлик ҳаракатига кенг йўл очилгани, энг муҳими, меҳнатга муносабатнинг ўзгаргани самарасида Ўзбекистон қисқа вақтда ғалла мустақиллигига эришди.

Жорий мавсумда деҳқонларимиз 7 миллион 610 минг тоннадан зиёд юксак хирмон бунёд этди. Бу рақамни 90-йиллардаги ҳолат билан қиёслаганда ҳосилдорлик 3 каррадан кўпроқ ошгани, умумий ҳосил 7 баробардан зиёд кўпайгани аён бўлади. Мустақилликкача дон ва ун таъминоти бўйича бошқаларга қарам бўлиб келган халқимиз айни пайтда ўз эҳтиёжини таъминлаш билан бирга хорижий давлатларга дон экспорт қилмоқда.

...Оҳанглари эзгулик нишоналари бўлиб, байрам саҳнасида мумтоз санъатимиз дурдоналари янграйди...

Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади. Ўз тарихи, анъаналари ва қадриятларига эга бўлган ва уни қадрлаган миллат теран илдизларидан қувват олади, юксалади, тараққий этади.

«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, «Асрлар садоси» анъанавий маданият фестивали ана шу бой маънавий меросимизни кенг тарғиб этиш, санъатнинг турли йўналишларида фаолият кўрсатаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётир.

Президентимиз таклифига биноан 2013 йил мамлакатимизда Обод турмуш йили, деб эълон қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси асосида пойтахтимизнинг Алишер Навоий кўчасида бунёд этилган кўп қаватли замонавий уйлар фойдаланишга топширилди. Бу шаҳарнинг меъморий қиёфасини янгилаб, бошқа иншоотлар билан уйғунлик касб этди. Пойтахтимизни замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида режали ривожлантиришга қаратилган бундай изчил ишлар самарасида Тошкент дунёдаги экологик жиҳатдан тоза ва кўркам қиёфага эга етакчи пойтахт шаҳарлар қаторидан жой олди. 2012 йилда Буюк Британиянинг нуфузли Economist Intelligence Unit (EIU) компанияси эълон қилган рейтингда Тошкент дунёнинг яшаш қулай бўлган шаҳарлари орасида қайд этилгани бунинг далилидир.

«Обод турмуш йили» Давлат дастури доирасида 10 мингта якка тартибдаги замонавий уй-жой барпо этилмоқда. Мустақиллик байрами арафасида кўплаб ана шундай уйлар ўз эгаларига топширилди.

...Байрам тантанаси янада қизийди. Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар ва рақсларда яшаш завқи, ёш авлод қалби ва тафаккурида жўш ураётган бунёдкорлик иштиёқи, шу заминда туғилиб камол топиш бахтидан масрурлик ҳислари жўш уради...

Майдон узра таралаётган куй ва алёрларда мустақиллик, тинч ва осойишта ҳаёт улуғланади, эркин ва обод Ватанга фарзандлик меҳри, шукроналик ва миннатдорлик туйғуси билан йўғрилган, севги, садоқат ва дўстликни мадҳ этувчи қўшиқлар жозибали рақсларга уланади.   

Самода ранг-баранг мушак­лар жило сочади. Ёғдуларга боқиб қалбларимиздаги ҳаяжон тошади. Қалблардаги эзгу ниятлар тилга кўчади:

– Мустақиллигинг абадий бўлсин, жонажон Ватаним!

– Улуғ тўйинг муборак бўлсин, буюк ва муқаддас Ватаним – мустақил Ўзбекистон!  

  ЎзА материали асосида тайёрланди. 

 

Прочитано: 3984 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика