МЧЖ Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-банди бўйича пенсия ёшига етганлиги муносабати билан ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган пенсионерни ишдан бўшатиши ва айни шу лавозимга бошқа пенсионерни қабул қилиши мумкинми?
Е.Жориев,
МЧЖ директори.
– Фикримизча, МК 100-моддаси иккинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун асос пенсия ёшига етган шахсларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш имконияти манфаатларини кўзлаган ҳолда белгиланган. Шу сабабли пенсия ёшига етганлиги муносабати билан ишдан бўшатилган шахснинг ўрнига бошқа пенсионерни ишга қабул қилиш, ҳеч бўлмаганда, мантиққа зид бўлиб кўринади. Шундай экан, аввалги пенсионер ходим билан меҳнат шартномасини нима учун бекор қилдингиз!
Албатта, сиз ишдан бўшатилган пенсионерларнинг ўрнига бошқа пенсионерларни ҳам ишга қабул қила оласиз – қонун ҳужжатлари буни тақиқламайди. Бироқ четдан ушбу вазият ёқмай қолган ходимдан очиқдан-очиқ халос бўлиш бўлиб кўринади. Масалани судда кўрганда ҳам иш берувчининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишининг асосли бўлганлигини исботлашга тўғри келади.
Ленара ХИКМАТОВА,
юрист.